Norma.uz

Пенсия ёшидаги офицерлар

 

Ушбу сонни ўқиб чиқишни ҳаммага тавсия этамиз, чунки унда ўқувчиларнинг саволларига жавоблардан ташқари, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ҳаётида акс этадиган ҳужжат тақдим этилган. Унда давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш ҳақида сўз борган. Бунда таклиф этилаётган ўзгартиришлар муҳокамасида ҳар бир фуқаро иштирок этиши мумкин. 

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

Қонунчиликдаги янгилик

 

Пенсия ёшидаги офицерлар

 

18.04.2018 йилдаги ЎРҚ–476-сон Қонун билан «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритилди.

 

Кичик офицерлар (лейтенант, катта лейтенант, капитан, капитан-лейтенант) учун хизмат ёшининг чегараси 43 ёшдан 45 ёшга оширилди (яъни 2 йилга). Энди у оддий аскарлар (матрослар) ва сержантлар (старшиналар) учун белгиланган ёш чегараси билан бир хил бўлди.

Барча катта офицерлар (майор, подполковник, полковник, 3, 2 ва 1-даражадаги капитанлар) учун пенсия ёши 50 ёшни ташкил этади. Илгари майорлар, подполковниклар ҳамда 3 ва 2-даражадаги капитанлар 45 ёшда пенсияга чиқар эдилар. Энди бу 5 йил кейинга кўчирилди.

Генераллар таркибидагиларнинг энг юқори ёши аввалгидек қолди – 60 ёшгача.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 19.04.2018 йилда эълон қилинган ва тузатишлар 20.10.2018 йилдан кучга киради.

 

Самир Латипов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

Маълумот учун!

Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчиларга пенсия иш жойи бўйича 50% миқдорида ТЎЛАНАДИ (тўлиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган пенсионерлардан ташқари).

 

 

НҲҲ лойиҳаси билан таништирамиз

 

Ижтимоий ҳимоя:

ЎЗГАРИШ ВАҚТИ КЕЛДИ

 

Ўзбекистон Пенсия жамғармаси сайтида (pfru.uz) Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжатда тақдим этилган янги нормалар ижтимоий суғурта тизимидаги ислоҳотларга, пенсионерларнинг таъминот даражасини оширишга асос бўлади*.

 

Давлат пенсия таъминоти тизими 3,3 млн нафардан ортиқ фуқарони ёки мамлакатимиз аҳолисининг тахминан 10%ини қамраб олади. Ёшга доир пенсияни 2 502,6 минг киши, ногиронлик бўйича – 360,3 минг, боқувчисини йўқотганлик учун – 168,5 минг, ижтимоий нафақаларни – 294,1 минг киши олади.

Сўнгги вақтда ушбу соҳада умумқабул қилинган пенсия суғуртаси принциплари жорий этилиши билан боғлиқ ўзгартиришлар юз берди. Суғурта бадаллари ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи таркиби бўйича ягона база шакллантирилди, пенсияларни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган иш ҳақини ҳозирги даврга мувофиқлаштириш механизми жорий этилди, ҳисобланган суғурта бадалларини алоҳида ҳисобга олиш тизими белгиланди.

Бироқ ижтимоий жиҳатдан муносиб пенсия даражасига эришиш бўйича реал чора-тадбирлар ҳали белгиланмаган. Етарлича юқори иш ҳақи ва катта стажга эга бўлган фуқаролар ҳисобига суғурталанмаган тусдаги пенсиялар тўланмоқда, пенсия таъминотига доир асосланмаган имтиёзлар ҳанузгача амал қилмоқда, пенсия миқдори билан суғурта бадали қатъий боғланмаган.

Сўнгги йилларда мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан фаол аҳолиси зиммасидаги пенсия тўловлари юки ортмоқда. 2018–2025 йиллар даврида аҳоли демографик прогнози маълумотларига кўра пенсия ёшидаги аҳоли улуши ошиши кутилмоқда (1,2 млн кишига), бу, тегишинча, Пенсия жамғармаси харажатлари мутаносиб равишда ошишига олиб келади.

Мамлакат аҳолиси қариши демографик омили кўрсаткичининг далолат беришича, пенсия ёшидаги шахслар кўпайиши тамойили мавжуд (аҳоли умумий сонига нисбатан 2010 йилдаги 5,9%дан 2018 йилда 7,4%гача). Статистика органларининг маълумотларига кўра, 2019 йилдан бошлаб пенсия ёшидаги шахслар сони 9%лик даражадан ошади ва 2025 йилга келиб 11%га етади (2011 йилдаги 6,2%га нисбатан).

Ўтказилган таҳлилга кўра жаҳондаги эркаклар ва аёлларнинг ўртача пенсия ёши 62 ёшни ташкил этади, айни пайтда Ўзбекистонда у 57,5 ёшга тенг (аёллар учун – 55 ёш ва эркаклар учун – 60 ёш). Марказий Осиё мамлакатларида, масалан, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда эркаклар – 63 ёшда, аёллар эса 58 ёшда ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлишлари белгиланган. Қозоғистонда аёлларнинг пенсия ёши уни ҳар йили 6 ойга босқичма-босқич оширган ҳолда 63 ёшга етказилади. Туркманистонда пенсия ёши эркаклар учун 62 ёшни ва аёллар учун 57 ёшни ташкил этади.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими барқарор ривожланиши учун бадалларни тўловчилар сонининг пенсия олувчиларга нисбати 1:4 даражасида бўлиши керак. Бироқ бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич ўртача 1:5 га тенг. Пенсионерлар сонининг ишловчи аҳолига нисбати 2009 йилдаги 61%дан 2017 йилда 66%гача ошди.

Имтиёзли пенсияларни тўлашга катта сумма сарфланади. Уларнинг улуши 592,4 мингтани ёки барча турдаги пенсияларнинг 19,5%ини ва ёшга доир пенсиялар сонига 23,7%ни ташкил этади. Ҳар йили ўрта ҳисобда 39,8 мингдан ортиқ имтиёзли пенсия тайинланади.

Пенсия миқдори билан ходимнинг меҳнат улуши қатъий боғланмаган. Амалдаги пенсия таъминоти тизимида камида 7 йиллик иш стажига эга бўлган шахсларга пенсия тайинланиши назарда тутилган.

ХМТнинг «Ижтимоий таъминотнинг минимал нормалари тўғрисида»ги 102-сон Конвенциясига мувофиқ ёшга доир пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган энг кам стаж 15 йилни ташкил этади. Жаҳоннинг кўп мамлакатларида, шу жумладан МДҲ мамлакатларида талаб этиладиган энг кам стаж 10–15 йил даражасига етказилган.

7 йиллик иш стажи тарзидаги энг кам талабларнинг мавжудлиги фуқароларнинг давлат ижтимоий суғурта тизимидаги иштирокида салбий акс этади. Масалан, айни пайтда ўртача иш ҳақи олган, 30 йиллик иш стажига эга бўлган эркак (25 йиллик стаж талаб этилганда) билан 10 йил ишлаган эркакнинг (энг кам стаж 7 йил бўлиши талаб этилганда) пенсия миқдори фарқи атиги 200 минг сўмни ташкил этади.

Ходимларни ижтимоий суғурта тизимида узоқ ва узлуксиз иштирок этишга рағбатлантириш тусидаги заиф механизмлар уларни суғурта бадалларини тўлашдан бўйин товлашнинг янги усулларини излашга мажбур қилади.

Буларнинг бари пенсия таъминоти соҳасида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизимининг асосий йўналишларини қайта кўриб чиқишни талаб этади.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолига мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини ҳамда кексалар ва имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепциясида белгиланган вазифаларни комплекс ҳал этиш йўллари тақдим этилган. У барча соҳалардаги ҳаракатлар стратегиясини белгилайди.

Пенсия таъминотига доир норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш соҳасида янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, унда кўпроқ тўғридан-тўғри амал қилувчи нормаларни, замонавий АКТдан фойдаланган ҳолда пенсияларни ҳисоблаб чиқаришнинг соддалаштирилган ва шаффоф механизмларини, шунингдек аниқ рағбатлантирувчи тусга эга, шу жумладан жамғариб бориладиган механизмларни назарда тутиш, асоссиз имтиёзлар бериш ва қўшимча тўловларни тўлаш амалиётига барҳам бериш режалаштирилмоқда.

Пенсия таъминоти тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши навбат кутишга ва, оқибатда порахўрлик ва қоғозбозлик далиллари юзага келишига олиб келувчи қоғозли ҳужжатлар айланиши стереотипига чек қўйиш имконини берувчи «Пенсия» дастурий комплексини модернизациялашни назарда тутади. Пенсияни ҳисоблаб чиқаришда 2015 йилдан буён шакллантирилаётган фуқароларнинг суғурта бадаллари ҳисобланишига оид алоҳида ҳисоб маълумотлари база сифатида қабул қилинади.

Пенсия таъминоти тизимининг ижтимоий жиҳатдан адолатлилиги ва самарадорлигини оширишга қуйидагилар орқали эришиш мумкин:

√ барча ишловчи пенсионерларга тўлиқ миқдорда пенсия олиш ҳуқуқини бериш;

√ кексалар ва ногиронлар интернатларида (пансионатларида) яшовчи ёлғиз пенсионерларга тўланадиган пенсия миқдорини ошириш;

√ III гуруҳ ногиронлигига эга шахсларга қатъий белгиланган миқдорлардаги нафақаларни жорий этиш.

Рағбатлантирувчи тусга эга механизмларни жорий этиш ҳамда пенсия миқдори билан ходимнинг меҳнат улуши ўртасидаги алоқани кучайтириш соҳасида қуйидагилар мўлжалланган:

√ 35 йилдан ортиқ иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсия миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг 2%ига оширилишини назарда тутиш;

√ 54 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган, бироқ умумбелгиланган ёшдан кейин пенсияни расмийлаштирган аёлларнинг пенсияларига устамаларни белгилаш;

√ пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини пенсия тайинланадиган санада қонун ҳужжатлари билан белгиланган ЭКИҲнинг 8 бараваридан 12 бараваригача ошириш.

Юқорида кўрсатилган чора-тадбирлар меҳнат фаолиятини давом эттиришни рағбатлантириш ва суғурта бадаллари тўланадиган даврда фуқароларнинг кўпроқ иш ҳақи олишига қаратилган. Евроиттифоқ мамлакатлари, АҚШ, Беларусь, Украина, Молдова ва бошқаларнинг қонунчилигида шунга ўхшаш нормалар назарда тутилган.

Ижтимоий суғурталаш тизимида ихтиёрий иштирок этишни таъминловчи рағбатлантириш тусига эга чора-тадбирларнинг қўлланиши қуйидаги ҳуқуқлар берилишини назарда тутади:

√ пенсия ёшига етган, бироқ зарур иш стажига эга бўлмаган фуқароларга давлат пенсияларини ҳисоблашда стажнинг ҳар бир етишмаётган ойи учун Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари суммасини бир марта тўлаш (1.04.2018 йилдаги ҳолатга кўра янги тайинланган пенсияларнинг қарийб 55%и тўлиқсиз иш стажига эга пенсияларга тўғри келади);

√ ишловчи эр-хотинларга меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан ишламайдиган эрлари (хотинлари) учун Пенсия жамғармасига қўшимча суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлаш. (Эр-хотинларнинг ишламайдиган турмуш ўртоқлари учун суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлаш тизими жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида назарда тутилган, масалан, Японияда мазкур тизим мажбурий тусга эга, Швеция ва Буюк Британияда шунга ўхшаш тизим назарда тутилган).

Авлодлар молиявий иштирокининг эквивалентлигини таъминлаш соҳасида қуйидагилар режалаштирилмоқда:

√ ёшга доир пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган энг кам стажни (7 йил) ошириш (ХМТнинг «Ижтимоий таъминотнинг минимал нормалари тўғрисида»ги ­102-сон Конвенциясига мувофиқ ёшга доир пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган энг кам стаж 15 йил этиб белгиланган. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида, шу жумладан МДҲ мамлакатларида у 10–15 йил даражасига етказилган);

√ пенсия ёшини жаҳондаги ўртача даражага етказиш мақсадида босқичма-босқич ошириш.

 

*Лойиҳанинг тўлиқ матни билан сайтда (pfru.uz) танишиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепциясининг ишлаб чиқилган лойиҳаси юзасидан фикр билдиришингизни сўрайди.

 

Расмий жавоб

 

Пенсиядан кейин ишлаганда

 

Пенсиямни ҳисоблаётганда 30 йилдан ортиқ иш стажимдан 17 йилини чиқариб ташладилар. Мен ишлаган фирмалар тугатилиб, ҳужжатларни архивга топширмаганликлари сабабли бу йиллар архив маълумотномалари билан тасдиқланмади. Менга жуда кам пенсия ҳисобладилар.

Ҳозир пенсиядан воз кечиб, зарур стажга эга бўлиш учун ишласам бўладими?

А.К. Тошкент ш.

 

– Афсуски, йўқ. Ёшга доир пенсия умрбод тайинланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 47-моддаси 1-қисми «а» банди).

Ёшга доир пенсия тайинланганидан кейинги ишланган вақт пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун стажга қўшиб ҳисобланмайди (Қонуннинг 37-моддаси 5-қисми).

Мурожаатингизда айни қайси давр иш стажига ҳисобланмаганини кўрсатмагансиз. Агар бу ишлаган вақтингиз 2005 йилдан кейинги даврга тўғри келса, Халқ банкида очилган ШЖБПҲга келиб тушган мажбурий бадалларга асосланиб иш стажи ва иш ҳақингизни тасдиқлаш имконига эга бўласиз.

Чунончи, иш ҳақи тўғрисида архив маълумотлари мавжуд бўлмаганда, унинг миқдорини аниқлаш 2005 йилдан кейинги давр учун жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек 2015 йилдан кейинги давр учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган фуқароларнинг суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан келиб чиқиб амалга оширилади (Низомнинг 85-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

Шу билан бирга Пенсия жамғармаси бўлими томонидан чиқарилган иш стажини ҳисоблашда айрим даврларни қабул қилмаслик тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақлисиз (Низомнинг 82-банди).

 

 

 

Кичик стаж ва суғурта бадаллари

 

Холам вилоятда яшайди. Хўжаликларида қорамол боқадилар. Улар сут ва сут маҳсулотларини сотадилар.

Бундай ходимларга пенсия тўланадими?

Бунинг учун у қаерга мурожаат қилиши ва қандай ҳужжатларни тақдим этиши зарур?

Мунира К. Тошкент ш.

 

– Пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажига эга бўлиш ва уни тасдиқлаш зарур (Қонуннинг 8-моддаси). Қуйидагилар иш стажига қўшиб ҳисобланади:

а) фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;

в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан якка (гуруҳли) ижара шароитидаги ёки шахсий ёрдамчи, деҳқон (фермер) хўжалигидаги фаолият, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда.

Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлиги пенсия олиш ҳуқуқини белгиловчи асосий омил ҳисобланади. Иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслар (Қонуннинг 1-моддаси 4-қисми).

Шахсий ёрдамчи хўжаликларда қорамол боқиш ва етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш билан банд бўлган, шунингдек шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан банд бўлганлар ҳамда деҳқон хўжалиги аъзолари учун суғурта бадалларини тўлаш тартиби Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова) белгиланган.

Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари суғурта бадалларини йилига ЭКИҲнинг 4,5 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлайди. Бир йил учун белгиланган миқдордаги суғурта бадаллари тўланган бўлса, бу йил деҳқон хўжалиги аъзосининг меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 311-моддаси).

Белгиланган суғурта бадалларини тўлаш учун солиқ органларига мурожаат қилиш лозим.

 

 

Маълумотнома керак эмас

 

Мен ижодий ходимман, бироқ 2000 йил бошидан бери ижодий уюшма аъзоси ҳисобланмайман. Ижодий уюшмадаги стажимни тасдиқлайдиган маълумотнома керак бўладими?

Ғолиб Р. Тошкент ш.

 

– Ижодий фаолият билан машғул бўлган ижодий уюшмалар аъзоларига 1991 йил 1 январгача иш стажи, агар ана шу муаллифнинг асари биринчи марта эълон қилинган ёки жамоат олдида ижро этилган (намойиш этилган) кундан эътиборан, 1991 йил 1 январдан бошлаб эса – улар фақат Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлсалар, ижодий уюшмаларнинг бошқарувлари томонидан белгиланади (252-сон Низомнинг 35-банди).

 

 

 

Асосий талаб

 

Махсус стаж нима эканлиги ва унинг мавжудлигини қандай ҳужжат тасдиқлашини тушунтириб берсангиз.

Л.Реус. Тошкент ш.

 

– Умумбелгиланган пенсияга чиқиш ёшини камайтирган ҳолда имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини белгилашда «махсус иш стажи» атамасидан фойдаланилади.

Бундай иш стажи Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатлари (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган) бўйича белгиланади.

У меҳнат шароитлари бўйича иш жойларини аттестациялаш натижаларига кўра (уни махсус аккредитацияланган ташкилотлар ўтказади), ташкилотларнинг аниқлаштирувчи маълумотномалари асосида, шунингдек кўрсатилган ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлганда белгиланади.

Тўлиқ иш куни давомида бандлик деганда Рўйхатларда кўзда тутилган ишларни тегишли ишлаб чиқариш тармоқларида, иш вақти аттестациясига мос келувчи шартларда, қонунчилик билан белгиланган иш вақтининг камида 80%и билан банд бўлиш тушунилади (АВ томонидан 12.03.2012 йилда 2337-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 7-банди).

 

 

 

Судгами ёки Пенсия жамғармасига?

 

Эшитишимча, илгари судда кўриладиган гувоҳларнинг кўрсатмалари билан стажни тасдиқлаш бўйича низоли масалалар энди Пенсия жамғармаси комиссияси томонидан кўрилаётган экан. Шу тўғрими?

А.Санеева.

 

– Аризачи Пенсия жамғармаси бўлими томонидан чиқарилган иш стажини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарор билан рози бўлмаган тақдирда, у (маъмурий) судга мурожаат қилишга ҳақли (252-сон Низомнинг 82-банди).

Иш стажи тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилигини аниқлаш мақсадида Пенсия жамғармаси бўлими:

иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди ҳамда зарурат бўлганда улар берилишининг асосланганлигини текшириш тўғрисида қарор қабул қилади;

зарур ҳолларда меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқаради (252-сон Низомнинг 57-банди).

Текширишга зарурат туғилганда Пенсия жамғармаси бўлими гувоҳларни жалб этган ҳолда стажни тасдиқлаш масаласини кўриб чиқиши мумкин.

 

 

 

Ҳаммаси назорат остида

 

Якка тартибдаги тадбиркор тўлаган суғурта бадаллари ҳисобини ким юритади?

А.Р. Тошкент ш.

 

– 2018 йилдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркор тўлаган суғурта бадаллари ҳисобини солиқ органлари юритмоқдалар. Доимий яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимлари якка тартибдаги тадбиркор тўлаган суғурта бадаллари ҳисобини 2018 йилгача юритганлар (ВМнинг 4.07.2017 йилдаги 462-сон қарори).

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланишини ҳисобга олиш дафтарчаси, банк квитанциялари ва тўлов ҳужжатларининг асл нусхалари тўловчининг 2018 йилгача уларни тўлаганлигини тасдиқловчи асосий ҳужжатлар ҳисобланади. 2018 йилдан бошлаб – фақат улар тўланганлигини тасдиқловчи банк квитанциялари ва тўлов ҳужжатларининг асл нусхалари.

Иш стажига суғурта бадаллари тўланган даврлар киритилади. Уни ҳисоблаб чиқишда, агар тўланган бадаллар суммаси ушбу йилнинг барча ойлари учун белгиланган энг кам суғурта бадалларидан кам бўлмаса (тўланган пеняларни ҳисобга олмаган ҳолда), иш стажига календарь йил қўшилади.

Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш далили гувоҳлар кўрсатмалари билан тасдиқланмайди (46-сон Низом).

 

 

 

 

Иш ҳақи бор бўлса, пенсия ҳам тўланади

 

ХК директори – II гуруҳ ногирони, пенсияни маҳалладан олади. Пенсия жамғармаси ходимларининг айтишича, у иш жойидан пенсия олиши керак.

У пенсияни маҳалладан олишда давом этишга ҳақлими?

Рўзиев. Тошкент ш.

 

Йўқ, ҳақли эмас. Ишлаб турган пенсионерларга пенсиялар уларнинг иш жойида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади (Қонуннинг 53-моддаси).

Бундан ташқари, пенсияларни яшаш жойига етказиб бериш учун Пенсия жамғармаси етказиб берилган пенсия суммасининг 0,9%ини қўшимча сарфлайди. Ишловчи пенсионерларга пенсия бериш харажатлари эса иш берувчининг маблағлари ҳисобидан қопланади.

 

 

 

Қонун бўйича ворислар

 

Яқинда опамнинг турмуш ўртоғи вафот этди. Унинг ёши 55 да эди.

Опам унинг ШЖБПҲдаги жамғармаларини олиши мумкинми? Агар мумкин бўлса, қандай қилиб?

Акромов. Тошкент ш.

 

Ҳа, мумкин. Фуқаро вафот этган тақдирда, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бир йўла тўла ҳажмда тўланади. Жамғариб бориладиган пенсия тўловлари олувчининг яшаш жойидаги Халқ банки филиали томонидан тўланади («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 17, 20-моддалари).

Мерос қолдирувчининг қариндошлари ва қарамоғидагилар қонун бўйича ворислар бўлиши мумкин. Мерос очилганидан кейин мерос олиш жараёни бошланади. Фуқаро вафот этган кун у очилган кун деб ҳисобланади. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан 6 ой ўтганидан кейин берилади.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Ижтимоий кўмак

 

Стажи кам ёки умуман бўлмаган кекса кишилар пенсия оладими?

Иброҳимова. Чирчиқ ш.

 

Йўқ, олмайди, сабаби стажга ёки етарли стажга эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар фақат нафақа олишга ҳақли бўлади.

У ҳам пенсия сингари:

√ ёшга доир;

√ ногиронлик бўйича (болаликдан ногиронлардан ташқари);

√ боқувчисини йўқотганлик учун тайинланади.

Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан сўнг бирор-бир муддат билан чеклашсиз, исталган вақтда унинг тайинланиши учун мурожаат қилишлари мумкин.

Чунончи, эркаклар – 65 ёшга етганларида, аёллар – 60 ёшга етганларида ёшга доир нафақа сўраб мурожаат қилишлари мумкин.

Иш стажига эга бўлмаган шахсларга нафақа меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандлари, қариндошлари ёки Оила кодексига мувофиқ уларни таъминлашга мажбур бўлган бошқа шахслар бўлмаган тақдирда тайинланади.

Пенсия жамғармаси бўлими томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ўтказилган текширишда қариндошларининг моддий ночорлиги аниқланган ҳолларда ёшга доир нафақа тайинланиши мумкин (ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон қарори билан тасдиқланган Низом).

 

 

 

Вазият

 

Жазо чораси қўлланмайдиган жавобгарлик

 

Таҳририятимизга турли саволлар ва муаммолар билан мурожаат қиладилар. Бироқ уларнинг айримлари, агар ҳар бир ходим ёши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, ҳуқуқий жиҳатдан саводхон бўлганида умуман юзага келмаслиги мумкин эди. ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаевдан вазиятлардан бирини шарҳлаб беришини илтимос қилдик.

 

ВАЗИЯТ. Корхона пенсионерни ишга қабул қилиб, у билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузиб, бу ҳақда Пенсия жамғармасига хабар бермаган. Шартномани тузиш пайтида маъмурият Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низом билан таниш бўлмаган эмиш (шартнома 2 йил аввал тузилган). Пенсионер ишда тўловларни ва яшаш жойи бўйича тўлиқ ҳажмдаги пенсияни олган.

Пенсионерни ишга қабул қилганлик тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлимини ўз вақтида хабардор қилмаганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган? ПЖга ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти қайси хизмат (кадрлар бўлими, бухгалтерия, юрист) зиммасига юклатилган?

Сабоҳат Н.

 

– Бугунги кунда пенсионерни ишга қабул қилганлик (фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузганлик) тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмаслик натижасида ортиқча пенсия тўлаш оқибатида давлатга етказилган зарар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ташкилот ёки пенсионерга нисбатан жазо чоралари назарда тутилмаган.

Айни пайтда пенсионернинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисида Пенсия жамғармасига ўз вақтида хабар бермаганлик бўйича жавобгарлик ташкилот раҳбари зиммасига юкланади (АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 19-банди).

Пенсия ёшидаги ходимни меҳнат ёки фуқаролик шартномаси бўйича ишга қабул қилаётганда раҳбар бундай ҳолларда пенсионер ишловчи мақомига эга бўлиши ва унга иш жойидан пенсия ўтган ой учун ойлик иш ҳақининг иккинчи қисми тўловлари билан бир вақтда тўланишини билиши керак. Бунинг учун пенсионернинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлими томонидан бериладиган Ф-25 топшириқномаси асос бўлиб ҳисобланади (Низомнинг 9-банди). Бироқ аввал пенсионер ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма ва шартнома нусхасини тақдим этиши лозим, улар унинг пенсия йиғмажилдига тикиб қўйилади. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ҳам Пенсия жамғармаси бўлимига ишдан бўшаганлик тўғрисидаги буйруқ тартиб рақами ва санаси (фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бекор бўлишининг сабаби) кўрсатилган топшириқнома, шунингдек меҳнат шартномасининг бекор бўлганлиги тўғрисидаги буйруқ кўчирмаси (фуқаролик-ҳуқуқий шартноманинг нусхаси) тақдим этилади (Низомнинг 17-банди).

Пенсионер ишга қабул қилинганлиги тўғрисида Пенсия жамғармасини қайси хизмат хабардор қилиши кераклиги масаласини иш берувчи ҳал қилади. Тажрибанинг кўрсатишича, бу вазифани одатда бухгалтерия ходимлари бажарадилар.

Ишловчи пенсионер пенсияни тўлиқ миқдорда олганлиги сабабли Пенсия жамғармасининг ортиқча тўловларини қоплашга тўғри келади.

Уларни пенсионернинг ўзи ёки корхона, ёхуд пенсионер билан корхона солидар тартибда қоплаши мумкин. Қарзни қоплаш мажбурияти пенсионернинг ўзи ёки корхонага, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки суд органларининг қарорларига боғлиқ.

 

 

 

Буни билган маъқул

 

Имтиёз эгаларининг рўйхати

 

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддасида иш стажининг имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланиши назарда тутилган.

 

Стажга қуйидагилар имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади:

а) ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш – уч ҳисса баробарида;

б) 1941–1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаш, шу жумладан ҳарбий қисмлардаги эркин ёлланганлар таркибидаги иш ва «а» бандда назарда тутилган хизматдан ташқари ҳарбий хизмат – икки ҳисса баробарида;

в) Қонун 10-моддасининг «а» ва «б» бандларига ҳамда 11-моддасининг «а» бандига мувофиқ имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган – эркакларда 10 йилдан ортиқ ва аёлларда 7 йилу 6 ойдан ортиқ ишланган ҳар бир тўлиқ йил – икки ҳисса баробарида*;

г) моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунодефицит вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасаларида ишлаш – икки ҳисса баробарида;

д) патологоанатомия муассасалари ва суд-тиббий экспертиза муассасаларининг тиббий ходимларидан айрим тоифаларининг иши – бир ярим ҳисса баробарида;

е) асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган, асоссиз равишда қатағон қилинган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлиш ва ҳибсда сақлаш жойларида турган вақти – бир ярим ҳисса баробарида.

Бунда Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) 40-бандига мувофиқ пенсияга бўлган ҳуқуқни белгилашда иш стажи уни имтиёзли тарзда қўшиб ҳисоблаш қоидаларини қўлламасдан аниқланади. Яъни аввал пенсия олиш ҳуқуқини берувчи махсус стаж белгиланади, кейин эса мазкур фуқаро пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганда иш стажи имтиёзли тарзда қўшиб ҳисоблаб аниқланади.

 

*Тоғ-кон саноати ходимлари, шунингдек ер ости ишларида, ўта зарарли ва ўта оғир меҳнат шароитига эга ишларда банд бўлганлар муайян иш стажи мавжуд бўлганда имтиёз эгаларининг ушбу тоифасига киради (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган 1, 2-сон рўйхатлар).

 

 

Маълумот учун!

Пенсионернинг ТАНЛОВИ бўйича унга пенсия ёки нафақа БИР НЕЧТА ТЎЛОВ ШАКЛИДАН (пластик карточка, банк омонат счёти, нақд пул) фойдаланган ҳолда тўланиши мумкин.

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 1412 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика