Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 18 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Сув ва энергия учун тарифлар: нималарни кутиш мумкин

 

Ҳукумат электр энергияси, шунингдек сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тарифларни шакллантириш тартибини тасдиқлади (ВМнинг 13.04.2019 йилдаги 309 ва 310-сон қарорлари).

 

Сув: тарифлар таннархни қоплайди, ҳар бир уйга – ҳисоблагич

Ҳудудий ҳокимликларга аҳолининг ичимлик сувни истеъмол қилиш нормативларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди. Бу 2019 йил 1 июлгача амалга оширилиши керак. Шу санагача бўлган муддатда барча гуруҳдаги истеъмолчиларнинг совуқ ва иссиқ сув приборлари билан жиҳозланиши ҳамда уларнинг текширилиш ҳолати хатловдан ўтказилади.

Ҳисоблагичлар дастур асосида ўрнатилади. У 1 августгача Вазирлар Маҳкамасига киритилади (муддат бироз сурилган, аввалига 1 июлгача муддат берилган эди, 30.11.2018 йилдаги ПҚ–4040-сон қарор). Ҳужжатда якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жой фондида ҳисобга олиш приборларининг ўрнатилишини молиялаштириш манбалари ва тўлиқ якунлашнинг аниқ муддатлари кўрсатилиши керак.

Сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартиби тўғрисидаги низом 2019 йил 15 апрелдан кучга кирди. Асосий жиҳати – тарифлар кўрсатиладиган хизматларнинг таннархини тўлиқ қоплайди, сув таъминоти ва канализация ташкилотларини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш харажатлари ҳисобга олинади.

 

Электр энергияси: рентабеллик ҳисобга олинган тарифлар, кам таъминланганларга – кўмак

2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилинди (310-сон ВМҚга 1-илова). Қуйидаги жиҳатлар эътиборга молик:

► илғор халқаро амалиёт ҳисобга олинган ҳолда 2023 йилгача тарифларни шакллантириш методикасига босқичма-босқич ўтилади. Тасдиқланган тарифлар 2023 йилдан бошлаб камида 3 йил амал қилади (оширилмайди);

► тарифлар операцион ва капитал харажатларни тўлиқ қоплаш, рентабелликни 10%дан кам ва ­20%дан кўп бўлмаган оралиқда сақлаш ҳисобга олинган ҳолда, уни ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш бўйича асосланган харажатлардан келиб чиқиб шакллантирилади. Бунда рентабеллик электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатлар суммасига соф фойда миқдорини бўлиш орқали аниқланади;

► электр энергиясининг ягона харидори электр энергиясини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан белгиланган тарифлар бўйича сотиб олади ҳамда сотади. Ушбу янги ташкил этилган орган Бош вазирнинг ўринбосари – молия вазири бошчилигидаги 7 нафар мансабдор шахсдан таркиб топади;

► аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш электр энергиясининг базавий нормасини қўллаш ҳамда электр энергияси учун тарифлар ошганда компенсациялар бериш йўли билан таъминланади.

Ҳужжат билан тасдиқланган электр энергияси учун тарифларни шакллантириш тартиби 2020 йил 1 январдан амалга киритилади (310-сон ВМҚга 2-илова). Унгача Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисида низом қўлланилади (ВМнинг 28.10.2010 йилдаги 239-сон қарорига 1-илова).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 15.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Фуқаролар йиғини раиси ишончномани қандай расмийлаштиради

 

Вазирлар Маҳкамасининг 18.04.2019 йилдаги 328-сон қарори билан фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тасдиқланди.

 

Оқсоқолларнинг мазкур ҳуқуқи «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунда қайд этилган. Фуқаролар йиғинининг раиси қуйидагиларни олишга ишончномаларни тасдиқлаши мумкин:

► хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни;

► иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни;

► муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни;

► пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни;

► банклардан суммаларни.

Ишончномалар давлат тилида расмийлаштирилади. Ишончнома матни фуқароларнинг талабига биноан рус тилида ёки имкони бўлса, бошқа мақбул тилда берилади. Агар ишончнома мурожаат қилган шахс тушунмайдиган ёки яхши билмайдиган тилда расмийлаштирилса, унда унинг матни оқсоқол ёки мурожаат қилган шахс таниган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳолда фуқаролар йиғинининг раиси томонидан тегишли ёзув қайд этилиб, унинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади. Мурожаат қилган шахс эса ўзи биладиган тилда исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди.

Мурожаат қилувчининг илтимосига кўра фуқаролар йиғинининг раиси ишончнома лойиҳасини тузиши мумкин.

Ишончнома расмийлаштирилиши учун мурожаат қилувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади:

► Ўзбекистон фуқароси – паспорт;

► 16 ёшга тўлмаган шахс – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

► чет эл фуқароси – қуйидаги ҳужжатлардан бири: миллий паспорти, яшаш гувоҳномаси, дипломатик паспорти, аккредитация карточкаси;

► фуқаролиги бўлмаган шахс – яшаш гувоҳномаси;

► ҳарбий хизматчилар – ҳарбий қисм ва ҳарбий муассаса қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳнома ёки ҳарбий билет.

Ишончнома белгиланган намуналар бўйича ёзувлар билан тасдиқланади, оқсоқол томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади. Тасдиқловчи ёзув матни бўлган штамп ҳам ишлатилиши мумкин.

Қуйидаги ҳолларда ишончномаларни тасдиқлаш учун ҳужжатлар қабул қилинмайди:

► қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган, шунингдек қаламда ёзилган бўлса;

► варақлари рақамланмаган ва ип ўтказиб тикилмаган бўлса (бир неча варақларда баён этилган ҳолларда), ҳужжатни берган ташкилот мансабдор шахсининг имзоси ва муҳри бўлмаса;

► факсимиле имзо муҳри қўйилган бўлса.

Раис қуйидаги ҳолларда ишончномани тасдиқлашни рад этиши мумкин:

► бундай ишончномани тасдиқлаш қонунга зид бўлса;

► бу ҳаракат нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;

► муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил ишончномани тасдиқлашни сўраб мурожаат қилган бўлса;

► ишончномани тасдиқлаш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Ишончномани тасдиқлаш рад этилган тақдирда оқсоқол 3 кун ичида белгиланган шаклда қарор чиқаради ҳамда уни мурожаат қилган шахсга беради.

Оқсоқол ишончномани тасдиқлаш учун ўз иш жойидан ташқарига чиққанида, унинг транспорт харажатлари қопланади.

Ишончнома кўпи билан 3 йил муддатга берилиши мумкин. Ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб 1 йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди.

Фуқаролар йиғинининг раиси томонидан ишончномалар тасдиқланганлиги учун тўлов ундирилмайди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Баҳоловчи сертификатини қандай олиш мумкин

 

Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг буйруғи билан (АВ томонидан 15.04.2019 йилда 3153-сон билан рўйхатдан ўтказилган) баҳоловчига малака сертификатини беришнинг янги тартиби тасдиқланди.

 

Президентнинг 10.01.2019 йилдаги ПФ–5624-сон Фармони билан баҳолаш фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлашни таъминлаш функциялари ЛБМАдан Давлат рақобат қўмитаси негизида ташкил этилган Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган. Тегишинча, энди худди шу орган талабгорлар учун малака имтиҳонини ташкил этади, улардан ҳужжатларни қабул қилиб олади ва баҳоловчи сертификатини беради. Шу муносабат билан Агентлик ушбу тартибни белгиловчи янги Низомни тасдиқлади.

Талабгорларга қўйиладиган талаблар, имтиҳонга қўйиш учун улар тақдим этадиган ҳужжатлар пакети аввалгидек қолди.

Шу билан бирга талабгорни имтиҳонга қўймаслик асослари бирмунча ўзгарди. Рўйхатга «суд тартибида молия-хўжалик муносабатлари соҳасида муайян лавозимни эгаллаш ёки ушбу соҳада муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилганда» позицияси киритилди. Ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри маълумотларнинг аниқланиши эса асослар сирасидан чиқариб ташланди.

Малака имтиҳонини топширишда талабгор паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг аслини тақдим этади. Илгари талаб қилинган маълумоти ҳақидаги ҳужжат, меҳнат дафтарчаси ва қайта тайёрлаш курсларини тугатганлиги тўғрисидаги сертификат имтиҳонда керак бўлмайди. Улар имтиҳонга қўйиш ҳақида ариза берилганда бошқа ҳужжатлар билан бирга топширилади.

 

Қандай имтиҳон ўтказилади ва сертификат берилади

Тартиб-таомилга сезиларли ўзгартиришлар киритилди. Илгари талабгорлар лойиҳани (чоп этилган «кейс»лар асосида улар ишлаб чиққан баҳолаш ҳисоботи) ҳимоя қилишлари ва имтиҳон саволлари бўйича суҳбатдан ўтишлари керак эди.

Энди малака имтиҳони компьютерда топшириладиган тест синовлари орқали талабгорнинг танловига кўра ўзбек ёки рус тилида ўтказилади. У 40 дақиқа ичида ўтказилади ва ўқув дастурининг барча бўлимларини акс эттирувчи 75 та саволдан иборат бўлади.

Саволларнинг камида 70%ига тўғри жавоб берган талабгор имтиҳондан ўтган ҳисобланади.

Малака сертификатининг амал қилиш муддати ўзгармади – 5 йил, у беш йиллик муддатларга узайтирилиши мумкин. Сертификатга эга бўлган баҳоловчи ҳар йили камида 40 соатлик малака ошириш курсларидан ёхуд махсус ўқув курсларидан ўтиши керак. Уларсиз сертификат муддати узайтирилмайди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 15.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Бюджет буюртмачилари закалат тўламайдилар

 

Давлат харидларига доир идоравий ҳужжатларга тузатишлар киритилди (АВ томонидан 22.04.2019 йилда 3015-1, 3016-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Махсус ахборот портали операторининг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги низомга ва Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

биринчидан, бюджет буюртмачилари электрон дўконда харид қилиш жараёнида ва аукционда иштирок этишдан олдин закалат (тегишинча иштирокчи офертаси қийматининг ва аукцион бошланғич нархининг 3%и, таҳр.) тўлаш мажбуриятидан озод этилди. Бироқ корпоратив буюртмачилар учун бу илгаригидек мажбурий ҳисобланади. «Бюджетдагилар» электрон давлат харидларида иштирок этиш учун ўзларининг ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги (ҲККП) ҳисобрақамларига операторнинг воситачилик йиғимини ўтказадилар.

Шу тариқа, электрон давлат харидларида иштирок этиш шартлари қуйидагича:

► корпоратив буюртмачилар ва иштирокчилар учун – уларнинг ҲККПдаги ҳисобрақамларида аванс тўловининг етарли суммаси, яъни операторнинг воситачилик йиғими ва закалат суммасининг мавжуд бўлиши;

► бюджет буюртмачилари учун – Молия вазирлигининг давлат молиясини бошқариш ахборот тизими томонидан банд қўйилган эълон ёки офертанинг етарли суммаси, шунингдек операторнинг ҲККПдаги ҳисобрақамларида воситачилик йиғими суммасининг мавжуд бўлиши.

 

Маълумот учун. Бюджет буюртмачилари – давлат органлари, бюджет ташкилотлари, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун, шунингдек давлат мақсадли жамғармаларига йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар.

Корпоратив буюртмачилар – 50% ва ундан ортиқ давлат улушига эга давлат корхоналари, юридик шахслар, шунингдек устав фондидаги 50% ва ундан ортиқ улуш 50% ва ундан ортиқ давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар.

 

иккинчидан, харид қилиш тартиб-таомиллари якунларига кўра тузилган шартномалар бўйича тўлов муддати:

► бюджет буюртмачилари учун белгиланди – Молия вазирлиги Ғазначилиги шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни олгандан сўнг 1 иш куни мобайнида шартнома суммасини ҲККПга ўтказиб беради. Бунда олдиндан тўлов шартлари шартномада назарда тутилади;

► корпоратив буюртмачилар учун қисқартирилди – шартнома порталда рўйхатга олинган пайтдан бошлаб 10 кундан 5 кунгача. Бу пайтда улар шартнома бўйича тўловларни тўлиқ ҳажмда тўлаш учун ўзларининг ҲККПдаги ҳисобрақамларига пул маблағларини ўтказишлари керак (закалат шартнома бўйича тўлаш суммасига қўшиб ҳисобланади);

учинчидан, ҳужжатларни илгари қабул қилинган қуйидаги ҳужжатларга мувофиқлаштириш мақсадида бир қатор ўзгартиришлар киритилди:

► давлат бошқаруви органлари қайта ташкил этилиши муносабати билан;

► давлат харидлари соҳасида ваколатли орган ўзгариши билан боғлиқ бўлган – ушбу функциялар ЛБМАдан Молия вазирлигига ўтказилди;

► аукцион ва танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонларни жойлаштириш муддатлари ўзгаришига тааллуқли бўлган (27.09.2018 йилдаги ПҚ–3953-сон қарорнинг 4-банди) ва ҳ.к.

 

Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги низолар судгача қандай кўриб чиқилади

 

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (22.04.2019 йилда 3156-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2018 йилдаги 1060-сон қарорида бундай низоларни судгача ҳал қилишнинг мустақил механизми жорий этилиши назарда тутилган.

Шахсларнинг мурожаатларини ҳудудий ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари қошида доимий равишда фаолият юритадиган, 5 кишидан кам бўлмаган таркибдаги комиссиялар бепул асосда кўриб чиқадилар. Улар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши ва бекор бўлишини эътироф этиш ва тасдиқлаш юзасидан келиб тушган ариза ва шикоятларни ўрганадилар.

Жисмоний шахс мурожаатда Ф.И.О. ва яшаш жойи, юридик шахс эса тўлиқ номи ва жойлашган ерини (почта манзили) кўрсатади. Бундай маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек уни идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаат аноним мурожаат ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди. Мурожаатда электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факслари рақамлари, кўчмас мулк жойлашган ер кўрсатилиши, унга низо объекти билан боғлиқ маълумотлар ва ҳужжатлар илова қилиниши мумкин.

Комиссия мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 10 кун ичида уни кўриб чиқиши лозим. У манфаатдор шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилади.

Кўриб чиқиш натижаси бўйича комиссия кўпчилик овоз билан қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

► кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш лозимлиги тўғрисида;

► кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш ва бундай ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш лозимлиги тўғрисида;

► кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдириш лозимлиги тўғрисида;

► кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдириш лозимлиги тўғрисида.

Қабул қилинган қарор асосида 3 нусхада хулоса расмийлаштирилади, улардан бири аризачига етказилади. Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ юзасидан янги ҳолатлар аниқланганда низони қайта кўриб чиқишга рухсат этилади.

Чиқарилган қарордан норози бўлган шахс хулосани олган кундан бошлаб 10 кун давомида Ергеодезкадастрдавқўм раиси томонидан тузиладиган апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Апелляцияни кўриб чиқиш (10 кун ичида) натижалари бўйича комиссия хулосани бекор қилиш ёки уни ўз кучида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.04.2019 йилдан кучга кирди. 

 

Олег Заманов, Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 1302 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика