Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 16 / Солиқ солиш

Мўйначилик ишлаб чиқариши учун солиқ имтиёзлари

 

Ишлаб чиқариш корхонаси чарм ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 4,5 га ер участкаси мавжуд, унга эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Корхона фойда солиғи бўйича қандай имтиёзларга эга?

 

– Чарм ва чарм буюмларни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган корхона учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бир қатор имтиёзлар назарда тутилган.

Чарм, мўйна, қоракўл хом ашёсини қайта ишлайдиган ташкилотларга тақдим этилган айрим имтиёзлар ва преференциялар билан Президентнинг «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (3.05.2018 йилдаги ПҚ-3693-сон) танишиш мумкин.

Хусусан, фойда солиғи, ягона солиқ тўловини (айланмадан олинадиган солиқни) ҳисоблашда солиқ базаси «Ўзчармсаноат» уюшмасининг чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасига киритилган ихтиёрий ажратмалар миқдорига камайтирилади (ПҚ-3693-сон қарорнинг 8-банди).

Шунингдек «Ўзчармсаноат» уюшмаси аъзолари – ташкилотларга 2023 йил 1 январга қадар муддатда фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ягона солиқ тўловидан (айланмадан олинадиган солиқдан) озод этиш кўринишидаги солиқ имтиёзлари берилади. Солиқ имтиёзлари фақат қуйидагиларга қўлланилади (ПҚ-3693-сон қарорнинг 9, 10-бандлари):

замонавий автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларга;

чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни йиғиш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга, кейинчалик ушбу хом ашё қайта ишлаш (ишлатиш) учун фақат «Ўзчармсаноат» уюшмаси аъзолари – ташкилотларга сотилганида ҳамда ялпи тушумнинг умумий ҳажмида ушбу турдаги фаолиятдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври натижалари бўйича камида 80 фоизни ташкил қилганда;

чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни қайта ишлаш, шунингдек бутловчи буюмлар, фурнитура, ­сунъий чарм, пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни амалга оширадиган ташкилотларга, агар ялпи тушумнинг умумий ҳажмида ушбу турдаги фаолиятдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври натижалари бўйича камида 60%ни ташкил қилса.

Шунингдек Президентнинг «Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг (16.09.2019 йилдаги ПҚ-4453-сон) 3-банди билан белгиланган тартибга мувофиқ:

чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарининг фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган базаси 7 йил давомида тенг улушларда замонавий тозалаш ва канализация иншоотларини қуриш бўйича харажатлар суммасига камайтирилади;

чорва молларини сўйиш бўйича замонавий ихтисослаштирилган мажмуаларни ишга тушираётган ташкилотлар ва терини қайта ишловчи корхоналар 2023 йил 1 январга қадар ер солиғи тўлашдан озод этилади;

«Ўзтўқимачиликсаноат» ва «Ўзчармсаноат» уюшмаларининг хорижий консультантлари, шунингдек чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарида меҳнат фаолиятини юритаётган хорижий мутахассислар Ўзбекистон Республикасидаги даромад манбалари бўйича ЖШДСни унинг белгиланган ставкасидан 50% миқдорида тўлайди.

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Прочитано: 634 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика