Жисмоний шахс-резидент ўзининг кўчмас мулкини сотмоқчи. Кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромад – бу жисмоний шахснинг мулкий даромадидир (СК 375-м.). Бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Мазкур ҳолда ЖШДСни қандай ҳисоблаб чиқариш ва тўлашни
buxgalter.uz илтимосига биноан «Norma» компанияси эксперти
Дилором САИДОВА тушунтирди.
Қандай солиқларни тўлаш зарур
– Жисмоний шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромадларга:
● ЖШДС солинади;
● ижтимоий солиқ солинмайди (СК 403-м.).
Уларга ШЖБПҲ ҳисобланмайди.
Даромад қандай аниқланади?
Кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромад уни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади.
Олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар – мавжуд бўлмаса, кадастр қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ даромад деб эътироф этилади (СК 375-м. 4-б.).
Уй-жой фонди кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини аниқлаш Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг, турар жой фондининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомга (30.12.2017 йилдаги 1043-сон ВМҚга 1-илова) мувофиқ амалга оширилади. Ҳисоблаш ишлари «Давергеодезкадастр» қўмитаси органлари томонидан маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда амалга оширилади (Низомнинг 3-б.).
Агар сотиб олувчи жисмоний шахс бўлса, солиқни ким тўлайди?
Агар сотиб олувчи – жисмоний шахс бўлса, солиқ тўлаш бўйича мажбурият жисмоний шахс – сотувчининг зиммасига юкланади.
ЖШДС йиллик жами даромади тўғрисида декларация асосида ҳисоблаб чиқарилади. Кўчмас мулк сотувчиси декларацияни доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этади, ҳисоблаб чиқарилган солиқни эса қўчмас мулк сотилган йилдан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлайди (СК 381-м. 1-қ., 397-м. 1-қ., 398-м. 1-қ.).
Қачон ЖШДСни тўлаш керак эмас
Жисмоний шахс камида 3 йил ўзининг мулкида бўлган турар жой биноларини сотишда солиқ тўламайди (СК 378-м. 7-қ.).
МИСОЛ. Жисмоний шахс бошқа жисмоний шахсга квартирани сотади
Жисмоний шахс ўзига мулк ҳуқуқида тегишли бўлган квартирани бошқа жисмоний шахсга сотади. Битимнинг қиймати – 190 млн сўм. Квартира 10 йил олдин ҳадя тариқасида олинган. Квартиранинг кадастр қиймати – 166 млн сўм.
Мазкур вазиятда квартирани сотишдан олинган даромад 24 млн сўмга (190 – 166) тенг.
Квартира эгасига 3 йилдан ортиқ муддат тегишли эканлиги боис, сотишда ЖШДС тўланмайди.
Агар сотиб олувчи – юридик шахс бўлса
Агар жисмоний шахснинг кўчмас мулкини корхона сотиб олса, у солиқ агентига айланади (СК 387-м. 1-қ., 3-б.) ва жисмоний шахсга даромад тўлаш чоғида ЖШДСни ушлаб қолади.
Ўзбекистон резиденти бўлган жисмоний шахсдан кўчмас мулкни солиб олишда солиқни ушлаб қолиш мажбурияти даромад тўлайдиган қуйидаги шахсларнинг зиммасига юклатилади (СК 386-м. 1-қ.):
Ўзбекистоннинг юридик шахсларига;
● якка тартибдаги тадбиркорларга;
● Ўзбекистонда фаолиятини ДМ орқали амалга оширадиган Ўзбекистоннинг норезиденти бўлган юридик шахсларга;
● Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахсларнинг ваколатхоналарига;
● мол-мулкини ишончли бошқаришни амалга оширувчи ишончли бошқарувчига.
МИСОЛ. Юридик шахс жисмоний шахсдан яшаш учун мўлжалланмаган бино сотиб олди
Ўзбекистоннинг юридик шахси жисмоний шахсдан 360 млн сўмга жисмоний шахснинг ўзи томонидан 1 йил олдин 250 млн сўмга сотиб олинган нотурар жой бинони сотиб олди.
Жисмоний шахснинг реализация қилишдан олган даромади солиқ солиш мақсадларида 110 млн сўмни (360-250) ташкил этди.
Солиқ суммаси 13,2 млн сўмга (110 х 12%) тенг.
Юридик шахс солиқ агенти сифатида жисмоний шахсга даромад тўлаш чоғида солиқ суммасини ушлаб қолиши ва жисмоний шахсга 346,8 млн сўм (360 – 13,2) тўлаши керак.
Солиқ суммаси жисмоний шахсга даромад тўлаш билан бир вақтда бюджетга ўтказилади.