Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 20 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Цемент нархини пасайтириш чоралари кўрилди

 

Президентнинг 4.05.2018 йилдаги «Ички бозорни цемент билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3696-сон қарори эълон қилинди.

 

Монополист корхоналарга уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар учун арзон уй-жойларни, ижтимоий соҳа, транспорт инфратузилмаси ва сув хўжалиги объектларини марказлашган манбалар ҳисобидан қуришни амалга оширувчи пудрат ташкилотлари билан икки томонлама шартномалар бўйича 2 млн тонна ҳажмдаги цементни сотишга рухсат берилди. Бунда унинг бир тоннаси учун нархи 367 минг сўмни (ҚҚС билан), олдиндан тўлов эса 100%ни ташкил этади.

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 14.11.2017 йилдаги ПҚ–3386-сон қарорига мувофиқ монополист корхоналар цементни биржа савдоларида сотадилар.

 

Шунингдек цемент ва клинкер ишлаб чиқарувчилар учун белгиланган чегара оширилди, ундан ортиқ олинадиган фойда қўшимча фойда деб тан олинади. Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексининг 249 ва 250-моддаларига мувофиқ, қўшимча фойда – реализация қилишдан олинган соф тушум билан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳисоб-китоб баҳоси ўртасидаги фарқ. Қўшимча фойда суммаси билан қўшимча фойда қисмига тўғри келадиган соф тушумдан ҳисоблаб чиқарилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланадиган соф қўшимча фойда солиқ солинадиган базадир.

 

Позиция

 

Аввалги солиқ солинадиган база (ҚҚС ва акциз солиғисиз)

 

Янги солиқ солинадиган база (ҚҚС ва акциз солиғисиз)

 

Солиқ ставкаси

 

Цемент

 

1 тонна учун 145 000 сўмдан юқори

 

1 тонна учун 280 000 сўмдан юқори

 

50%

 

Клинкер

 

1 тонна учун 120 000 сўмдан юқори

 

1 тонна учун 260 000 сўмдан юқори

 

 

Бу – муҳим! Вазирлар Маҳкамаси биржа савдоларидаги нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда солиқ солинадиган базанинг миқдорини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 5.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекция агросаноат устидан тўлиқ назорат қилади

 

Президентнинг 7.05.2018 йилдаги қарори билан Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари қабул қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 17.04.2018 йилдаги ПФ-5418-сон Фармони билан қишлоқ хўжалиги бошқаруви соҳасида ислоҳотлар амалга оширилган: янги органлар, шу жумладан Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (бундан кейин – Инспекция) ташкил этилди, 5 та қишлоқ хўжалиги идора ва муассасаси тугатилди.

 

1 августдан «Ўзстандарт» агентлигининг «Ўзбекистон пахта маҳсулотларини сертификатлаш «Сифат» маркази» ДК ҳам тугатилади. Инспекция тугатилаётган барча ташкилотларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади, шу жумладан уларнинг вазифалари, функциялари ва ваколатлари унга ўтади. Тугатилаётган ташкилотлар ходимларининг ишга жойлаштирилишини таъминлашга кўмаклашилади.

 

Инспекция нималар билан шуғулланади

Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

1) қуйидагилар устидан назорат қилиш:

√ пахта ва дон экинларининг уруғларини давлат томонидан буюртма қилиш, тайёрлаш, алоҳида қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши;

√ қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларининг тегишли ҳажмларда шакллантирилиши;

√ қишлоқ хўжалиги ерлари, қишлоқ хўжалиги экинлари давлат ресурсларидан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланилиши;

√ сунъий сув объектларида сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши;

√ қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг, уларнинг эксплуатация қилиниши, сифати самарадорлигининг, сервис ва таъмирлаш хизматларининг техник ҳолати ва бошқалар;

2) экспорт-импорт ва ички ташишларда дон экинлари, пахта хом ашёси, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини текширувдан ўтказиш;

3) ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

4) маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш.

Инспекция бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимларининг чекланган сони – 1 795 нафар. Унинг марказий аппарати, шунингдек Инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари, туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимларининг тузилмалари тасдиқланган.

Инспекция бошлиғини Президент тайинлайди. У мақоми, меҳнатига ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича Бош прокурор ўринбосарига тенглаштирилган.

Даражали унвонларга эга бўлган Инспекция ходимлари прокуратура органлари ходимлари ҳисобланади ҳамда уларга тегишли имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чоралари татбиқ этилади.

 

Инспекция ҳузурида «Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази» ДУК ташкил этилди

Унинг асосий вазифалари:

√ намуналар танлаб олиш ва маҳсулотни идентификациялаш;

√ пахта толаси, пахта момиғи, пахта ва қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари, шунингдек, дон ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар синовларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш;

√ мувофиқлик сертификати бериш;

√ пахта толаси ширадорлигини аниқлаш, пахта толаси ва момиғи тойлари массаси назоратини амалга ошириш;

√ пахта тозалаш ва ёғ-мой саноати корхоналари, пахта маҳсулотларининг харидорлари ҳамда бошқа ташкилотлар учун сертификатланадиган пахта маҳсулотлари ташқи кўринишининг стандарт намуналарини тайёрлаш, реставрация қилиш ва улар билан таъминлаш;

√ районлаштирилган ва истиқболли қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг нав софлигини тупроқдаги таҳлил орқали текшириш ҳамда натижаларини манфаатдор ташкилотларга юбориш.

 

Бу – муҳим! Марказ томонидан Инспекциянинг назорат функцияларини амалга ошириш учун кўрсатиладиган хизматлар солиқ солинадиган базага киритилмайди. 

 

Инспекцияни ривожлантириш учун – махсус Жамғарма

Унинг маблағлари қуйидаги манбалардан шакллантирилади:

√ Марказ даромадларининг 20%и;

√ Инспекция қўллаган жарима санкциялари умумий суммасининг 40%и;

√ Инспекция ходимлари томонидан солинадиган жарималар миқдорларининг 50%и;

√ тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, ўзи юрар машиналар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларини техник кўрикдан ўтказиш, гувоҳномалар, рақам белгилари ва техник паспортлар бериш учун ундириладиган йиғимлар миқдорининг 80%и;

√ Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

√ қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар.

 

 

 

Қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб беришнинг янги шартлари тасдиқланди

 

Президентнинг 10.05.2018 йилдаги «Қишлоқ хўжалигини ўз вақтида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

 

2018 йилда ҳудудлар кесимида қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришнинг қўшимча ҳажмлари тасдиқланди. Техниканинг бир қисми лизинг бўйича етказиб берилади. Банкларга асосий қарз ва фоизларни сўндиришнинг имтиёзли даври билан 4 ойдан кам бўлмаган муддатга лизинг ташкилотларига улар техникани етказиб бериш имкониятига эга бўлишлари учун кредитлар ажратиш тавсия этилди.

Бундан ташқари, етказиб беришнинг янги тартиби жорий этилди. Буюртмалар портфели устувор равишда маҳаллий ва жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари иштирокида ўтказиладиган ҳудудий ярмаркалар давомида амалга оширилади. Улар бир йилда икки марта – февраль-март ва сентябрь-октябрь ойларида ўтказилади.

Етказиб бериш шартлари – олдиндан тўлов етказиб берилаётган техника нархининг 80%идан кам бўлмаган миқдорда техникани етказиб бериш бошланишидан 120 кундан кам бўлмаган муддатда, якуний ҳисоб-китоб эса етказиб берилган техника қабул қилингандан кейин 10 иш куни давомида.

Ҳужжат қуйидаги йўналишларда қатор топшириқларни ҳам ўз ичига олади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш ИТИ фаолиятини такомиллаштириш;

Қишлоқ ҳўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш учун маблағларнинг ўз вақтида ажратилиши устидан тизимли мониторинг ва назорат ўрнатиш;

«Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар фаолиятини ўрганиш ва қишлоқ хўжалиги техникаси паркини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва ҳ.к.

 

 

Маъмурий ҳуқуқбузарлар базасига кўпроқ фуқаролар киритилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 3.05.2018 йилдаги «Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчиларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги 322-сон қарори эълон қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар тўғрисида маълумотлар киритилган ягона марказлаштирилган тизим (маълумотлар базаси) мавжуд. У қуйидагилар учун зарур:

а) такроран содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун янада қатъий жазо қўллаш.

Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-1-моддасига мувофиқ бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузганлик учун 5 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача миқдорда жарима солинади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса – 10 ЭКИҲдан 15 ЭКИҲгача;

б) маъмурий ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда жиноий жавобгарликка тортиш.

Масалан, била туриб, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, Жиноят кодексининг 148-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка олиб келади – 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади;

в) ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун.

Чунончи, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ муайян маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар профилактик ҳисобга олинади;

г) маҳкумлар билан боғлиқ айрим масалаларни ҳал этиш ва бошқа мақсадлар учун.

Масалан, агар маҳкум озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб бўлганидан кейин унга нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилган бўлса, ундан судланганликни олиб ташлаш рад этилади (Жиноят кодексининг 79-моддаси).

 

Ушбу ҳисобга олиш тизими кенгайтирилди ва такомиллаштирилди.

Биринчидан, энди нафақат маъмурий жазо чоралари қўлланган шахслар, балки ваколатли органлар уларга нисбатан огоҳлантириш билан чекланган шахслар ҳам (МЖТКнинг 21-моддаси) ҳисобга олинади. Бундан ташқари, қуйидаги шахслар ҳам ҳисобга олинади:

жавобгарликка тортишнинг даъво муддати ўтиб кетганлиги сабабли маъмурий жазо қўлланмаган (МЖТКнинг 36-моддаси ва 271-моддаси 7-банди);

√ ҳуқуқбузарликнинг оқибатлари бартараф этилган тақдирда шахсни жавобгарликдан озод этиш МЖТКнинг тегишли моддасида назарда тутилганлиги муносабати билан маъмурий жазодан озод қилинган (МЖТКнинг 271-моддаси 10-банди);

√ иқтисодий ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган, бироқ ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кунлик муддатда йўл қўйилган бузилишларни ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар бўлса.

Иккинчидан, маъмурий ҳуқуқбузарликдан жабрланувчилар ҳам рўйхатдан ўтказилади. Бу ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикаси учун зарур бўлса керак («Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонуннинг 44-моддаси).

Учинчидан, ҳисобга олиш карточкаларини тўлдириш маъмурий жазо қўлловчи шахслардан тегишли маъмурий баённомаларни тузган шахсларга топширилди.

Махсус автоматлаштирилган фото– ва видеоқайд этиш воситалари қайд этган ҳуқуқбузарликлар бўйича (шу жумладан Йўл ҳаракати қоидалари бузилиши бўйича) карточкалар тўлдирилмайди. Бунинг ўрнига маълумотлар электрон алоқа тармоғи орқали онлайн-режимда тақдим этилади. Келгусида ягона марказлаштирилган тизим (маълумотлар базаси) билан фото– ва видеоқайд этиш тизимлари ўртасида ахборот айирбошлаш автоматлаштирилади.

Шуни қайд этамизки, МЖТКнинг 17-1-моддасига мувофиқ камера орқали ЙҲҚ бузилганлиги қайд этилган тақдирда, ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги ҳисобга олинмайди. Бироқ маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиниб, иш янгидан кўриб чиқиш учун юборилганда такрорийлик инобатга олинади.

Тўртинчидан, тизим ишига электрон ҳужжатлар айланиши жорий этилмоқда. Хусусан, ЭРИ ёрдамида имзоланадиган электрон талабномалар (ахборот сўраш) жорий этилади. Шунингдек маъмурий жарима тўловлари биллинг тизими иш бошламоқда, у бундай маълумотларни тезкор янгилаш имконини беради.

 

Маълумот учун: маълумотларни ягона марказлаштирилган тизимда (маълумотлар базасида) сақлаш муддати 1 йилни ташкил этади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.05.2018 йилдан кучга кирди. 

 

 

 

Ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш механизми тасдиқланди

 

Вазирлар Маҳкамасининг 3.05.2018 йилдаги 334-сон қарори билан Ижтимоий дорихона фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Эслатиб ўтамиз, аввал мазкур ҳужжат лойиҳаси шарҳини эълон қилган эдик. Масаланинг тарихи ва мазмуни билан ҳавола орқали ўтиб танишишингиз мумкин.

 

Лойиҳа билан солиштирганда ижтимоий дорихона жойлашиш жойини белгилаш тартиби ўзгармаган. Фақат қишлоқ жойларда тавсия этиладиган хизмат кўрсатиш радиуси қисқартирилган. У 5–10 км ни ташкил этган (лойиҳада – 10–15 км). Шаҳарларда бу кўрсаткич 2–3 км ни ташкил этади.

Ижтимоий дорихоналар ишига қўйиладиган асосий талабларга тузатиш киритилган. Хусусан, ижтимоий дорихонанинг қуйидаги мажбуриятлари қайд этилган:

а) Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатига киритилган номланишларнинг 2 ойлик захирасига эга бўлиш ҳамда уларни чекланган нархлардан ошмайдиган нархларда бериш;

б) айрим тоифадаги шахсларни дори воситалари билан имтиёзли асосда таъминлаш (масалан, амбулатор даволашда);

в) қолган («а» ва «б» бандларда кўрсатилмаган) позициялар бўйича давлат-хусусий шериклик шартларига мувофиқ чекланган савдо устамаларини қўллаш.

Ижтимоий дорихонани ташкил этиш учун номзод – хусусий шерикни танлаш мезонлари ўзгармади. Номзод танловда иштирок этиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтига ўз аризасини жойлаштириши лозим. У вазирликнинг махсус комиссияси томонидан 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади. Номзод йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга. Қабул қилинган қарор тўғрисида уни 3 кун (лойиҳа бўйича – 5 иш куни) ичида хабардор қиладилар.

Шунингдек Давлат-хусусий шериклик тўғрисида намунавий шартнома тасдиқланди. У танловдан ўтган номзод (хусусий шерик) билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги (давлат томонидан шерик) ўртасида тузилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Норматив лойиҳа

 

Божхона йиғимларини мақбуллаштириш таклиф этилди

 

ҚҲТБТ порталида тегишли лойиҳа жойлаштирилган. Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамасининг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарори билан тасдиқланган божхона йиғимлари ставкалари амал қилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчи – Давлат божхона қўмитаси йиғимлар сони, уларнинг миқдорлари, айрим ҳолларда эса уларни ҳисоблаб чиқариш тартибига ҳам жиддий ўзгартириш киритишни таклиф этмоқда.

 

Божхона йиғимлари ундириладиган хатти-ҳаракатлар анча қисқартирилиши мумкин. Хусусан, қуйидаги йиғим турларини чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда:

√ товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилганлик учун (50 евро);

√ божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисга малака аттестати берганлик учун (150 евро);

√ божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис малака аттестатининг амал қилишини қайта рўйхатдан ўтказганлик (амал қилишини узайтирганлик) учун (150 евро);

√ божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис малака аттестатининг амал қилишини тиклаганлик учун (300 евро);

√ товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашга рухсатнома берганлик учун (150 евро);

√ товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга рухсатнома берганлик учун (150 евро);

√ божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисни ўқитганлик учун (100 евро);

√ ходим томонидан «экспорт» божхона режимига жойлаштирилаётган товарни белгиланган жойдан ва (ёки) божхона органларининг иш вақтидан ташқарида божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун, битта ходимнинг бир соатлик иши ҳисобидан (ЭКИҲнинг 5%и);

√ интеллектуал мулк объектларини Интеллектуал мулк объектлари божхона реестрига киритганлик учун (15 евро).

Бунда фақат 2 турдаги йиғим қўшимча равишда жорий этилади:

√ ходим томонидан божхона органларининг иш вақтидан ташқарида товарларнинг божхона юк декларациясини божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун йиғим, битта ходимнинг бир соатлик иши ҳисобидан, («Экспорт» божхона режими бундан мустасно) иш вақтидан ташқари пайтларда (соат 18.00-9.00), дам олиш, байрам кунлари – 10 евро;

√ автотранспорт воситасини махсус божхона пломбаси билан пломбалаганлик учун йиғим (1 та пломба учун) – 1 евро.

Бундан ташқари, айрим турдаги йиғимлар бўйича миқдор ва ҳисоблаб чиқариш тартибини ўзгартириш таклиф этилмоқда.

 

Божхона юк декларациясини «Транзит» божхона режимида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш

Ҳозир ҳар бир асосий варақ учун 10 евродан ва ҳар бир қўшимча варақ учун 5 евродан ундирилади. Бунинг ўрнига ягона йиғим – 10 евро таклиф этилмоқда. Бунда у БЮДнинг ҳар бир варағи ёки варақларнинг муайян тури (асосий/қўшимча) учун ундирилиши қайд этилмаган.

 

Божхона органи эгаси бўлган товарларни божхона омборида сақлаш

Дастлабки 60 сутка давомида ҳар бир тўлиқ/тўлиқ бўлмаган сутка учун – ЭКИҲнинг 2%и миқдорида, кейинги кунлар учун эса ЭКИҲнинг 3%и миқдорида ундириш таклиф этилмоқда.

Ҳозир: дастлабки 10 сутка давомида – божхона қийматининг 0,1%и, кейинги ҳар бир кун учун – божхона қийматининг 0,2%и.

 

Битта транспорт воситасини божхона томонидан кузатиб борганлик учун

Масофага қараб қуйидаги йиғим миқдорларини белгилаш таклиф этилмоқда:

√ 50 км гача – 10 евро;

√ 51 км дан 200 км гача – 50 евро;

√ 200 км дан ортиқ – 100 евро.

Айни пайтда икки поғонали шкала бўйича йиғим ундирилади: 200 км гача масофага – 50 евро, ундан ортиқ бўлса – 120 евро.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Самир Латипов, Ленара Хикматова, Олег Заманов, «Norma» МЧЖ экспертлари.

Прочитано: 1296 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика