Иқтисодиётнинг асосий сектори бўлмиш тадбиркор ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари, божхона хизмати полковниги М.Солиев бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида бўлиб, қатор корхона ва ташкилотларнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.
«Ургут» ЭИЗда фаолият олиб бораётган «Sam Elektro Servis» Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси йирик экспортчи хўжаликлардан бири. Корхона йилига 260 мингта электрдуховка, 100 мингта газ плита ва 100 мингта дудбурон ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирда корхонада 200 нафарга яқин ходим 2 сменада узлуксиз фаолият олиб бормоқда.
Маҳсулотларнинг 40 фоизи экспортга йўналтирилган бўлиб, улар асосан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон каби давлатларга етказиб берилаётир. Корхона раҳбари С.Азимов ўз суҳбатида божхона расмийлаштируви юзасидан муаммолар йўқлигини таъкидлади.
Маълумки, Самарқанд гиламлари сифати ва ўзига хос бичими билан дунё бозорида харидоргирлиги билан ажралиб туради. Ҳозирда эркин иқтисодий зонада фаолият олиб бораётган «YEC Gilam» МЧЖ корхонасида ишлаб чиқарилаётган гиламларга талабнинг юқорилиги ҳам фикримизга далил бўла олади. Ишчи гуруҳ корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди: бугунги кунда корхона томонидан қиймати 528,2 минг АҚШ долларилик 256 тоннага тенг гилам ва гилам маҳсулотлари МДҲ давлатларига экспорт қилинган. Учрашувда корхона раҳбари А.Салоҳиддинов божхона расмийлаштируви жараёнида ҳеч қандай қийинчиликлар юзага келмаётгани, аксинча, божхона ходимлари томонидан экспорт операциялари тўхтовсиз 24 соат мобайнида соддалаштирилган тартибда амалга оширилаётганини мамнуният билан эътироф этди.
Шу билан бирга Ишчи гуруҳ «Urgut Mikro Metal», «UR Jeans», «Grand Fayz Baraka», «Agro Dry Fruits», «Oxalik Oltin Bog'i Mevasi» ва «Zarafshon Tekstil» МЧЖ каби ўнлаб корхоналарга ҳам ташриф буюрди. Ташриф мобайнида корхоналар томонидан ишлаб чиқариш жараёнида учраётган баъзи муаммолар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Жумладан, тадбиркорлик субъектлари сўраётган мавзуларнинг аксарият қисми банк-кредит ҳамда мувофиқлик сертификатини олиш билан боғлиқ жараёнлар, дебитор қарздорликнинг ундирилиши муддатини узайтириш, хорижий ҳамкорлар билан савдо ҳажмларини тиклаш ва шартномалар тузишда амалий ёрдам кўрсатиш каби масалалар кўтарилди. Билдирилган фикр-мулоҳазалар ўрганилиб, ишлаб чиқиладиган таклифларни ДБҚга юбориш бўйича Самарқанд вилояти божхона бошқармаси раҳбариятига топшириқлар берилди.
Ишчи гуруҳ ташрифидан мамнун бўлган «Ургут» ЭИЗ дирекцияси раҳбари ўринбосари Ғ.Мадаров корхоналар томонидан кўтарилган масалаларнинг ижобий ечим топишида яқиндан кўмак бераётган ва мунтазам равишда соҳада олиб бирилаётган ўзгаришлар билан тушунтириш ишлари олиб борилиши изчил йўлга қўйилганлигини айтиб ўтиб, кўрсатилаётган амалий ёрдамлари учун божхона ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди.