2020 йилда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси томонидан бензин, дизель ёқилғиси ва газ якуний истеъмолчига реализация қилинганда нима ҚҚС бўйича солиқ базаси ҳисобланади?
– 2019 йилда бензин, дизель ёқилғиси ва газ якуний истеъмолчига реализация қилинганда акциз солиғи ва ҚҚС ҳисобга олинмаган ҳолда реализация қилиш қиймати ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланган (2007 йилги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 204-моддаси 20-қисми). 2020 йилда мазкур норма амал қилмаяпти.
Жорий йилда бензин, дизель ёқилғиси ва газ якуний истеъмолчига реализация қилинганда ҳам ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база бошқа товарларга белгилангани каби белгиланади. Яъни ҚҚС акциз солиғини ҳисобга олган ҳолда реализация қилиш нархидан келиб чиқиб ҳисобланади (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 248-моддаси 1-қисми).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.