Божхоначилар гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши тизимли равишда кураш олиб боришмоқда.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Сирғали туманида тезкор тадбир ўтказишди.
Тадбир давомида мазкур туманда истиқомат қилувчи К.З. «Опий» гиёҳвандлик воситасини яширинча сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Шундан сўнг, «гиёҳфуруш»нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда бу ерда ҳам наркотик ва бошқа кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний равишда сақланаётгани маълум бўлди.
Тезкор тадбир давомида А.Б.дан ҳам жами 3,95 грамм «Опий» гиёҳвандлик воситаси ҳамда таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган 89 дона «Трамадол» таблеткалари, 3 дона «Прегабалин» капсулалари, 1 дона «Тропикамид» дори воситаси олиб қўйилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.