2020 йил 1 январдан бошлаб янги таҳрирдаги Солиқ кодексига мувофиқ ҳаво кемаларига бевосита ЎзР аэропортларида ва ҳаво ҳудудида кўрсатиладиган хизматларга ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади. Илгари ушбу хизматлар ҚҚСдан озод этилган эди.
1 апрелга қадар имтиёздан фойдаланишимиз шартми ёки 2020 йил 1 январдан ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллашимиз мумкинми?
– Ҳаво кемаларига хизмат кўрсатадиган солиқ тўловчи 2020 йил 1 апрелгача ҚҚСдан озод этиш тарзидаги имтиёздан фойдаланишни ёки 2020 йил бошидан ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллашни танлаш ҳуқуқига эга.
2019 йилда ва ундан олдин ҳаво кемаларига бевосита Ўзбекистон Республикаси аэропортларида ва Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудида кўрсатиладиган хизматларни, шу жумладан аэронавигация хизматини реализация қилиш айланмаси ҚҚСдан озод этилиши тарзидаги имтиёздан фойдалангансиз (2007 йилги таҳрирдаги СК 208-м. 14-б.).
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида кўрсатилган хизматларга ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солиниши белгиланган (СК 263-м. 5-б.).
2007 йилги таҳрирдаги СКда назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар 2020 йил 1 апрелга қадар амал қилади (30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 4-моддаси).
Хулоса: 2020 йилнинг I чорагида имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз – кўрсатилган хизматларга ҚҚС солинмайди. 1 апрелдан бошлаб уларга ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солиниши лозим.
Шубҳасиз, солиқ тўловчи учун ҚҚСдан озод этиш тарзидаги имтиёзга қараганда ноль даражали ҚҚС ставкаси фойдали бўлади, сабаби кирувчи ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқини беради. У ҚҚС тўловчининг аҳволини яхшилайди. Шу боис саволингиз тушунарли: 1 январданоқ ноль даражали ҚҚС ставкасидан фойдаланишни хоҳлайсиз. Мазкур ҳолатда уни 2020 йилнинг I чорагида қўллаш мумкин эдими?
2007 йилги таҳрирдаги Солиқ кодексида имтиёздан фойдаланиш ёки ундан фойдаланишни рад этишни танлаш ҳуқуқи назарда тутилган (2007 йилги таҳрирдаги СК 30-м. 3-қ., 31-м. 1-қ.). Имтиёзлардан фойдаланиш мажбурияти бўлмаган (2007 йилги таҳрирдаги СК 32-м.).
СКнинг амалдаги таҳририда янада аниқроқ кўрсатилган: солиқ тўловчилар солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ёхуд улардан фойдаланишни рад этиш ҳуқуқига эга (СК 21-м. 1-қ.). Бироқ ҚҚС тўловчилар учун чекловлар киритилган: солиқ тўловчилар солиқлар бўйича имтиёзлардан тегишли ҳуқуқий асослар юзага келган пайтдан эътиборан уларнинг бутун амал қилиш даври мобайнида фойдаланишга ёки солиқ имтиёзидан фойдаланишдан воз кечишга ёхуд ундан фойдаланишни бир ёки бир неча солиқ даврларида тўхтатиб туришга ҳақли, ҚҚСдан озод этиладиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бундан мустасно (янги таҳрирдаги СК 75-м. 6-қ.). 2007 йилги таҳрирдаги СКда бундай чеклов мавжуд эмас.
2020 йил 1 январдан солиқ тўловчи 2020 йил 1 апрелгача ҚҚСдан озод этиш тарзидаги имтиёзлар фойдаланишга ёки 2020 йил бошидан ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллашга ҳақли деб ҳисоблайман.
ҚҚСдан озод этиш тарзидаги имтиёздан фойдаланишдан воз кечиш тақиқланиши янги таҳрирдаги Солиқ кодексида келтирилган. Ушбу чеклов орқага қайтиш кучига эга эмас (СК 4-м. 2-қ.) ва 2007 йилги таҳрирдаги Солиқ кодексида назарда тутилган имтиёзларга татбиқ этилмайди.
Ольга БУСАРОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.