Хорижий корхонанинг (МЧЖ) асосий фаолият тури ЎзР ҳудудида халқаро кўргазмаларни ўтказишдан иборат. Кўргазмаларнинг асосий иштирокчилари – хорижий компаниялар. Улардан тўловни хорижий валютада оламиз. Бундай шартномалар бўйича даромадлар умумий тушумнинг 15%идан ортиқни ташкил этади.
Фойда солиғи бўйича ноль даражали ставкани қўллаш тўғрими?
Президентнинг 26.03.2012 цилдаги ПҚ-1731-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш қисмида 19.06.2020 йилдаги ПФ-6011-сон Фармони қабул қилиниши муносабати билан ноль даражали ставка қўлланилиши 1.102020 йилдан бошлаб ўзгарадими?
– Президентнинг «Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (26.03.2012 йилдаги ПҚ-1731-сон) илова 2020 йил 1 октябрдан ўз кучини йўқотади, унда экспорт қилувчи корхоналар учун солиқ имтиёзлари ва преференциялари санаб ўтилган (19.06.2020 йилдаги ПФ-6011-сон Фармонга 1-илова 10-банди). Бу экспорт қилувчи корхоналар Солиқ кодекси билан тақдим этиладиган имтиёзлардан фойдаланишини, уларнинг шартномалари эса бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берган тақдирда экспорт шартномаларига тенглаштирилишини англатади:
● хорижий валютада тузилган;
● норезидентлар билан тузилган;
● тўғридан-тўғри шартномалар;
● ЎзР ҳудудида хизматлар кўрсатиш;
● воситачи орқали эмас, балки ўз сай-ҳаракатлари билан хизматлар кўрсатиш (ПҚ-1731-сон қарорнинг 5-банди).
Сизнинг ҳолатда барча кўрсатиб ўтилган шартларга риоя этилган – шартнома экспорт шартномага тенглаштирилади.
Экспортга хизматларни реализация қилишдан олинган фойдага қуйидаги ҳолатларда 0% ставкаси бўйича фойда солиғи солинади (СК 337-м. 1-қ. 6-б.):
● экспортдан олинган даромадлар ялпи даромаднинг 15%ини ташкил этганда (СК 337-м. 8-қ.);
● хорижий валютадаги тўлов хизматлар кўрсатилган кундан бошлаб 180 кундан кечиктирмай келиб тушганда (СК 337-м. 10-қ.).
Фойда солиғи бўйича турли ставкаларни (15% ва 0%) қўллаганлигингиз сабабли, даромадлар ва харажатларнинг алоҳида ҳисобини юритишингиз лозим. Алоҳида ҳисоб юритиш тартиби солиқ солиш мақсадларида корхонанинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши лозим (СК 77-м. 1-қ. 3-б., 80-м.).
Маълумот учун!
Шунга ўхшаш имтиёз айланмадан олинадиган солиқни тўловчиларда мавжуд. Экспорт ва уларга тенглаштирилган шартномалар бўйича хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар, агар бундай даромадлар умумий даромаднинг 15%идан кўпроғини ташкил этса, улар солиқ солинадиган базага киритилмайди (солиқ солинмайди) (СК 464-м. 1-қ. 6-б.).
Ольга БУСАРОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.