Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 17 / Долзарб мавзу

«Бир кунлик фирмалар» тузишдан мақсад нима?

 

ёки солиқлардан қочишнинг бу усулини қонунчиликда акс эттириш ва улар учун жавобгарлик белгилаш вақти келди

 

Бозор муносабатлари инсофли тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш билан бирга иқтисодий соҳадаги қонунга хилоф ҳаракатларга қарши курашишни ҳам тақозо қилади. Жумладан, «хуфиёна иқтисодиёт»нинг шаклланиш механизмларини қайта кўриб чиқиш, солиқдан қочиш билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш бўйича тизимли ишларни кучайтириш зарур.

 

 

Одатда жиноят мақсади доим бир хил бўлади, аммо унинг шакли ўзгариб туради. Масалан, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида «Бир кунлик фирмалар» фаолияти ривожлана бошлади. Хусусан, муайян бир битим (операция) учун ташкил этилган, тадбиркорликнинг аниқ мақсадлари мавжуд бўлмаган ҳамда ушбу битим натижасида солиқдан қочишга мўлжалланган жамият ‒ «Бир кунлик фирмалар» ҳисобланади.

Қайд этиш лозимки, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда «бир кунлик фирмалар»га таъриф берилмаган.

Шундай бўлса-да, қонунга хилоф ҳаракатлар, давлат ва жамият манфаатига етказилган зарар учун сўзсиз жазо муқаррар. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддасига асосан солиқ олинадиган фойдани (даромадни) ёки бошқа объектларни қасддан яшириш (камайтириб кўрсатиш) ёхуд солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашдан қасддан бўйин товлаш билан боғлиқ қилмиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида жарима олинади.

Жиноят кодексининг 184-моддасига асосан солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятларга оғирлигига қараб базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 дан 600 бараваригача жарималар, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо турлари назарда тутилган.

Мазкур соҳада хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятлар жавобгарлиги бўйича турли хил қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Улар орасида «бир кунлик фирмалар»га ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, Германияда «Бир кунлик фирмалар» билан курашишда ишончли ташкилотларнинг «Савдо реестри» тузилган. «Савдо реестри»га киритилмаган жамият билан битим тузиш банк ва солиқ органларида шубҳали операция, деб тан олинади ва уни ўрганиш учун асос ҳисобланади. Швеция ва Янги Зеландияда эса ишончли ва шубҳали корхоналар бўйича «оқ» ва «кулранг» рўйхатлар юритилади.

Швейцарияда «Бир кунлик фирмалар» билан курашишда «Солиқ тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасига асосан солиқ органлари битим бўйича ёки бошқа шубҳа туғдирадиган маълумотлар пайдо бўлганда контрагент (иккинчи тараф) жамиятнинг жойлашган манзилини, ишчилари мавжудлигини, уларнинг сонини, меҳнат шартномасини, шунингдек акциядорлар, таъсисчилар ва ижрочи раҳбарининг яшаш манзиллари тўғрисида маълумотларни сўраб олиш ҳуқуқига эга.

Швейцария ва АҚШ ўртасида «Бир кунлик фирмалар»га барҳам бериш мақсадида «Каналли ёндашув» номли келишув имзоланган. Бунда икки давлат ўртасидаги барча операциялар бўйича жамиятларнинг охирги таъсисчисигача бўлган маълумотларни олиш ҳуқуқи берилган.

Мазкур келишув Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ОЭСР) томонидан ижобий баҳоланган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда ҳам солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида ташкил этилган «Бир кунлик фирмалар»га қонунчиликда аниқ таъриф бериш вақти келди. Ушбу жамиятларни аниқлаш бўйича қўшма тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда «Инсофли тадбиркорлар реестри»ни ишлаб чиқиш натижасида ноинсоф тадбиркорлик фаолиятининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш мақсадга мувофиқ.

 

Ф.НАЗАРОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими.

ЎзА.

 

Прочитано: 1434 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2020-05-06 08:32:52, Гость_абдурауф андижондан:
Бир кунлик фирмалар бу эски вактдан буён яшаб келаётган ва шу усул билан куп даромад топадиганлар тоифаси. Бунинг учун хар бир оилага ёки хар бир ИНН га факат битта фырма ёки кичик корхона очишга рухсат этиш керак ва у вактинча ёпилгандан сунг хам тугатилмасдан шу оилани умрбод фирмаси ёки корхонаси мерос  булиб колиши керак, соликларни эса вакти вакти билан тулаб бориш мумкин.Шундагина бир кунлик фырмаларга нукта куйилади.Оддий ва самарали усул.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика