Ишлаб чиқариш корхонаси чарм ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 4,5 га ер участкаси мавжуд, унга эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Корхона фойда солиғи бўйича қандай имтиёзларга эга?
– Чарм ва чарм буюмларни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган корхона учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бир қатор имтиёзлар назарда тутилган.
Чарм, мўйна, қоракўл хом ашёсини қайта ишлайдиган ташкилотларга тақдим этилган айрим имтиёзлар ва преференциялар билан Президентнинг «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (3.05.2018 йилдаги ПҚ-3693-сон) танишиш мумкин.
Хусусан, фойда солиғи, ягона солиқ тўловини (айланмадан олинадиган солиқни) ҳисоблашда солиқ базаси «Ўзчармсаноат» уюшмасининг чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасига киритилган ихтиёрий ажратмалар миқдорига камайтирилади (ПҚ-3693-сон қарорнинг 8-банди).
Шунингдек «Ўзчармсаноат» уюшмаси аъзолари – ташкилотларга 2023 йил 1 январга қадар муддатда фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ягона солиқ тўловидан (айланмадан олинадиган солиқдан) озод этиш кўринишидаги солиқ имтиёзлари берилади. Солиқ имтиёзлари фақат қуйидагиларга қўлланилади (ПҚ-3693-сон қарорнинг 9, 10-бандлари):
● замонавий автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларга;
● чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни йиғиш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга, кейинчалик ушбу хом ашё қайта ишлаш (ишлатиш) учун фақат «Ўзчармсаноат» уюшмаси аъзолари – ташкилотларга сотилганида ҳамда ялпи тушумнинг умумий ҳажмида ушбу турдаги фаолиятдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври натижалари бўйича камида 80 фоизни ташкил қилганда;
● чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни қайта ишлаш, шунингдек бутловчи буюмлар, фурнитура, сунъий чарм, пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни амалга оширадиган ташкилотларга, агар ялпи тушумнинг умумий ҳажмида ушбу турдаги фаолиятдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври натижалари бўйича камида 60%ни ташкил қилса.
Шунингдек Президентнинг «Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг (16.09.2019 йилдаги ПҚ-4453-сон) 3-банди билан белгиланган тартибга мувофиқ:
● чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарининг фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган базаси 7 йил давомида тенг улушларда замонавий тозалаш ва канализация иншоотларини қуриш бўйича харажатлар суммасига камайтирилади;
● чорва молларини сўйиш бўйича замонавий ихтисослаштирилган мажмуаларни ишга тушираётган ташкилотлар ва терини қайта ишловчи корхоналар 2023 йил 1 январга қадар ер солиғи тўлашдан озод этилади;
● «Ўзтўқимачиликсаноат» ва «Ўзчармсаноат» уюшмаларининг хорижий консультантлари, шунингдек чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарида меҳнат фаолиятини юритаётган хорижий мутахассислар Ўзбекистон Республикасидаги даромад манбалари бўйича ЖШДСни унинг белгиланган ставкасидан 50% миқдорида тўлайди.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.