Январь ойида иш соатлари сони:
5 кунлик (40 соатлик) иш ҳафтасида – 176;
6 кунлик (40 соатлик) иш ҳафтасида – 167;
36 соатлик иш ҳафтасида – 150.
Иш кунлари сони:
5 кунлик иш ҳафтасида – 22;
6 кунлик иш ҳафтасида – 25.
♦ Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган жисмоний шахсларнинг барча даромадларига (дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлардан ташқари) 12%лик ставка бўйича солиқ солинади (Солиқ кодексининг 381-моддаси).
♦ 2019 йил 1 сентябрдан меҳнатга оид муносабатлар соҳасида қўллаш учун ЭКИҲ ўрнига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ) жорий этилди. Январь ойида МҲЭКМ 634 880 сўмни ташкил этади (3.12.2019 йилдаги ЎРҚ-586-сон Қонуннинг 41-моддаси; 21.05.2019 йилдаги ПФ-5723-сон Фармоннинг 1-банди).
♦ 2019 йилда фуқароларнинг ШЖБПҲга мажбурий ойлик бадаллари ставкаси ходимга ҳисобланган иш ҳақи (даромад) солиқ солинадиган суммасининг 0,1%ини ташкил этади (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорнинг 5-банди).
♦ Ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобланган жисмоний шахсларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий ойлик бадаллар суммасига камайтирилади (Солиқ кодексининг 385-моддаси 7-қисми).
I. Анъанавий ҳисоб-китоб
Ходимга январь ойида 1 100 000 сўм тўланган.
Олинган даромадга 12%лик ставка бўйича солинадиган ЖШДС:
1 100 000 х 12% = 132 000 сўмга тенг.
Январь ойи учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 1 100 сўмни (1 100 000 х 0,1%) ташкил қилади.
Январь ойи учун бюджетга 130 900 сўм (132 000 – 1 100) ўтказилади.
ЖШДС ва мажбурий бадаллар ушланганидан кейин ходимга 968 000 сўм (1 100 000 – 132 000) тўланади.
II. Имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда
1-ВАЗИЯТ. Даромаддан МҲЭКМнинг 1,41 бараварига тенг сумма чиқариб ташланадиган имтиёз қўлланилган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби
Солиқ кодексининг 380-моддасига мувофиқ имтиёзга эга бўлган ходимнинг январь ойидаги меҳнат ҳақи 1 800 000 сўмни ташкил қилди.
♦ Солиқ кодексининг 380-моддаси 1-қисмига мувофиқ ушбу имтиёзга эга бўлган фуқароларнинг (масалан, 16 ёшдан ошмаган икки ва ундан ортиқ болалари бўлган ёлғиз оналар) жами даромадидан ҳар ойда МҲЭКМнинг 1,41 бараварига тенг сумма чиқариб ташланади.
Солиқ солинадиган даромадни ҳисоб-китоб қиламиз:
1 800 000 – (634 880 х 1,41) = 904 819,2 сўмга тенг.
Январь ойи учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:
904 819,2 х 12% = 108 578,3 сўм.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 904,82 сўмни (904 819,2 х 0,1%) ташкил қилади.
Бюджетга 107 673,48 сўм (108 578,3 – 904,82) ЖШДС ўтказилади.
Ходим қўлига 1 691 421,7 сўм (1 800 000 – 108 578,3) иш ҳақи олади.
2-ВАЗИЯТ. Даромад имтиёз суммасидан кам бўлганда ЖШДС ҳисоб-китоби
Солиқ кодексининг 380-моддасига мувофиқ имтиёзга эга бўлган ходимнинг январь ойидаги меҳнат ҳақи 800 000 сўмни ташкил қилди.
♦ Солиқ кодексининг 380-моддаси 1-қисмига мувофиқ ушбу имтиёзга эга бўлган фуқароларнинг (масалан, 16 ёшдан ошмаган икки ва ундан ортиқ болалари бўлган ёлғиз оналар) жами даромадидан ҳар ойда МҲЭКМнинг 1,41 бараварига тенг сумма чиқариб ташланади.
Солиқ солинадиган даромадни ҳисоб-китоб қиламиз:
634 880 х 1,41 = 895 180,8 сўмга тенг.
Ходимнинг даромади (800 000 сўм) имтиёз миқдоридан (895 180,8 сўм) кам бўлганлиги сабабли январь ойи учун солиқ ҳисобланмайди.
Солиқ солинадиган даромад мавжуд бўлмаганлиги учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар тўланмайди.
Ходим қўлига 800 000 сўм иш ҳақи олади.
3-ВАЗИЯТ. Моддий ёрдам олинганда имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг меҳнатига январь ойи учун 1 400 000 сўм ҳақ тўланган. Унга фарзандли бўлганлиги муносабати билан 2 800 000 сўм моддий ёрдам кўрсатилган.
♦ Солиқ кодексининг 378-моддаси 1-бандига кўра бир йил давомида МҲЭКМнинг 4,22 бараваригача миқдорда бериладиган қуйидаги моддий ёрдам суммаларига: вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўловлар; ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар; бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан бериладиган тўловлар; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловларга ЖШДС солинмайди.
Имтиёз миқдорини ҳисоблаймиз:
(634 880 х 4,22) = 2 679 193,6 сўм.
Солиқ солинадиган даромад 1 520 806,4 сўмга (1 400 000 + 2 800 000 – 2 679 193,6) тенг.
Январь ойи учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:
1 520 806,4 х 12% = 182 496,77 сўм.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 1 520,81 сўмни (1 520 806,4 х 0,1%) ташкил этади.
Январь ойи учун бюджетга 180 975,96 сўм (182 496,77 – 1 520,81) ЖШДС ўтказилади.
Ходим 4 017 503,23 сўм (1 400 000 + 2 800 000 – 182 496,77) иш ҳақи олади.
4-ВАЗИЯТ. Қимматбаҳо совға олинганда имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг меҳнатига январь ойида 1 500 000 сўмдан иш ҳақи тўланган. Унга 2 000 000 сўмлик маиший техника совға қилинди.
♦ Солиқ кодексининг 378-моддаси 10-бандига кўра бир йил мобайнида юридик шахслардан МҲЭКМнинг 2,11 баравари миқдоригача бўлган суммада олинган совғаларнинг қийматига солиқ солинмайди (634 880 х 2,11 = 1 339 596,8 сўм).
Солиқ солинадиган даромад 2 160 403,2 сўмга (1 500 000 + 2 000 000 – 1 339 596,8) тенг.
Январь ойи учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:
2 160 403,2 х 12% = 259 248,38 сўм.
Январь ойи учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 2 160,4 сўмга (2 160 403,2 х 0,1%) тенг.
Бюджетга 257 087,98 сўм (259 248,38 – 2 160,4) ЖШДС ўтказилади.
Ходим қўлига 1 240 751,62 сўм (1 500 000 – 259 248,38) иш ҳақи олади.
5-ВАЗИЯТ. Бир нечта имтиёзни ҳисобга олган ҳолда (ҳар ойда даромаддан МҲЭКМнинг 1,41 бараварига тенг суммани чегириш, моддий ёрдам ва қимматбаҳо совға олинганда) ЖШДС ҳисоб-китоби
Солиқ кодексининг 380-моддасига кўра имтиёзга ҳақли бўлган ходимга январь ойида 1 500 000 сўм иш ҳақи тўланган. Унга никоҳдан ўтиши муносабати билан 3 000 000 сўм моддий ёрдам кўрсатилган ва 2 000 000 сўмлик қийматга эга совға топширилган.
Қуйидагиларга мувофиқ:
♦ Солиқ кодексининг 380-моддаси 1-қисмига мувофиқ имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимнинг солиқ солинадиган даромадидан ҳар ойда МҲЭКМнинг 1,41 бараварига тенг сумма (634 880 х 1,41 = 895 180,8 сўм) чиқариб ташланади;
♦ Солиқ кодексининг 378-моддаси 1-бандига мувофиқ МҲЭКМнинг 4,22 бараваригача (634 880 х 4,22 = 2 679 193,6 сўм) миқдорда бериладиган моддий ёрдам суммасига ЖШДС солинмайди;
♦ Солиқ кодексининг 378-моддаси 10-бандига кўра юридик шахслардан бир йил мобайнида МҲЭКМнинг 2,11 баравари (634 880 х 2,11 = 1 339 596,8 сўм) миқдоригача олинган совғаларнинг қийматига ЖШДС солинмайди.
Солиқ солинадиган даромадни аниқлаймиз:
1 500 000 – 895 180,8 + 3 000 000 – 2 679 193,6 + 2 000 000 – 1 339 596,8 = 1 586 028,8 сўм.
Январь ойи учун солиқни ҳисоб-китоб қиламиз:
1 586 028,8 х 12% = 190 323,46 сўм.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 1 586,03 сўмни (1 586 028,8 х 0,1%) ташкил этади.
Бюджетга 188 737,43 сўм (190 323,46 – 1 586,03) солиқ ўтказилади.
Ходим қўлига 4 309 676,54 сўм (1 500 000 + 3 000 000 – 190 323,46) олади.
III. Одатдан ташқари ҳолатлар
1-ВАЗИЯТ. Ўриндош ходим даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби
Солиқ кодексининг 380-моддаси 1-қисмида назарда тутилган имтиёзга эга ўриндош ходимга январь ойида 800 000 сўм иш ҳақи тўланган.
♦ Солиқ имтиёзини қўллаш солиқ тўловчининг асосий иш (хизмат, ўқиш) жойи бўйича, асосий иш жойи мавжуд бўлмаган тақдирда эса - яшаш жойидаги солиқ органлари томонидан жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқни ҳисоблаб чиқариш чоғида амалга оширилади (Солиқ кодексининг 380-моддаси 5-қисми).
Солиқни ҳисоб-китоб қиламиз. ЖШДС:
800 000 х 12% = 96 000 сўмга тенг.
Январь ойи учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 800 сўмга (800 000 х 0,1%) тенг.
Январь ойи учун бюджетга 95 200 сўм (96 000 – 800) ЖШДС ўтказилади.
Солиқ ушланганидан кейин ходим 704 000 сўм (800 000 – 96 000) иш ҳақи олади.
2-ВАЗИЯТ. Юридик шахсга турар жойни ижарага берувчи ходимнинг даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг меҳнатига январь ойи учун 1 100 000 сўм ҳақ тўланган. Ходим Тошкент шаҳрида жойлашган, майдони 50 кв.м бўлган турар жой биносини 1 январдан бошлаб ижарага бериш тўғрисида иш берувчи билан шартнома тузди ва ҳар ойда 1 500 000 сўм ижара ҳақи олди.
♦ Жисмоний шахсларнинг турар жойни ижарага топширишдан оладиган даромадларига солиқ солиш ижара (ёллаш) шартномасида назарда тутилган тўловдан келиб чиқиб амалга оширилади, бироқ у турар жойни ижарага берадиган жисмоний шахслар учун белгиланган энг кам ижара ҳақи ставкаларидан ҳисоблаб чиқарилган миқдордан кам бўлмаслиги керак (9.12.2019 йилдаги ЎРҚ-589-сон Қонунга 12-илова).
♦ Тошкент шаҳрида бир ойлик ижара тўловининг энг кам миқдори этиб 1 кв.м турар жой учун 12 000 сўм; Нукус ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 7 500 сўм; бошқа аҳоли пунктларида – 3 500 сўм белгиланган.
♦ ШЖБПҲга бадаллар иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича бажарилган ишлар учун олинган даромадлардан ҳисоблаб ёзилади. Ижара ҳақи тарзидаги даромадлар мулкий даромад бўлганлиги ва ишлар бажариш билан боғлиқ бўлмаганлиги боис, ундан ШЖБПҲга ажратмалар қилинмайди.
Ижара ҳақидан ЖШДС суммасини ҳисоблаймиз. Мазкур ҳолатда энг кам ижара ҳақи суммаси 600 000 сўмни (12 000 х 50) ташкил этади, у ҳақиқатдаги ижара ҳақидан камлиги боис шартномада назарда тутилган суммадан солиқ ҳисобланади:
1 500 000 х 12% = 180 000 сўм.
Январь ойи учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромаддан солиқни ҳисоблаймиз:
1 100 000 х 12% = 132 000 сўм.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 1 100 сўмга (1 100 000 х 0,1%) тенг.
Январь ойи учун бюджетга 130 900 сўм солиқ (132 000 – 1 100) ўтказилади.
Солиқ ушлаб қолинганидан кейин ходимга 2 288 000 сўм иш ҳақи (1 100 000 + 1 500 000 – 132 000 – 180 000) тўланади.
Ҳисоб-китоб услубиятини экспертимиз Муҳиддин ЗАЙНУДДИНОВ тайёрлади.