Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси 2019 йил учун Жамоа шартномасининг намунавий макети, шунингдек, тармоқ ва идоравий мансублигидан келиб чиқадиган ҳужжатларнинг янгиланган макетларини тақдим этди.
Маълумот учун: жамоа шартномаси – корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатдир. У, бир тарафдан, ходимлар томонидан касаба уюшмалари ёки ўзлари ваколат берган бошқа вакиллик органлари орқали, иккинчи тарафдан – бевосита иш берувчи ёки у ваколат берган вакиллар томонидан тузилади. Жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилишининг мажбурий элементлари Меҳнат кодексининг 37-моддасида келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинги сафар Жамоа шартномасининг умумий макети қонун ҳужжатлари, хусусан, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида», «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритилиши муносабати билан 2017 йилда қайта кўрилган эди.
Айни вақтда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг порталида корхона, ташкилот ва муассасалар учун Жамоа шартномасининг намунавий макети (2019 йил), шунингдек, тармоқ ва идоравий мансублигидан келиб чиқадиган ҳужжатларнинг макетлари тақдим этилган: соғлиқни сақлаш, таълим тизимининг бюджет муассасалари учун, кичик корхона ва фермер хўжаликлари учун, банклар ва давлат идоралари учун ва ҳ.к. Макетлар билан kasaba.uz порталида танишиш мумкин.
Ўз ахборотимиз.