Амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти изчил юксалиб, «Made in Uzbekistan» ёрлиғи туширилган маҳсулотлар жаҳон бозорида тобора кенг ўрин эгаллаб бормоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг экспорт географияси билан бир қаторда, экспорт ассортименти ҳам кенгайиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Тадбиркорлар озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж моллари, қурилиш материаллари, кийим-кечак, ип-калава сингари ўнлаб турдаги товарлари билан ташқи бозорларга чиқмоқда.
Президентимиз бир чиқишида «Фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва қатъий интилиш – тараққиёт ва фаровонлик омилидир» деб таъкидлаган эди. Тошкент шаҳридаги «Global Textile Solutions» корхонаси бу гаплар ҳақиқатини ўз фаолиятида топди. Трикотаж ва тўқув учун юқори сифатли ип маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада ҳозирда 300 дан ортиқ иш ўринлари яратилган. Корхонанинг асосий мақсади – профессионал кадрлар тайёрлаш, юқори технология ютуқларига таянган ҳолда юқори сифатли ип маҳсулотлари ишлаб чиқаришда сўзсиз етакчиликни эгаллаш.
Корхонада бир кунда 15 тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқарилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 5 минг тоннадан ортиқни ташкил этади. Корхона ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда республикамизнинг серқуёш минтақаларида етиштирилган сифатли пахтадан фойдаланади. Корхона лабораториясида Швейцария давлатининг «USTER» номли замонавий технологиялари ўрнатилган. Етиштирилган пахта маҳсулотлари ишлаб чиқариш майдонига киришидан олдин мазкур лабораторияда текширувдан ўтказилади.
Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 80 фоизи Туркия, Хитой, Россия, Шарқий ва Жануби-Ғарбий Европа, шунингдек Шимолий Африка мамлакатларига экспорт қилинади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида корхона томонидан 7,2 млн долларлик 3 минг тоннадан ортиқ маҳсулот экспорт қилинган.