Туристик фирма айланмадан олинадиган солиқни тўлайди. Бинодан офис сифатида бепул фойдаланишга ссуда шартномаси тузилган. Бино эгаси жисмоний шахс ҳисобланади. Ижара ҳақининг энг кам ставкасидан ҳисобланган даромад юзага келади (бир кв.м учун 25 000 сўм). Президентнинг 20.07.2020 йилдаги ПФ-6029-сон Фармони билан 1.07.2020 йилдан бошлаб мол-мулкни (бино ва автомобиль транспортини) ижарага берадиган жисмоний шахслар учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади.
Мазкур ҳолатда туристик фирма айланмадан олинадиган солиқни тўлаши лозимми?
– Ушбу масала бўйича экспертларнинг 2 хил қарама-қарши фикрлари мавжуд.
1 |
Улардан бирига мувофиқ офис биносидан бепул фойдаланишда корхонада бундай фойдаланишнинг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланадиган даромад юзага келади (СК 299-м. 2-қ.). Амалиётда жисмоний шахсга тегишли бўлган кўчмас мулкдан бепул фойдаланишда бозор қиймати мол-мулкни ижарага берадиган жисмоний шахслар учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.
Президентнинг 20.07.2020 йилдаги ПФ-6029-сон Фармони билан 1.07.2020 йилдан 31.12.2020 йилгача солиқ солиш мақсадларида мол-мулкни (бино ва автомобиль транспортини) ижарага берадиган жисмоний шахслар учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади. Бироқ бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда мол-мулкдан бепул фойдаланишга солиқ солиш бекор қилинмаган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиққан ҳолда корхона хизматларни бепул олишдан даромадларга айланмадан олинадиган солиқни солишда ва бозор қиймати бўйича даромадни ҳисоблашда давом этади.
2 |
Бошқа эксперт фикри шундан иборатки, ПФ-6029-сон Фармонга мувофиқ 1.07.2020 йилдан 31.12.2020 йилгача фойда солиғи ва (ёки) айланмадан олинадиган солиқни солиш мақсадларида мол-мулкни (бино ва автомобиль транспортини) ижарага берадиган жисмоний шахслар учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади. Шу боис жисмоний шахслар 2020 йил 1 июлдан 31 декабргача бўлган даврда кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича ЖШДС тўлашдан тўлиқ озод этилади (ПФ-6029-сон Фармоннинг 1-банди). Шу боис ЖШДС солиш мақсадларида ижара ҳақининг энг кам ставкаларини қўллаш тартибининг тўхтатиб турилиши хеч қандай маънога эга эмас.
Жисмоний шахсга тегишли бўлган кўчмас мулкдан бепул фойдаланилганда, солиқ солинадиган даромад мол-мулкни (бино ва автомобиль транспортини) ижарага берадиган жисмоний шахслар учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади, бундай ставкаларнинг қўлланилиши ПФ-6029-сон Фармон билан тўхтатилган. Бинобарин, энг кам ставкаларнинг қўлланилиши тўхтатиб турилганлиги боис кўчмас мулкдан бепул фойдаланишга айланмадан олинадиган солиқ ва (ёки) фойда солиғи солинмаслиги лозим.
Ушбу масала низоли бўлганлиги сабабли Молия вазирлиги ёки ДСҚга мурожаат қилишни тавсия этамиз.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.