Янги ходимни ишга қабул қилдик. Эртаси куни у оилавий шароитига кўра 10 кунга иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришни сўраб ариза ёзди.
У атиги 1 иш куни ишлаган бўлса, унга бундай таътил беришимиз мумкинми?
– Ходимга ишга қабул қилинган кунининг эртасидан оилавий шароитига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин. Иш берувчи билан ходим ўртасида бу ҳақда келишувга эришилган бўлса, бу ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди.
Иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши ва унинг аниқ давомийлиги (лекин бир йилда 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги керак) ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади (МКнинг 150-моддаси). Шундан келиб чиқилса, иш берувчи ходимнинг розилигисиз уни таътилга чиқаришга, ходим эса ўз навбатида уни талаб қилишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (МКнинг 150-моддаси 2-қисми, 254-моддаси). Иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш тартиби меҳнат шартномаларида ва корхонанинг бошқа локал ҳужжатларида назарда тутилиши мумкин.
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.