Корхона (МЧЖ) – ҚҚС ва фойда солиғи тўловчига мулкий ҳуқуқлар асосида 70 млн сўмлик баланс қийматига эга нотурар жой биноси тегишли ҳисобланади. 2019 йилда эскириш тўлиқ ҳисобланган. СКга (412-м. 1-қ.) мувофиқ солиқ солиш мақсадларида мол-мулк солиғини ҳисоблаш учун бозор қиймати бўйича баҳолаш ўтказилган. Жалб этилган баҳолаш компания томонидан ўтказилган баҳолашга кўра бинонинг бозор қиймати 750 млн сўмни ташкил этди. Жамият мазкур бинони ЎзР резиденти ҳисобланган муассисларидан бирига дивидендлар ҳисобига бермоқчи.
1. Жойни қайси қиймат бўйича бериш лозим: баланс (70 млн сўм), бозор (750 млн сўм) ёки шартнома қиймати бўйичами?
2. Асосий воситанинг дивидендлар ҳисобига чиқиб кетишида қандай солиқлар юзага келади? Улар қандай ҳисобланади?
3. Ушбу ҳаракатлар бухгалтерия ҳисобда қандай тартибда ва қайси ҳужжатлар асосида акс эттирилади?
– Аввало атамаларни аниқлаштириб оламиз. 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»га (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ асосий воситаларнинг қолдиқ қиймати уларнинг баланс қиймати деб аталади (0100-«Асосий воситаларни ҳисобга олувчи счётлар» айирув 0200-«Асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар»). Эскириш тўлиқ ҳисобланганлиги сабабли, сизнинг ҳолатда қолдиқ (баланс) қиймати нолга тенг бўлади. 70 млн сўм эса – бу асосий восита – нотурар жой биносининг бошланғич (тиклаш) қиймати бўлиши мумкин.
Тўлиқ амортизацияланган бинолар бўйича мол-мулк солиғи солиш мақсадларида ўтказилган қайта баҳолашни бухгалтерия ҳисоби счётларида акс эттиришингиз шарт эмас. Бухгалтерия счётларида фақат мажбурий тартибда қайта баҳолаш акс эттирилади, бинобарин, эскириш ҳам қайта баҳоланади, яъни бундай баҳолашдан кейин қолдиқ қиймат нолга тенг бўлиб қолади (СК 412-м. 1-қ. 1-б.; АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
1. Корхона асосий воситаларни бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда ёки шартнома асосида мустақил равишда белгилайдиган нарх бўйича бериши (реализация қилиши) мумкин («Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси). Фақат давлат улушига эга бўлган корхоналар томонидан кўчмас мулкни реализация қилиш чоғида мажбурий тартибда баҳолаш ўтказилиши лозим («Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси). МЧЖда давлат улуши бўлмаслиги лозим («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси).
2. Мол-мулк солиғи ва ер солиғи
Нотурар жой биноси чиқиб кетган ойдан бошлаб ушбу объектга мол-мулк солиғи ва ер солиғи ҳисобланмайди (СК 413-м. 1-қ., 427-м. 2-қ.). Бу ҳақда солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақлисиз (СК 417-м. 7-қ., 431-м. 3-қ.).
Қўшилган қиймат солиғи
Кўчмас мулкни реализация қилишда 2007 йилги таҳрирдаги СКдаги сингари ҚҚС бўйича солиқ базасини аниқлашнинг ўзига хос жиҳатлари назарда тутилмаган. Солиқ базаси битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган (бериладиган) товарларнинг (кўчмас мулкнинг) қиймати сифатида аниқланади (СК 248-м. 1-қ.).
Битимнинг нархи бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли. Ўз навбатида, солиқ тўловчи бундай қарор юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли (СК 248-м. 4-қ.).
Бозор қиймати таърифи Солиқ кодексининг VI бўлимида (СК 178, 179-м.) келтирилади, у 2022 йил 1 январдан кучга киради (30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 6-моддаси). Корхона шартнома нархларини қўллашда солиқлар қўшимча ҳисобланиши хатари мавжудлигини ҳисобга олиб, нархни белгилашда, ҳозирданоқ ушбу бўлимнинг қоидаларидан фойдаланиши мумкин деб ҳисоблаймиз.
Фойда солиғи
Фойда солиғини ҳисоблашда асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган даромад жами даромадга киритилади (СК 297-м. 3-қ. 6-б., 298-м.).
Фойда АВ чиқиб кетишидан даромаддан уларнинг қолдиқ (баланс) қиймати, асосий воситаларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ билвосита солиқлар ва харажатларни айириш орқали аниқланади (5-сон БҲМСнинг 53-банди).
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи
ЎзР резиденти бўлган жисмоний шахснинг дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадларига 5%лик ставка бўйича даромад солиғи солинади. Ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси солиқ тўловчига даромадларни тўлаш билан бир вақтда, лекин солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай солиқ агенти томонидан тўланади (СК 381-м. 2-қ., 390-м. 1-қ.).
3. Фойдани тақсимлашда (дивидендларни ҳисоблашда) корхонада муассислари олдида пул мажбуриятлари юзага келади. Муассисларнинг қарорига биноан дивидендларни тўлашга оид мажбуриятлар бошқа мол-мулк, шу жумладан асосий воситалар билан ҳам тўлаш орқали бажарилиши мумкин.
Ушбу операцияга иқтисодий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, дивидендларни АВ билан беришда ҳақиқатда 2 та хўжалик операцияси амалга оширилади:
● биринчиси – фойдани тақсимлаш (дивидендларни ҳисоблаш) – корхонада муассис олдидаги дивидендларни тўлашга оид мажбуриятларнинг юзага келиши;
● иккинчиси – муассисга АВни реализация қилиш – муассиснинг сотиб олган мол-мулки тўлови юзасидан юридик шахс олдидаги қарзи юзага келиши.
Ушбу мажбуриятлар бир турдаги ўхшаш мажбуриятларни ҳисобга олиш орқали сўндирилади (ФК 343-м.).
Бухгалтерия проводкалари (шартли мисолда):
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Асословчи ҳужжатлар
|
Дебет
|
Кредит
|
Сумма (млн сўм)
|
Муассисга дивидендлар ҳисобланди
|
Муассислар йиғилиши баённомаси
|
8720-«Жамғарилган фойда (қопланмаган зарар)»
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
800
|
Дивидендларга 5% солиқ ҳисобланди
|
Солиқ ҳисоб-китоби
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (ЖШДС бўйича)»
|
40
|
Муассисга дивидендларни тўлаш ҳисобига 759 млн сўмлик (660 + 99, шу жумладан ҚҚС 15%) шартнома баҳоси бўйича АВ берилди
|
Давлат рўйхатидан ўтказилган шартнома ва ҳисобварақ-фактура
|
|
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»
|
660
|
Битим бўйича ҚҚС ҳисобланди
|
АВни реализация қилишга ҳисобварақ-фактура
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (ҚҚС бўйича)»
|
99
|
АВнинг тиклаш қиймати ҳисобдан чиқарилди
|
АВни реализация қилишга ҳисобварақ-фактура ва бухгалтерия маълумотномаси
|
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»
|
0120-«Бинолар, иншоотлар ва узатувчи мосламалар»
|
70
|
Чиқиб кетган асосий воситалар бўйича эскириш акс эттирилди
|
АВни реализация қилишга ҳисобварақ-фактура ва бухгалтерия маълумотномаси
|
0220-«Бино, иншоот ва узатувчи мосламаларнинг эскириши»
|
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»
|
70
|
Мазкур АВни қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди
|
Бухгалтерия маълумотномаси
|
8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»
|
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»
|
20
|
АВ чиқиб кетишидан фойда
|
Бухгалтерия маълумотномаси
|
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»
|
9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда»
|
680
|
Дивидендлардан солиқ тўланди
|
Банк кўчирмаси
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (ЖШДС бўйича)»
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
40
|
Муассисга дивидендларнинг қолган суммаси ўтказилди (800 – 40 – 759) |
Банк кўчирмаси
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
1
|
АВни реализация қилишдан олинган фойда суммасига фойда солиғи ҳисобланди (680 х 15%)
|
Солиқ ҳисоб-китоби
|
9810-«Фойда солиғи бўйича харажатлар»
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (фойда солиғи бўйича)»
|
102
|
Эътибор беринг!
Солиқ кодексида солиқларни «оптималлаштириш» ҳолатларида жавобгарлик назарда тутилган.
Агар солиқ тўловчи ягона ёки устувор мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлган операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини амалга оширса, унинг бундай ҳаракатлари ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади. Солиқ органлари тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини бундай суиистеъмолликнинг таъсирини истисно этадиган тарзда ўзгартиришга ҳақли (СК 14-м. 5, 7-қ.)
Ольга БУСАРОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.