Жисмоний шахс юридик шахсдан қарз олмоқчи.
Юридик шахс жисмоний шахсга қарз бериши мумкинми?
Жисмоний шахс олган қарзга солиқ солинадими?
– Ҳа, қарз бериши мумкин.
Қарз – битим шаклларидан бири бўлиб, ушбу ҳолатда тарафлардан бири юридик шахс, иккинчиси эса жисмоний шахс ҳисобланади (ФКнинг 732-743-моддалари). Бунда тижорат ташкилоти ўз муассиси, иштирокчиси (акциядори), раҳбари, ўз бошқарув ёки назорат органларининг аъзоси бўлган шахсга ашёни текин фойдаланишга беришга ҳақли эмаслигини ҳисобга олиш лозим (ФКнинг 618-моддаси).
Қарз олувчи жисмоний шахс учун қарз суммаси даромад ҳисобланмайди, чунки у қайтариш шарти билан берилган, шу сабабли бу операция солиқ оқибатларини юзага келтирмайди.
Қарз фоизсиз берилаётганлиги сабабли қарз берувчи юридик шахсда фоизлар кўринишидаги даромадлар юзага келмайди, тегишинча, фоизлардан солиқ тўлаш мажбурияти ҳам бўлмайди.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 299-моддасида солиқ солиш мақсадида аниқланган фоизсиз асосда қарз олишдан даромад фақат юридик шахснинг (қарз олувчининг) даромади ҳисобланади. Жисмоний шахсларнинг даромадлари янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 371–377-моддаларида белгиланган бўлиб, уларда бундай турдаги даромадлар мавжудлиги келтирилмаган.
Наргиза АЛИМОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.