Маёқчали автомобилларни кўп кўраман. Масалан, қизил ва кўк ёки сариқ ва зарғалдоқ ранглиларини. Бундай автомобиллар ўртасида қандай фарқ бор?
А.Р. Тошкент ш.
– Тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқчалар билан жиҳозланади.
Ялт-ялт этувчи кўк рангли ёки кўк ва қизил рангли чироқ-маёқчаси ва махсус товушли ишораси ёқилган машина яқинлашиб келаётган бўлса, пиёдалар қатнов қисмидан ўтмасликлари, унда ҳаракатланаётганлари эса, бу транспорт воситаларига йўл беришлари ва зудлик билан қатнов қисмини бўшатишлари керак.
Ҳайдовчилар эса уларга тўсиқсиз ўтиб кетишлари учун йўл беришлари шарт (ЙҲҚнинг 25, 26-бандлари, ВМнинг 24.12.2015 йилдаги 370-сон қарорига 1-илова).
Зарғалдоқ ёки сариқ рангли милтилловчи чироқ-маёқча:
√ йўлда қурилиш, таъмирлаш ёки тозалаш ишлари олиб борилаётганда;
√ техник шикастланган, носоз бўлган ва бошқа транспорт воситаларини қонунда кўзда тутилган ҳолларда ортишда, ташишда;
√ йўл ҳаракатида қатнашаётган, габарит ўлчамлари ЙҲҚнинг 164-бандида белгилангандан ортиқ бўлган;
√ ўта оғир, катта ўлчамли ва хавфли юк ташиётган транспорт воситаларида ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳолларда бундай транспорт воситаларини кузатиб келаётган транспорт воситаларида ёқилиши керак.
Зарғалдоқ ва сариқ рангли чироқ-маёқча ҳаракатланишда имтиёз бермайди ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларини фақат хавф борлигидан огоҳлантиради (ЙҲҚнинг 28-банди).
«АвтоНорма» бўлимини Алла Ромашко олиб боради.