Чакана дорихона умумбелгиланган солиқларни тўлайди. Дори воситаларидан ташқари, ҚҚС солинадиган халқ истеъмоли товарлар ҳам реализация қилинади.
Бундай чакана савдо қилувчи дорихона учун ҚҚС ҳисоб-китобини жўнатиш бўйича йўриқнома мавжудми?
– Дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС тўлашдан озод этилган (СК 243-м. 1-қ. 13-б.). Имтиёз мавжуд бўлса, корхона ҚҚСдан озод этиш бўйича имтиёзни қўллаши шарт (СК 75-м. 6-қ.).
Бироқ дорихона товарларни реализация қилади, уларни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод этилмайди. Бунда ҚҚС ҳисобланади ва харидорлардан ундирилади.
Корхонада солиқ солинадиган ва ҚҚСдан озод этиладиган айланмалар мавжуд бўлса, солиқ солинадиган айланмага тўғри келадиган ҚҚС суммаси ҳисобга қабул қилинади. Ҳисобга олиниши лозим бўлган сумма корхонанинг танловига кўра алоҳида ва (ёки) мутаносиб усул бўйича аниқланади (СК 268-м. 1, 2-қ.). Қўлланиладиган усул корхонанинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилади.
Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобини шакллантириш ва жўнатиш бўйича йўриқнома (1-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилдан 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) чакана савдо қилувчи дорихоналар учун мавжуд эмас. Ҳисоб-китоб солиқ солинадиган ва солинмайдиган айланмалар, шунингдек ҳисоб сиёсати билан тасдиқланган усул билан ҚҚСни ҳисобга олиш кўрсатилган ҳолда топширилади. Солиқ солинадиган айланма бўйича ҚҚС тўланади.