Ижарага берилган мол-мулкни ким таъмирлаши керак?
– Мол-мулк ижарага берилганда шартнома тарафларининг мажбуриятлари белгиланади.
Ижарага берувчи қуйидагиларни амалга ошириши шарт:
● агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкни капитал таъмирлаши (ФКнинг 547-моддаси 1-қисми);
● ижарага олувчи жавобгар бўлмаган ҳолатлар натижасида келиб чиққан шошилинч зарурат туфайли ўтказиладиган таъмирлашни ўз ҳисобидан амалга ошириши (ФКнинг 547-моддаси 2-қисми).
Ижарага олувчининг мажбуриятлари:
● агарда қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, мол-мулкни яхши ҳолда сақлаши, уни ўз ҳисобидан жорий таъмирлаши ва сақлаш бўйича бошқа харажатларни қилиши лозим (ФКнинг 548-моддаси).
Ижарага берувчи капитал таъмирлаш шартларини бузганда ижарага олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
● шартномада белгиланган ёхуд шошилинч зарурат тақозо этаётган капитал таъмирлашни амалга ошириб, унинг қийматини ижарага берувчидан ундириб олиш ёхуд мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақ ҳисобига ўтказиш;
● ҳақни тегишинча камайтиришни талаб қилиш;
● шартномани муддатидан олдин бекор қилиш ва зарарнинг қопланишини талаб қилиш (ФКнинг 547-моддаси 4-қисми).
* * *
Офис ижарага берилганда коммунал хизматлар ҳақини ким тўлаши керак?
– Тарафлар ижара шартномасини тузиш чоғида қуйидагиларни назарда тутишга ҳақли:
1) коммунал хизматларни ижара ҳақининг қийматига киритиш;
2) ижарага берувчи тақдим этган счёт асосида ижарага олувчи томонидан ҳақиқатда истеъмол қилинган коммунал хизматларнинг қопланиши (Тартибнинг 5-бўлими, 3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган);
3) ижарага олувчининг таъминловчи ташкилотлар билан тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида коммунал хизматлар ҳақини тўлаши (Қоидаларнинг 93-банди, ВМнинг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарорига 1-илова; Қоидаларнинг 6-боби, ВМнинг 22-сон қарорига 2-илова; Қоидаларнинг 15-банди, ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 2-илова; Қоидаларнинг II бўлими, ВМнинг 194-сон қарорига 3-илова).