Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди.
Мурожаатномада ўтган йилда амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди, жорий ва келгуси 5 йилга мўлжалланган истиқболли режалар, давлатимиз ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари баён этилиб, долзарб қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.
Президентимиз жонажон Ўзбекистонимиз янги ўн йилликка қадам қўйгани, эришилган натижаларимиз тарихга айланиб, эндиликда олдимизда янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш, бундан-да улкан марраларни эгаллаш бўйича вазифалар пайдо бўлаётганини таъкидлади.
Халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этди, шаҳар ва қишлоқлар ободлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бизнесга шарт-шароит кенгайди, янги тартиб-таомиллар жорий қилинди. Бу ташаббуслар туфайли тадбиркорларнинг манфаатдорлиги ортди. Натижада Ўзбекистон Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» рейтингида 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича 190 та мамлакат орасида 8-ўринни эгаллади ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олди.
Президентимиз янги парламент ва ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади – Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шартлигини таъкидлади.
Ҳар биримиз ишни ана шундай ташкил қилсак, зиммамиздаги масъулиятни тўлиқ ҳис этиб, виждонан ишласаккина халқимизнинг ишончини оқлаймиз, меҳрини қозонамиз, деди давлатимиз раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришдек олий мақсадга эришиш учун барча соҳадаги ислоҳотлар илм-маърифат ва инновацияга ёндашган ҳолда амалга оширилмоқда. Мурожаатномада илм-фанни ривожлантириш, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тайёрлаш орқали мамлакатни юксалтириш стратегик мақсадимиз бўлиб қолиши таъкидланди.
Шу мақсадда Президентимиз таклифига мувофиқ, 2020 йил – мамлакатимизда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу таклифи тадбир иштирокчилари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.
Президентимиз депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун халқимизга Мурожаатида мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар ҳеч қачон ортга қайтмаслигини таъкидлаб, янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги улуғвор мақсадларни баён этди, 2020 йилда илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича устувор йўналишларни белгилаб берди.
ЎзА материали асосида.