Солиқ органи сиз билан «талабнома» орқали мулоқот қилиши камерал текширув қоидаларида назарда тутилган. У фаолиятингизга салбий таъсир кўрсатмай, тезкор тузатиш киритишга йўналтирилган. Инспекторлар корхонангиз камерал текширувдан ўтказилаётгани ҳақида сизни хабардор қилишга мажбур эмаслар. Уни ўтказиш учун прокуратура органларининг розилигини олишга ҳам.
Инспекторга зарур ахборот ёки ҳужжатларни тақдим этиш кераклиги ҳақида ёзма талабнома олгандагина камерал текширувдан ўтказилаётганингиз ҳақида хабар топасиз. Уларни қанча ҳажмда талаб қилиб олишлари мумкин? Ҳаддан ортиқ талабномалар юборилганидан норози бўлиб шикоят аризаси бериш мумкинми? «Norma» компанияси экспертлари бу масалага ойдинлик киритишга уринди.
– Камерал текширув доирасида солиқ ҳисоботидаги кўрсаткичлар ва маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқлаш учун инспекторлар қуйидагиларга ҳақлилар:
● текширилаётган корхонадан ҳужжатлар ва ахборотни талаб қилиб олиш (Низом 11-б., АВ рақами 3236, 29.05.2020 й.);
● текширилаётган корхона контрагентларидан ҳужжатлар ва ахборотни талаб қилиб олиш (Низом 14-б.);
● солиқ тўловчининг раҳбари, бош бухгалтери ёки вакилини инспекцияга чақириш;
● ҳудуд, асбоб-ускуналар ва ишлаб чиқариш қувватларини кўздан кечиришлари (Низом 4-б.);
● гувоҳларни сўроқ қилишлари (Низом 24-б.);
● текширувга экспертлар, мутахассислар ва таржимонларни жалб этишлари мумкин (Низом 24-б.).
Текширилаётган корхонадан ҳужжатларни талаб қилиб олиш
Корхонангиз манзилига лозим даражада расмийлаштирилган ҳужжатларни олиш тўғрисида сўровнома келиб тушган бўлса, қуйидагиларни солиқ инспекциясига йўллашингиз шарт:
1) бирламчи ҳужжатларни, бухгалтерия ҳисоби регистрларини ҳамда солиқларни ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлган бошқа ҳисоб ҳужжатларини;
2) тақдим этилган солиқ ҳисоботи ва ҳисоб ҳужжатларига доир тушунтиришларни;
3) солиқларни ва (ёки) йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотларни (Низом 11-б.).
Сўровнома, одатда, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади (Низом 12-б.) ва солиқ органининг бошлиғи ёки бошлиқ ўринбосари томонидан имзоланган бўлиши керак.
Сўралаётган ҳужжатлар ҳажми катта бўлиб, уларни тўплашга жисмонан улгурмаётган бўлсангиз, сўровнома олинган кундан эътиборан кейинги кун давомида солиқ органига зарур ҳужжатларни тайёрлаш муддатини узайтиришни сўраб ариза жўнатинг (Низом 13-б.). Унда уларни беш кун ичида тақдим этишга улгурмаётганингиз сабабини аниқ қилиб тушунтиринг, шунингдек сизга қанча вақт зарур бўлишини кўрсатинг.
– Солиқ инспекциясидан сўровнома келиб тушди, шунда корхона камерал текширувдан ўтказилаётганини билдик. Бунинг учун солиқчилар 3 йил учун топширилган солиқ ҳисоботларига доир барча ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилмоқдалар. Улар бунчалик катта ҳажмдаги ҳужжатларни талаб қилиб олишга ҳақлими?
– Ҳа, инспекторлар катта ҳажмдаги ҳужжатларни талаб қилиб олишга ҳақли, сабаби қонунчилик нуқтаи назаридан солиқ органи учун сўраб олинадиган ҳужжатлар миқдори чекланмаган. Асосийси, улар қуйидагиларга тааллуқли бўлиши лозим:
а) солиқларни ёки йиғимларни ҳисоблаб чиқаришга;
б) даъво муддати ўтмаган даврга (Низом 3-б.).
Бироқ амалиётда текширувчилар суиистеъмолчиликларга йўл қўядиган ҳолатлар учраб туради. Бундай ҳолларда уларнинг талабларига кўр-кўрона бўйсунмаслик керак.
Солиқ органи оддий мантиқни писанд қилмаган тақдирда
Ўзбекистон амалиётида солиқ органи оддий мантиқни писанд қилмаслигига оид ёрқин мисол учрамаган. Бошқа томондан, янгиланган солиқ қонунчилиги бўсағасида турибмиз. Россия Федерациясидаги ҳамкасбларимиз жуда қизиқарли ахборотни биз билан баҳам кўрдилар, шундай воқеа рўй берганига одамнинг ишонгиси ҳам келмайди.
Солиқ инспекцияси текширув давомида солиқ тўловчидан умумий ҳажми қарийб 6,26 млн варақдан иборат ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этишни талаб қилган. Уларни тайёрлаш учун 10 кун муддат берган. Солиқчилар тайёрлаш муддатини узайтиришдан ёки ҳужжатларни солиқ тўловчининг офисида кўриб чиқишдан бош тортганлар.
Солиқ тўловчи оддий мантиққа таянган ва математикани қўллашга мажбур бўлган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра:
● талаб қилинаётган ҳажмдаги ҳужжатларни тайёрлаш учун 100 та нусха кўчириш ускунаси керак бўлади;
● техник регламентга кўра битта ускунага тушадиган энг кўп юклама бир ойда 30 000 варақни ташкил этишини ҳисобга олсак, ушбу ускуналар 2 ой тинмай ишлаши керак;
● нусха кўчирадиганларнинг иш ҳақи, ускуналарнинг амортизацияси ва электр энергияси учун харажатларни ҳисобга олмаганда, фақат қоғоз ва картрижлар қийматини ҳисобга олганда талаб қилинган нусхалар 3,2 млн рублга тушади;
● нусхаларнинг оғирлиги қарийб 30 тоннани ташкил этади;
● уларни етказиб бериш учун 20 та ГАЗель керак бўлади;
● ҳужжатларни юклаб ортиш-тушириш учун камида 26 та юк ташувчини ёллашга тўғри келади.
Шу билан иш битади, деб ўйлайсизми? Йўқ, буёғи янада қизиқарли тус олади… РФ Меҳнат кодекси нормаларига ва солиқчиларнинг лавозим йўриқномаларига мувофиқ, барча ҳужжатларни ўрганиб чиқиш учун мазкур текширувни ўтказишга ваколатли бўлган тўртта инспектор 1 950 иш куни давомида 8 соатлаб узлуксиз ишлашига тўғри келади (бир йилни 250 иш кунидан иборат дея яхлитлаб олсак, бунга қарийб 8 йил вақт керак бўлади). Бу эса текширув ўтказиш учун ажратилган муддатдан солиштириб бўлмайдиган даражада кўп демакдир.
Вазиятни таҳлил қилган солиқ тўловчи инспекторларнинг талабларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб ариза билан судга мурожаат қилган. Биринчи инстанция ва апелляция бирин-кетин ариза берувчининг талабларини қаноатлантирган – бундай ҳажмдаги ҳужжатларнинг сўралишини ҳақиқий эмас деб топган. Солиқчилар кассация шикояти берганлар, бироқ юқори турувчи суд ҳам солиқ тўловчига бундай талаб қўйишни қонуний деб топмаган.
Судьялар солиқ органлари назорат функцияларини бажариш чоғида тадбиркорлик фаолияти эркинлигини, бундай чеклов адекват, адолатли ва мутаносиб бўлган тақдирдагина чеклашлари мумкин дея аниқлик киритганлар.
Мазкур ҳолатда эса солиқчилар ўзлари ўрганиб чиқишга улгурмайдиган ҳужжатларни қисқа муддат ичида тайёрлаш мажбуриятини солиқ тўловчининг зиммасига юклаб, бундай чекловларни бузганлари аниқ.
Ниҳоят, солиқчиларнинг текширув учун «ортиқча» ҳужжатларни тақдим этиш бўйича талабларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган.
Ўзбекистонда бундай мисоллар ҳозирча учрамади, бироқ солиқ тўловчилар бундай вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини билиб қўйганлари маъқул: улар солиқ органининг талабларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб ариза билан судга мурожаат қилишлари мумкин. Келтирилган мисолда солиқ тўловчи қандай қилган бўлса, худди шундай тарзда аризани аниқ ва кўргазмали мисоллар билан асослаш лозим.
Элеонора МАЗУРОВА, адвокат,
Альберт САФИН, юрист,
«Norma» МЧЖ экспертлари.