Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 07 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз


Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Электр энергияси ва газ учун бизнес тўлайдиган олдиндан тўлов 50%гача камайтирилди

 

Президентнинг 5.02.2019 йилдаги ПФ-5654-сон Фармони билан «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга (29.05.2017 йилдаги ПФ-5059-сон) ўзгартириш киритилди.

 

Тузатишларга биноан маиший истеъмолчилар сирасига кирмайдиган истеъмолчилар энергия ташувчилар учун «50/50» тизими бўйича – ярмини олдиндан, ярмини ой охиригача тўлаш ҳуқуқига эга бўлдилар.

 

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб маиший истеъмолчилар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ҳақиқатда истеъмол қилинган газ ва электр энергияси ҳажмлари учун, қолган абонентлар эса олдиндан тўлиқ ҳақ тўлаш асосида ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Мажбуриятлар муддатида бажарилмаган ҳолларда электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан тўлиқ узиб қўйишлари мумкин.

 

Энди хўжалик юритувчи субъектлар олдиндан тўловни тўлиқ ёки қисман тўлашлари мумкин. «50/50» тизимига ўтиш учун электр таъминоти ташкилотини бу ҳақда огоҳлантиришнинг ўзи кифоя.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 5.02.2019 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Алкоголь ишлаб чиқарувчилар лицензияларни қайта расмийлаштиришлари шарт

 

Президентнинг 5.02.2019 йилдаги ПФ-5656-сон Фармони билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар белгиланди.

 

Ҳужжатда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилишнинг тартиблари янгиланди. Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга қўйиладиган лицензия талаблари кучайтирилди.

 

Янгича тартибот

Қабул қилинган меъёрларга мувофиқ:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари лицензиялар асосида ишлаб чиқарилади. Бу алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдосига ҳам тааллуқли. Лицензияларни Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси (мазкур Фармон билан ташкил қилинган) белгиланган тартибда беради;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар маҳсулотни фақат улгуржи ташкилотларга реализация қилади, пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий винолар бундан мустасно;

барча юридик шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланишга ҳақли;

маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларни реализация қилиш барча савдо корхоналари, шунингдек, меҳмонхоналар хизматларини ҳамда алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқини берувчи рухсат этиш гувоҳномаси бўлмасдан туриб умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин;

Инспекция ҳузуридаги этил спирти сифатини аниқлаш бўйича лабораториялар, уларнинг тегишли тарзда ишлаши учун зарур техник шароитларни таъминлайдиган истеъмол этил спиртини ишлаб чиқарувчи корхоналарда жойлашади;

ишлаб чиқарувчилар томонидан истеъмол этил спиртини реализация қилиш 100 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шартларида амалга оширилади;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар олдиндан тўловни амалга оширмасдан алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқига эга;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан истеъмол этил спиртини Инспекция томонидан тақсимланган ҳажмлардан ортиқча ҳажмда харид қилиш Инспекцияни белгиланган тартибда хабардор қилиш йўли билан амалга оширилади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини режалаштириш ишлаб чиқарувчилар томонидан бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

 

Қўшимча лицензия талаблари

Белгиланишича, Этил спирти, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш бўйича ҳукумат комиссияси томонидан алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишга илгари берилган лицензиялар 2019 йил 1 июлгача ҳақиқий ҳисобланади. Уларнинг барчаси, амал қилиш муддатидан қатъи назар, янги лицензия талабларини ҳисобга олган ҳолда қайта расмийлаштирилиши шарт.

Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом (ВМнинг 30.12.2005 йилдаги 285-сон қарори билан тасдиқланган) билан лицензия талаблари белгиланган. 2020 йил 1 январдан бошлаб ароқ ва (ёки) ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга оширишга қуйидаги қўшимча лицензия талаблари жорий этилади:

3 йил ичида ўзининг техник узум навлари плантацияларини бир текис яратиш, келгусида вино материаллари ва (ёки) вино ишлаб чиқаришни ташкил қилиш. Бунда техник узум навлари экилганидан кейинги 3 йилдан сўнг техник узум навлари плантацияларининг майдони ароқ ва (ёки) ликёр-ароқ маҳсулотларини йиллик ишлаб чиқариш ҳажмининг 75%ига мутаносиб келадиган вино материаллари ва (ёки) вино ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ҳосилни йиғиш имконини бериши керак;

ароқ ҳамда истеъмол этил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан ўрнатилган қувватларнинг 60%идан кам бўлмаган миқдорда фойдаланилишини таъминлаш. Бунда йиллик ишлаб чиқариш ҳажми абсолют алкоголга қайта ҳисоблаганда камида 100 минг декалитрни ташкил қилиши лозим;

ароқ ишлаб чиқармайдиган корхоналарда истеъмол этил спиртидан ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан ўрнатилган қувватларнинг 50%идан кам бўлмаган миқдорда фойдаланилишини таъминлаш.

Бунда узум, мевалар ва резавордан тайёрланган алкоголь маҳсулотларига минимал ишлаб чиқариш ҳажми бўйича лицензия талаби ўрнатилмайди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 6.02.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Гаевой.

 

 

 

 

Ўзбекистонда бизнес юритиш осонлашади

 

Президентнинг 5.02.2019 йилдаги ПҚ-4160-сон қарори билан Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

 

2019 йил 1 мартдан бошлаб бизнес юритиш шарт-шароитлари либераллаштирилишини назарда тутувчи янги тартиб жорий этилади. Барча чора-тадбирлар 7 та соҳа бўйича гуруҳланган, «Doing Business» ҳисоботини тузиш чоғида бошқалар қатори улар ҳам индикаторлар сифатида баҳоланади.

Мамлакатда бизнес-жараёнлар, айниқса давлат тузилмаларига тааллуқли бўлган қуйидаги бизнес-жараёнлар анча соддалаштирилади:

1) тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда банкларга Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиқиб, ариза берувчиларни масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур бўлган шарт-шароитлар мавжуд бўлганда таъсисчилари Ўзбекистон резидентлари ҳисобланган юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида банк ҳисобрақамларини масофадан туриб очишга рухсат берилди;

2) қурилиш учун рухсатномалар олиш соҳасида:

√ ер участкасида қурилиши тақиқланган ёки рухсат этилган объектлар турларининг тўлиқ рўйхатини мажбурий тарзда кўрсатиб, «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасига аукцион орқали қўйилганда, ер участкаларидан мақсадли фойдаланиш тартиби бекор қилинади;

√ қурилиш органларига архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини (ЛСҲ) келишиш функциялари ушбу кенгашларда фақат тарихий ҳудудлар, шу жумладан, маданий мерос ёдгорликларини қўриқлаш ҳудудлари, шунингдек, давлат объектларининг ЛСҲни келишиш функцияларини сақлаб қолган ҳолда ўтказилади;

√ «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасида аукцион орқали реализация қилинган ер участкаларидаги қурилиш объекти фойдаланишга топширилганидан сўнг амалга ошириладиган топографик ва махсус суратга олишларни (зарур ҳолларда) янгилаш ишларининг қиймати ер участкаларини реализация қилишдан тушган маблағлар доирасида ер участкалари ва кўчмас мулк эгалари фаолиятига аралашмаган ёки тўсқинлик қилмаган ҳолда тўланади;

√ қурилиши тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома кўчирмаси билан бир вақтда берилади;

3) электр таъминоти тизимига уланишда истеъмолчиларни электр таъминотидан рухсатсиз узганлик учун иқтисодий санкциялар қўлланилиши назарда тутилади;

4) мулкни рўйхатдан ўтказишда:

√ кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр ҳисобини юритиш учун ариза экстерриториаллик принципи асосида берилиши мумкин;

√ жисмоний ва юридик шахслар кўчмас мулк объектлари бўйича битим ва кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини олиш билан боғлиқ бўлган гувоҳномаларни нотариал тасдиқлаш учун мурожаат қилганда, нотариал идоралар мажбурий тартибда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризани ва тегишли ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ахборот-коммуникация тизимлари орқали бепул асосда юборади;

√ кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилди ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун электрон шаклда мурожаат қилиш ва тайёрлаш механизмини жорий этиш орқали қоғоз шаклида мурожаат қилиш ва кадастр йиғмажилдини бериш тўғрисидаги талаб бекор қилинади;

5) миноритар акциядорларни ҳимоя қилиш соҳасида:

√ акциядорларга йирик битим ва аффилланган шахслар билан қиймати жамият соф активлари миқдорининг 10 ва ундан ортиқ фоизини ташкил қилувчи битим тузиш натижасида жамиятга етказилган зарар учун кузатув кенгашининг манфаатдор аъзосини суд тартибида жавобгарликка тортиш ҳуқуқи берилади;

√ масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият фаолияти юзасидан қайсидир масалада келишувга эришилмаганлиги сабабли қарор қабул қилиш учун етарли овоз бўлмаганда, вужудга келган зиддиятли вазият суд тартибида ҳал қилинади;

√ акциялар бўйича ҳисобланган дивидендларни Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ёки инвестиция воситачилари орқали тўлаш механизми жорий этилади;

6) халқаро савдода:

√ товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни бериш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан бир қаторда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг ариза-декларацияси асосида, ариза топширилган вақтдан бошлаб 1 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда Савдо-саноат палатаси томонидан ҳам амалга оширилади;

7) контрактлар ижросини таъминлаш соҳасида:

√ иқтисодий судда низоларни ҳал қилиш усули сифатида судгача мажлис ўтказиш имконини берувчи тартиб жорий этилади;

√ жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судларда, маъмурий ва иқтисодий судларда фуқаролар томонидан амалга ошириладиган барча тўловларни, шу жумладан, давлат божини ҳисобга олиш ва тўлашнинг ягона электрон тизими жорий этилади.

Бундан ташқари, 1 мартдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинади:

√ давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр босилиши ёки ҳужжатларнинг муҳр билан тасдиқланишини талаб қилиш;

√ қурилиш-монтаж ишларининг бошланиши ҳақида хабардор қилиш механизмини жорий этиш орқали уларни амалга ошириш учун рухсатнома олиш;

√ оммавий офертани жорий этиш орқали қурилиш соҳасини назорат қилувчи ҳудудий инспекциялар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва тўлиқлиги устидан назорат функцияларини бажариш юзасидан шартномалар тузиш.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 6.02.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

 

ХУМШ ва бошқарувчи компания ишини қандай кузатиш мумкин

 

Вазирлар Маҳкамасининг 30.01.2019 йилдаги 67-сон қарори билан кўп квартирали уйларни бошқариш тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш назарда тутилган.

 

Ҳужжат кўп квартирали уйларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар бўйича ҳисоб-китоб ишларини юритишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда аҳолига янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган.

Бунинг учун кўп квартирали уйларни бошқариш тизимига ХУМШда мажбурий бадалларнинг ҳисоб-китобини юритиш ва ахборот-маслаҳат олиш имконини берадиган биллинг тизими – «Обод уй» электрон дастури жорий этилади.

«Обод уй» тизими Вазирлар Маҳкамасининг 12.12.2016 йилдаги 400-сон қарори асосида ишлаб чиқилган ва пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида экспериментал тартибда жорий этилган эди.

Энди дастур ва унинг барча дастурий таъминот базаси УКХ вазирлигига бепул топширилиб, республиканинг барча шаҳар ва туманларида фойдаланилади. Шу муносабат билан электрон дастурни жорий этиш, ундан самарали фойдаланиш, шунингдек «Ягона ҳисоб-китоб маркази» ДУК ва уларнинг филиаллари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар комплекси тасдиқланди. Эслатиб ўтамиз, улар бухгалтерия ҳисобини юритиш, консалтинг хизматлари кўрсатиш ҳамда шартномавий асосда ширкатлар аъзоларидан мажбурий бадалларни йиғишда ХУМШга ёрдам берадилар.

Назарда тутилган чора-тадбирлар сирасига қуйидагилар киради:

√ ХУМШ ва бошқарувчи ташкилотларга тижорат банклари томонидан ажратилган кредит маблағлари мақсадли ва самарали сарфланиши юзасидан доимий назорат ўрнатиш механизмини яратиш;

√ ўтказиладиган умумий йиғилишлар тўғрисидаги ва бошқа эълонлар, йиғилиш баённомалари, ҳисоботлар ва йиллик харажатлар сметаларини аҳолига етказишни таъминлаш;

√ кўп квартирали уйларни жорий ва капитал таъмирлаш ҳамда уларнинг атроф ҳудудларида қуриладиган қўшимча қурилишлар (болалар майдончалари, айвонли тандирхоналар ва шу кабилар) тўғрисида тўлиқ маълумотлар олиш тизимини ишлаб чиқиш;

√ квартиралар эгалари томонидан тўланаётган мажбурий бадаллар бўйича дебиторлик ва кредиторлик қарзлар тўғрисидаги маълумотларни ХУМШ ва бошқарувчи ташкилотларнинг бухгалтерия ҳисобини юритувчи дастурий таъминотда автоматик тарзда қабул қилиш ва ҳ.к.

Режалаштирилган чора-тадбирларнинг барчаси 2019 йилнинг биринчи ярми давомида амалга оширилади. 

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 31.01.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1315 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика