Идора ўзининг расмий сайтида тегишли ахборотни эълон қилган.
Ахборотда айтилишича, ўзгаришлар фақат кам иш ҳақи олиб ишловчи ходимлар иш ҳақини сезиларли даражада ошириш билан боғлиқдир. Яъни тариф коэффициентлари Ягона тариф сеткасининг (ЯТС) (21.07.2009 йилдаги 206-сон ВМҚга 1-илова) қуйи разрядлари бўйича қайта индексация қилинган. Улар ўртача 10 фоизга оширилди.
Лавозим разрядлари кесимида қуйидагиларнинг маошлари оширилди:
√ 1-лавозим разряди бўйича (фаррош, қоровул, ишчи ва бошқалар) – 1,15 баравар;
√ 2-лавозим разряди бўйича (енгил автомобиль ҳайдовчиси, ветеринар санитар, боғбон, иш юритувчи ва бошқалар) – 1,1 баравар;
√ 3-лавозим разряди бўйича (электрик, сантехник, лаборант, кассир ва бошқалар) – 1,05 баравар.
ЭКИҲ миқдорларининг оширилиши (2018 йил 15 июлдан 7 фоизга ва 1 ноябрдан 10 фоизга) ва тариф коэффициентининг қайта кўриб чиқилиши натижасида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича 1-разрядда ишловчи ходимнинг иш ҳақи 2018 йилнинг январь ойига нисбатан 1,35 баравар (1,07 х 1,1 х 1,15) оширилди.
МИСОЛ. Бюджет ташкилотларида бир ставкада ишловчи фаррошнинг ойлик иш ҳақи миқдори 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига 426,5 минг сўм (172 240 х 2,476) бўлган бўлса, 2019 йил 1 январидан – 577 минг сўмни (202 730 х 2,847) ташкил этди ёки 151 минг сўмга ошди.
ЭКИҲ миқдори ва тариф коэффициентларининг ЯТСнинг қуйи разрядлари бўйича оширилиши бюджет соҳасида фаолият юритаётган 370 минг ишчи-ходимнинг ойлик маоши бевосита кўтарилишига олиб келади ҳамда бу иқтисодиётнинг турли жабҳаларида кам иш ҳақи олиб ишловчи ишчиларнинг иш ҳақларида акс этади, дейилади хабарда.
www.mf.uz хабари асосида.