Корхона (умумбелгиланган солиқларни тўловчи) хизматларни экспорт қилади – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўш контейнерларни сақлайди. Хизматларни харид қилувчилар ЎзР норезидентлари бўлиб, улар ЎзР ҳудудида фаолият юритмайдилар ва бу ерда турмайдилар ҳам.
Хизматларни харид қилувчилар хорижий ташкилотлар бўлганда, Ўзбекистон ҳудудида бўш контейнерларни сақлаш бўйича хизматларни кўрсатишга доир айланма 2020 йилда ҚҚСга тортиладими?
– Агар кўчар мол-мулкни сақлаш бўйича хизматлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўрсатилса, Ўзбекистон уларни реализация қилиш жойи бўлиб ҳисобланади (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 241-моддаси 3-қисми 2-банди). Реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган хизматларни кўрсатиш бўйича айланма ҚҚС бўйича солиқ солиш объектидир (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 238-моддаси 1-қисми).
Бинобарин, бундай хизматларнинг харидорлари хорижий ташкилотлар бўлишига қарамай, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўш контейнерларни сақлаш бўйича хизматлар реализациясидан айланма 2020 йилда ҚҚСга тортилади. ҚҚС ставкаси – 15% (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 258-моддаси 1-қисми).
Корхона ушбу айланмалар учун фойдаланиладиган харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 266-моддаси 1-қисми).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.