Norma.uz

Қанча қолган бўлса

 

Ушбу сонда ҳар хил мавзуда берилган саволлар нафақат унинг жавобини кутаётганлар учун, балки яқиндагина «Норма маслаҳатчи» газетасини ўқий бошлаганлар учун ҳам, улар пенсионер эканлигидан ёки ушбу мақомга ўтмоқчи бўлаётганликларидан қатъи назар, қизиқарли бўлади. Экспертлар пенсия қонунчилигига оид батафсил тушунтиришлар берадилар.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига йўлланг.

 

Расмий жавоб

 

Қанча қолган бўлса

 

Амаким – I гуруҳ ногирони тўланиши лозим бўлган пенсияни олишга улгурмай вафот этди.

Қариндошлари ушбу суммани олишлари мумкинми?

Ж.Бўриев. Тошкент ш.

 

– Пенсионер олиши лозим бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия пули мерос таркибига киритилмасдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 19, 20-моддалари) доирасига кирувчи оила аъзоларига тўланади. Ота-онаси, эри (хотини), шунингдек пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турган оила аъзолари бу пулни, улар боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиганлар доирасига кирмаганлари тақдирида ҳам олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Пенсионер вафот этган ой учун олинмай қолган пенсия пули кўрсатиб ўтилган оила аъзоларига ойнинг у вафот топгунга қадар ўтган кунлари учун тўланади.

Оиланинг бир неча аъзоси мурожаат этган тақдирда пенсиянинг уларга тегишли суммаси уларнинг ўртасида тенг тақсимланади.

Пенсионер вафот этган тақдирда унинг оиласига ёки пенсионернинг дафн маросимини ўтказган шахсга ЭКИҲнинг 4 баробари миқдорида дафн этиш нафақаси тўланади.

Кўрсатиб ўтилган пуллар, уларни олиш учун пенсионер вафот этганидан кейин 60 кун ичида мурожаат этилган тақдирда тўланади (Қонуннинг 63-моддаси).

 

Маълумот учун!

Пенсия тайинлаш учун ЗАРУР ҳужжатлар ТАҚДИМ ЭТИЛМАГАН ҳолларда Пенсия жамғармаси бўлими уларни тегишли ташкилотлардан талаб қилиб олишда ЁРДАМ БЕРАДИ.

 

 

 

Аниқлаштириш учун – Пенсия жамғармасига

 

3 йил аввал пенсияга чиққанман. Тақдим этилган ҳужжатларга кўра стажим 35 йилни ташкил этарди. Пенсия жамғармаси ходимлари пенсияни расмийлаштираётганда иш стажидаги даврлар чегириб қолиниши ҳақида ҳеч нима демаган эдилар.

Иш ҳақининг энг юқори миқдори (10 ЭКИҲгача) оширилишини инобатга олган ҳолда пенсия миқдори қайта ҳисобланганда стажим 29 йил бўлиб чиқди.

ПЖ ходимлари 6 йиллик стажим ҳисобга олинмаслиги сабабларини кўрсатмай тўғри қилганларми? Ҳозир ҳисобга олинмаган ушбу стажимни тиклай оламанми?

Н.Петрова. Тошкент ш.

 

– Сизнинг ҳолатда пенсия йиғмажилдингиздаги ҳужжатлар билан танишиб чиқиш лозим. Иш стажи камайтирилиши сабабларини аниқлаштириш учун пенсияни тайинлаган Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилишни тавсия этамиз.

 

* * *

Ишловчи пенсионерман, Мирзо Улуғбек туманида яшайман. Яқинда яшаш жойимни ўзгартирдим. Янги уйим ҳам шу туманда жойлашган.

Бу ҳақда Пенсия жамғармаси бўлимини хабардор қилишим керакми?

 

– Ҳа, албатта, Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилишингиз ва пенсия йиғмажилдига ўзгартиришлар киритишингиз керак.

 

 

 

Бадаллар ҳақида унутманг

 

Иш вақтида касал бўлган даврлар ҳар доим ҳам стажга қўшиб ҳисобланмаслиги ҳақида эшитиб қолдим.

Касаллик варақаси олган давр стаждан чиқариб ташланишига нима сабаб бўлади?

Раиса К. Тошкент ш.

 

– Иш даврида бошланган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври давомийлиги ушбу иш жойи бўйича бериладиган маълумотномалар бўйича белгиланади. Бунда кўрсатиб ўтилган (тиббиёт муассасалари томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақалари билан тасдиқланган) давр иш стажига фақат бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда киритилади (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 64-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова). Тегишинча, бундай даврларнинг стаждан чиқариб ташланишига суғурта бадаллари тўланмаганлиги сабаб бўлади.

 

 

Пенсия – ишончли қўлларга

 

Мен пенсионерман. Узоқ вақт хорижда даволанмоқчиман.

Қизим пенсия тўловларини олиши учун қанча муддатга ишончнома қолдиришим мумкин?

Р.Константинов. Тошкент ш.

 

– Дарҳақиқат, пенсия тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича амалга оширилиши мумкин. Ишончнома бўйича пенсия кўпи билан 12 ой тўланиши мумкин. Бунда ишончнома берган шахс Пенсия жамғармаси бўлимларидан бирига 1 йилда камида 1 марта келиб, тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак.

Пенсионер хорижий давлатда бўлган ва соғлиғи туфайли Ўзбекистонга келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда ЎзРнинг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига мурожаат этиши мумкин ва хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслигини, шунингдек пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим (252-сон Низомнинг 160-банди).

Абдурашид Исмоилов,

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

Судьяларга пенсия қандай тайинланади ва тўланади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 9.01.2019 йилдаги 11-сон қарори билан судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тасдиқланди.

 

Ушбу ҳужжат лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинган. Лойиҳа шарҳида қуйидаги жиҳатлар ёритилган:

√ судьялар олишга ҳақли бўлган пенсия турлари, пенсия тайинлаш учун ёш ва меҳнат стажи;

√ пенсияларни ҳисоблаб чиқариш, тайинлаш ва тўлаш, талаб қилинадигандан ортиқ иш стажи учун уларнинг миқдорини ошириш тартиби.

Тасдиқланган таҳрирга лойиҳага қараганда кўп ўзгартириш киритилмаган.

Хусусан, судья стажига киритиладиган иш даврлари рўйхати тўлдирилди. Лойиҳада тақдим этилган рўйхатга ҳарбий хизматчилар, ички ишлар идоралари бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахсларнинг юридик ихтисослик бўйича хизмати даври, шунингдек прокуратура идораларида даражали унвонларга (ҳарбий унвонларга) эга ходимларнинг ишлаган даври қўшилди.

ЭКИҲнинг 50%и миқдорида пенсияга устама ҳақ олиш учун ишламайдиган II гуруҳ ногиронининг ёлғиз пенсионерлар тоифасига мансублигини аниқлаш тартибига ҳам тузатиш киритилди. Тасдиқланган вариантда бунинг учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг тегишли маълумотномаси талаб этилмайди, фақат ариза берувчининг яқин қариндошлари (ота-онаси, эри (хотини) ва болалари) йўқлигини тасдиқлайдиган далолатнома тақдим этишнинг ўзи кифоя.

Далолатнома пенсияни тайинлаш учун масъул органлар (Конституциявий суд ёки Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти) ва тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари томонидан тузилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 11.01.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Ногиронлиги бўлган болаларнинг оналарига иш стажи бўлмаганда – ижтимоий нафақа

 

Президентнинг 17.01.2019 йилдаги ПФ-5635-сон Фармони билан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.

 

Хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланишини кучайтириш, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш – бир қатор аниқ чоралар назарда тутилган 2019 йилги Давлат дастурининг йўналишларидан бири. Ногиронлиги бўлган болаларни тарбияловчи аёлларга давлат томонидан ижтимоий кўмак бериш ҳам улар орасидан жой олган.

Чунончи, 2019 йил 1 мартдан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга, улар пенсия ёшига тўлгандан сўнг, агар уларда пенсия тайинлаш учун зарур стаж мавжуд бўлмаса, ижтимоий нафақа тўланади. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда унинг миқдори ва тўлаш тартибини назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилади.

Эслатиб ўтамиз, ногиронлиги бўлган болаларнинг оналари умумбелгиланган пенсия ёши 5 йилга камайтирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга. Яъни улар 50 ёшдан пенсияга чиқишлари мумкин. Бироқ бунинг учун қуйидаги шартларга риоя этишлари зарур:

√ ногирон болани 8 ёшга тўлгунига қадар тарбиялашлари;

√ камида 20 йиллик иш стажига эга бўлишлари.

Умумий тартибга кўра, пенсия тайинлаш учун зарур иш стажи бўлмаганда қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ойлик нафақа тўланади (1.11.2018 йилдан – 243 300 сўм). Бироқ у аёл 60 ёшга тўлганда тайинланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.01.2019 йилдан кучга кирди. 

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Эксперт тушунтиради

 

Яна бир бор қайта ҳисоблаб чиқиш ҳақида

 

Кекса аёл 1985 йилда пенсияга чиққан.

Қандай шартларда унинг пенсиясини қайта ҳисоблаб чиқишлари мумкин, уни оширишлари эҳтимоли борми?

Дилором Х. Тошкент ш.

 

– Пенсиялар Президентнинг «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (12.12.2018 йилдаги ПФ-5597-сон) асосан қайта ҳисоблаб чиқилди. Ушбу қарорга мувофиқ 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори 8 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача оширилди.

Илгари пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 8 бараваридан ортиқ бўлмаган ўртача ойлик иш ҳақи қабул қилинар эди. Чунончи, фуқаронинг ўртача ойлик иш ҳақи 9 ЭКИҲни ташкил этса, 9 баравар ва 8 баравар миқдор ўртасидаги фарқ – 202 730 сўм [(1 824 570 сўм (9 х 202 730)) – (1 621 840 сўм (8 х 202 730))] ҳисобга олинмас эди. Тегишинча, 2019 йил 1 январдан кейин пенсияни ҳисоблаб чиқаришда ушбу сумма (202 730 сўм) ҳисобга олинади. Ўртача ойлик иш ҳақи ЭКИҲнинг 10 бараваридан ортиқ ёки унга тенг бўлган фуқароларнинг 2019 йил 1 январдан кейин ҳисобга олинадиган қўшимча суммаси кўпроқ бўлади ва 405 460 сўмни [(2 027 300 сўм (10 х 202 730)) – (1 621 840 сўм (8 х 202 730))] ташкил этади.  

Ўртача ойлик иш ҳақи ЭКИҲнинг 8 бараваридан (1 621 840 (8 х 202 730)) кам бўлган фуқароларнинг пенсияси ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилган. Тегишинча, ушбу тоифадаги шахсларнинг пенсиялари 2019 йил 1 январдан ошириш учун қайта ҳисобланмади.

Баён этилганлардан кўриниб турибдики, 2019 йил 1 январдан пенсиялар муайян пенсионернинг ўртача ойлик иш ҳақининг энг кам иш ҳақига нисбатидан келиб чиқиб оширилади.

Бунда 2019 йил 1 январдан кейин пенсия миқдори ўзгармаган шахслар пенсияга чиққунга қадар охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давридаги иш ҳақи тўғрисида қўшимча маълумотларни тақдим этиб, Пенсия жамғармаси бўлимларига уни қайта ҳисоблаб чиқишни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Масалан, пенсияга чиққунга қадар ўриндошлик асосидаги иши тўғрисидаги маълумотларни. Пенсия жамғармаси бўлимлари амалдаги қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда пенсияни қайта ҳисоблаб чиқадилар.

Янгитдан қайта ҳисоблаб чиқилган ўртача ойлик иш ҳақи асосида пенсия миқдори ошса, мурожаат қилинган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб янги миқдорда тўлана бошлайди. Пенсия қайта ҳисоблаб чиқилганда унинг суммаси ўзгармаса ёки камайса, эски сумма тўланаверади.

 

Зафаржон Хўжаев,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

Маълумот учун!

Ўқиш даврида академик таътилларда бўлиш, шунингдек тайёрлов курсларида ўқиш даври ВАҚТИ ИШ СТАЖИГА ҚЎШИБ ҲИСОБЛАНМАЙДИ.

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Ёрдам олиш умидида

 

14 ёшга тўлмаган учта фарзандим бор, ўзим уй бекасиман, қандай нафақа ва моддий ёрдам олишга даъвогарлик қилишим мумкин? Турмуш ўртоғим хусусий акциядорлик компаниясида ишлайди.

М.Р.

 

– Нафақа ва моддий ёрдам барча фуқароларга эмас, фақат муайян тоифадаги шахсларга берилади:

1) 2 ёшдан 14 ёшгача болалари бўлган кам таъминланган оилаларга – ойлик нафақа ва моддий ёрдам;

2) кам таъминланган шахс ёки оилага – моддий ёрдам;

3) болаликдан ногиронлиги бўлган боланинг онасига – болаликдан ногиронлик бўйича ойлик нафақа;

4) ногиронлиги бўлган онага – ногиронлик нафақаси ёки пенсияси;

5) бола туғилганда – бола туғилганлиги муносабати билан бир йўла тўланадиган нафақа.

Ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган ЭКИҲнинг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилалар кам таъминланган оила дея тан олинади (Низом, ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон қарорига 1-илова).

Тегишинча, агар юқорида санаб ўтилган шахслар доирасига кирсангиз, нафақа ёки моддий ёрдам олишга даъвогарлик қилишингиз мумкин.

Бунда турмуш ўртоғингизнинг иш берувчиси меҳнат қонунчилиги ва жамоа шартномасига мувофиқ (МКнинг IV боби) акциядорлик компаниясининг ўз маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатиши мумкин.

 

 

Ҳаммаси Рўйхатлар бўйича

 

Отам темир йўлда таъмирловчи слесарь бўлиб ишлайди. У муддатидан аввал пенсияга чиқишга ҳақлими?

Бахтиёр К. Тошкент ш.

 

– Меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган эркаклар (3-сон Рўйхатнинг I қисми, ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган) иш стажи камида 25 йил бўлиб, бундан камида 12 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда, охирги иш жойидан қатъи назар, белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда камида 6 йилу 3 ой ишлаган ходимларга пенсия бундай ишдаги ҳар 2 йилу 6 ойи учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади (Қонуннинг 12-моддаси «б» банди; Шартлар, АВ томонидан 12.03.2012 йилда 2337-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқномага 3-илова). Масалан: 6 йилу 3 ойлик махсус иш стажида – 58 ёшда, 7 йилу 6 ойлик стажда – 57 ёшда, 10 йил ишлаб, 56 ёшда пенсияга чиқиш мумкин.

Чунончи, 3-сон Рўйхатнинг I қисми XXIX «Транспорт» бўлимида тоифасиз, 1 ва 2-тоифали станциялар вагонларига техник (техник ва тижорат) хизмат кўрсатиш пунктларида банд бўлган магистрал темир йўлларнинг ҳаракатдаги таркибини таъмирловчи слесарлар назарда тутилган.

Шу билан бирга, Талаб қилинадиган умумий ва махсус иш стажи бўлганда умумий белгиланган ёшдан 10 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 2-рўйхати I қисми, ­3-Рўйхатнинг I қисми иш ўрнини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказишни ҳисобга олган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда татбиқ этилади (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори 2-банди).

Отангизнинг касби юқорида кўрсатилган рўйхатга мувофиқ келса, имтиёзли пенсияга чиқиш учун қўшимча шартларга ҳам риоя этиш зарур:

√ имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берувчи ишларда 12 йилу 6 ой (ёки 6 йилу 3 ой, 7 йилу 6 ой, 10 йил) давомида тўлиқ банд бўлиш;

√ умумий иш стажи – 25 йил;

√ иш ўрнини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш натижаларининг мавжудлиги ва мувофиқлиги.

Иш ўрнини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш натижалари сақланиб қолмаган бўлса, меҳнат шароитлари имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берувчи меҳнат фаолияти даврларига мувофиқлиги юридик далилини ўрнатиш учун фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш мумкин.

 

 

 

Стажда узилиш бўлганда

 

Охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомида кетма-кет 5 йиллик стаж бўлмаса, пенсияни ҳисоблаш учун қайси ишланган давр ҳисобга олинади?

Р.Варевина.

 

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади (Қонуннинг 31-моддаси 1-қисми).

Меҳнат фаолиятидаги танаффуслар турлича бўлиши мумкин, масалан:

1) меҳнат дафтарчасидаги ёзув узлуксиз меҳнат фаолияти юритилганлигидан далолат беради, бироқ ҳар хил сабабларга кўра турли даврларда фуқароларга иш ҳақи ҳисобланмаган бўлади.

Бу ҳолда иш ҳақи ҳисобланмаган даврлар (масалан, иш ҳақи сақланмаган таътил) ноль дея қабул қилинади ва ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқараётганда инобатга олинади, яъни ўртача ойлик иш ҳақини камайтиради.

Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар қисман мавжуд бўлмаган (масалан, архивдаги иш ҳақи тўғрисидаги ёзув яроқсиз ҳолга келган ёки йўқолган) ҳолларда мавжуд бўлмаган даврлар учун иш ҳақини аниқлаш мақсадида туман коэффициенти ҳисобга олинмасдан, қонун ҳужжатларида тегишли даврлар учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорлари қабул қилинади (252-сон Низомнинг 85-банди).

Меҳнат дафтарчасидаги суд тартибида сохталаштирилган (қалбакилаштирилган) деб топилган ёзувлар меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллик даврига киритилмайди (252-сон Низомнинг 88-банди);

2) ишдан бўшаш ёки ишга кириш сабабли меҳнат дафтарчасидаги ёзувларда узилишлар бўлади. Тегишинча, иш стажининг кетма-кетлигини аниқлаш чоғида ишдан бўшаш ва ишга кириш оралиғидаги даврлар ҳисобга олинмайди. Яъни ишдан бўшаш ва ишга кириш оралиғидаги давр кетма-кетлик тушунчасига кирмайди.

Масалан, меҳнат дафтарчасидаги ёзувларга кўра қуйидаги даврларда меҳнат фаолияти юритилган: 1.01.2010 йил – 31.12.2013 йил (48 ой), 1.05.2014 йил – 31.07.2014 йил (3 ой), 1.01.2016 йил – 30.09.2016 йил (9 ой). Умумий меҳнат фаолияти 60 ойни ташкил этган. Айни шу давр кетма-кет 5 йиллик стаж дея қабул қилинади. 

 

 

 

Мавсумдан мавсумгача

 

Мавсумий, масалан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ишловчилар учун қандайдир имтиёзлар борми, бунда уларнинг стажи қандай ҳисобланади?

К.Р.

 

– Мавсумий ишларда банд бўлган ходимлар иш стажини ҳисоблаб чиқариш бўйича имтиёзга эга. Чунончи, саноатнинг мавсумий тармоқлари ташкилотларида банд бўлган ходимларга тўлиқ мавсум мобайнидаги иш 1 йилдаги иш учун, тўлиқ бўлмаган мавсум мобайнидаги иш – амалда банд бўлган давр бўйича ҳисобга олинади (252-сон Низомнинг 43-банди).

Бироқ мазкур имтиёз мавсумий ишларда банд бўлган ходимларнинг барчасига нисбатан татбиқ этилмайди. Тўлиқ бир мавсум ишлаш пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтадиган мавсумий ишлар ва саноатнинг мавсумий тармоқлари рўйхатига (252-сон Низомга ­5-илова) мувофиқ, қуйидаги мавсумий ишлар ва саноатнинг мавсумий тармоқларида тўлиқ бир мавсум ишлаш пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтади:

1) пахта тозалаш саноати корхоналаридаги ишлар:

а) пахтани қуритиш;

б) пахтани тозалаш;

в) пахтани юклаш, тушириш;

г) пахтани пневмотранспортга ортиш;

д) қуритиш-тозалаш цехини йиғиштириш ва иситиш, ишлаб чиқариш чиқиндиларини чиқариб ташлаш;

2) саноатнинг қанд-шакар ва консерва ишлаб чиқариш тармоқлари корхоналаридаги ишлар;

3) ипакчилик тармоғи корхоналари ва фермер хўжаликларидаги ишлар:

а) тут уруғи тайёрлаш;

б) тут ниҳоллари ва тут кўчатлари етиштириш;

в) тут ипак қурти уруғларини инкубаторияларда жонлантириш;

г) тут ипак қурти парваришлаш;

д) тирик ва қуруқ пиллани саралаш;

е) тирик пиллани қуритиш;

ж) пиллани қўл кучи ёрдамида ташиш;

з) пилладан намуналар олиш (лабораторияда саралаш учун);

и) уруғчилик корхоналарида капалакларни жинсларга ажратиш;

к) тут ипак қурти уруғларини микротаҳлилдан ўтказиш;

л) тут ипак қурти уруғларига ишлов бериш;

м) тут ипак қурти уруғларини қишлаш давридаги ишлар;

н) тут ипак қурти уруғларини қадоқлаш ва ёрлиқлаш.

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларга қонунчиликда бошқа имтиёзлар назарда тутилмаган.

Бошқалар сингари, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи умумбелгиланган қоидага кўра белгиланади (Қонуннинг ­7-моддаси). Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар Қонун 37-моддаси биринчи қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда (29-модда) тайинланади.

Пенсиялар тайинлашда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги 10 йили давомидаги исталган кетма-кет 5 мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини 60 га бўлиш йўли билан аниқланади (Қонуннинг 31-моддаси 5-қисми).

 

 

 

ПЖ учун ҳужжатлар

 

Ишламай қўйган пенсионер Пенсия жамғармаси бўлимига буни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши шартми ёки меҳнат дафтарчаси нусхасининг ўзи етарлими?

Р.Аскерова.

 

– Меҳнат шартномаси (фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома) бекор қилинганда, пенсионер, яшаш жойидаги Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига ишдан бўшаганлик тўғрисидаги буйруқ тартиб рақами ва санасини (ФҲШ бекор бўлишининг сабабини) кўрсатган ҳолда топшириқномага хабарномани ҳамда меҳнат шартномасининг бекор бўлганлиги тўғрисидаги буйруқ кўчирмасини (ФҲШнинг нусхаси) тақдим этади. Ушбу ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилади ва пенсия ишига тикилади (АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 17-банди).

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Буни билган маъқул

 

Қўшиш йўли билан оламиз

 

Пенсияга чиқишга ҳеч қанча вақт қолмаганда ҳар ким қанча пенсия олишини ҳисоблаб кўргиси келади. Ҳисоблаш чоғида пенсия миқдори нималарга боғлиқ бўлишини билиш лозим.

 

Пенсия миқдори иш стажининг муддатига боғлиқ бўлиб, қуйидагилардан таркиб топади:

√ пенсиянинг таянч миқдоридан;

√ иш стажи учун пенсиянинг оширилишидан;

√ пенсияга қўшиладиган устама ҳақлардан.

 

Пенсияларнинг қуйидаги таянч миқдорлари белгиланган:

а) ёшга доир пенсия учун – пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55%и, лекин расмий белгиланган ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100%и миқдорида;

б) I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсияси учун – пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55%и, лекин ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100%и миқдорида;

в) оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун – пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30%и, лекин ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 50%и миқдорида;

г) ота-онасидан жудо бўлган (чин етим) болаларга ёки вафот этган ёлғиз онанинг болаларига, ҳар бир болага боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун – пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30%и, лекин ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100%и миқдорида.

 

Пенсия тайинлашда талаб этиладиганидан ортиқча иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсияларнинг таянч миқдорлари қуйидагича оширилади:

а) ёшга доир пенсиялар – пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1%и миқдорида;

б) I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари – пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1%и миқдорида;

в) боқувчисини йўқотганлик пенсиялари оиланинг меҳнатга қобилиятсиз ҳар бир аъзоси учун – боқувчининг ўртача ойлик иш ҳақининг 0,5%и миқдорида оширилади.

Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун пенсия тайинланадиган санада қонунчилик билан белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробаридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

Пенсия тайинлаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ мавжуд бўлмаган ҳолларда, пенсия миқдори қонун ҳужжатларида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилинган кунда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, минтақавий коэффициент ҳисобга олинмасдан ҳисоблаб чиқилади.

 

Маълумот учун!

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси манзили: 100008, Тошкент, Мустақиллик майдони, телефонлар: (71) 239-10-46; 239-11-39; 239-47-49; факс: (71) 239-12-46, e-mail: pension_uz@pfca.mf.uz.

 

 

 

Хориж тажрибасидан

 

Пенсия ёши: имтиёзлар ва тажриба

 

РФда кучга кирган қонунга кўра, 2019 йилдан бошлаб аёллар учун пенсия ёши 60 ёшгача ва эркаклар учун 65 ёшгача секин-аста оширила бошлайди. Ўтиш даври 2028 йилгача давом этади.

 

Пенсия ёшини оширишдан ташқари, янги қонун ҳужжатида пенсия ёшига яқинлашиб қолган (у пенсияга чиқишдан 5 йил олдин бошланади) фуқаролар учун айрим имтиёзлар назарда тутилган, яъни:

√ қишлоқ хўжалиги соҳасида камида 30 йил меҳнат қилган ходимлар пенсиясининг қатъий белгиланган қисмига 25 фоизлик устама тўланади;

√ иш берувчи тиббий кўрикдан ўтиш учун ҳар йили ҳақ тўланадиган 2 кун бериши шарт;

√ ҳомиладор аёллар учун бўлганидек иш билан бандлик кафолати белгиланади. РФ Жиноят кодексидаги моддада пенсия ёшига етган шахсни ишга қабул қилишни асоссиз рад этганлик ёки асоссиз ишдан бўшатганлик учун жавобгарлик белгиланган;

√ кекса ёшдаги фуқаролар асосий ишидан узилган ва жорий йилда 11 280 рублни ташкил этадиган ЭКИҲ миқдорида стипендия олган ҳолда махсус ўқув дастурлари бўйича малака оширишлари мумкин;

√ бўлажак пенсионерлар ишга жойлаша олмаган тақдирда оширилган миқдордаги ишсизлик нафақасини олишлари мумкин. 2019 йилда барча фуқаролар учун энг юқори миқдордаги нафақа 8 минг рублгача оширилса, ушбу тоифа учун 11 280 рублни ташкил этади;

√ илгари пенсия ёшига тўлган фуқароларга берилган мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш бўйича имтиёзлар амал қила бошлайди;

√ жамғариб бориладиган пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилиш мумкин бўлади.

 

* * *

Италия ҳукумати айрим тоифадаги фуқаролар учун пенсия ёшини камайтириб,
базавий даромадни жорий этувчи фармонни қабул қилди.

 

Бош вазир ўринбосари Луиджи Ди Майо жорий этилган базавий даромад миқдори 780–1 032 евро атрофида бўлишини маълум қилди. У ишсиз ва кам таъминланган фуқароларга берилади.

«2011 йилги самарасиз ислоҳотдан сўнг пенсия ёши 67 ёшни ташкил этди, уни камида 3 йилга камайтириш кўзланмоқда», – дейилади хабарда.

Италия 2019 йилда ушбу иқтисодий дастурни амалга ошириш учун 7 млрд евро сарфламоқчи. Ушбу ислоҳотлар сўнгги сайловларда ғолиб бўлган партиялардан бири – Беш юлдуз ҳаракатининг сайловолди иқтисодий дастурида асосий ўрин тутган эди.

Хусусий компаниялар учун янгилик жорий йил апрелдан, давлат корхоналари учун эса июндан бошлаб кучга киради.

 

Интернет тармоғи материаллари асосида.

 

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

 

Прочитано: 1670 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика