Фирмамиз ҳақиқий ва юридик манзилларга эга (бошқа туманга кўчаяпмиз). Давлат рўйхатидан ўтказилганлигимиз тўғрисидаги гувоҳномани алмаштириш зарурми?
Ю.Комарова, бош бухгалтер.
– Бу ҳолда давлат рўйхатидан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳнома янгиланади.
Юридик шахснинг жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда у албатта қайта рўйхатдан ўтказилиши зарур (Низомнинг 21-банди, ВМнинг 9.02.2017 йилдаги 66-сон қарорига 1-илова).
Рўйхатдан ўтказувчи органнинг масъул ходими почта манзили ўзгариши билан боғлиқ ҳужжатларни олиб:
√ Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестрига тегишли ёзувларни қайд этган ҳолда қайта давлат рўйхатидан ўтказади;
√ тегишли шаклдаги рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани шакллантиради;
√ рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани, таъсис ҳужжатларини электрон ҳужжатлар репозиторийсида сақлайди (Низомнинг 16, 22, 39-бандлари).
Шу тариқа, корхона почта манзили ўзгарганда 10 кун ичида рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилиши керак. Зарур ҳужжатларни тақдим этганингиздан сўнг рўйхатдан ўтказилганлигингиз тўғрисида янги гувоҳномани оласиз.
Александр Лобанов, «Norma» МЧЖ эксперти.