Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 20 / Бухгалтерга тавсиялар

Қурилиш: бухгалтерия ҳисобининг соҳага оид хусусиятлари

 

Қурилиш фаолиятида ҳисоб юритиш жуда масъулиятли вазифа. Турфа хил ишларни тўғри ҳисобга олиш ва акс эттириш керак бўлади.

Қурилишдаги бухгалтерия ҳисоби, уни ташкил этиш ва юритишда нафақат бухгалтерия ҳисобини юритишнинг умумий қоидаларига, балки унинг хусусиятини акс эттирадиган ҳужжатлар ва йўриқнома материалларига ҳам таяниш зарур.

 

Ўзбекистонда қурилишни тартибга солувчи асосий норматив ҳужжатлар қуйидагилардир:

● Шаҳарсозлик кодекси (ШК);

● Фуқаролик кодекси (37-боби, 1, 3-параграфлари);

● Ягона қурилиш регламенти (ВМнинг 20.08.2013 йилдаги 229-сон қарорига 3-илова);

● шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари.

 

I. Қурилиш ишлаб чиқаришига доир хусусиятлар

Қурилиш маҳсулотлари бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ солишга таъсир кўрсатувчи бир қатор хусусиятларга эга. Улар орасида энг муҳимлари:

1. Ишлаб чиқариш циклининг узоқлиги. Қурилиш жараёни бир неча ҳисобот даврига чўзилади.

Бухгалтер учун муҳим жиҳати:

● объект қиймати бутун қурилиш даври мобайнида белгиланади;

● шартли тайёр маҳсулот учун (масалан, бажарилган ишлар босқичидан кейин, муайян иш турлари учун) ҳисоб-китоб юритилади;

● қурилиш тугаллангандан кейин ҳам, қурилиш объекти қисман тайёр бўлганда ҳам (ишлар бажарилишига қараб ) даромад ва молиявий натижалар шакллантирилади.

2. Истеъмолчини персоналлаштириш ва маҳсулотнинг индивидуаллиги. Аксарият ҳолларда объект барпо этилишидан аввал қурилиш маҳсулоти истеъмолчиси кимлиги маълум бўлади, сабаби у аниқ буюртмачилар билан тузилган шартномалар асосида бажарилади. Бу объект баҳосини ёки уни белгилашнинг аниқ механизмини олдиндан қайд этиш имконини беради.

Бухгалтер учун муҳим жиҳати: ҳам қурилиш объектлари бўйича, ҳам аниқ буюртмачилар ва шартномалар бўйича даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш зарурати юзага келади.

3. Ишларни юритишнинг жамоавий тусга эгалиги. Қурилишда кўпинча бригада (жамоа) меҳнатига ҳақ тўлаш шаклидан фойдаланилади.

Бухгалтер учун муҳим жиҳати:

● иш ҳақини бригада аъзолари ўртасида тақсимлашнинг ўзига хос усуллари қўлланилади (масалан, меҳнат улуши коэффициентидан (МУК) фойдаланган ҳолда);

● мукофотлашнинг махсус шаклларидан фойдаланилади (масалан, муайян ҳажмдаги ишни муддатидан олдин бажарганлик учун).

4. Материалларнинг катта сарф-харажати. Қурилишда ҳажми ва номенклатураси бўйича кўп бўлган материаллардан фойдаланилади. Улар турли нархларда ҳисобга олиниши мумкин (масалан, қурилишнинг узоқ муддат юритилиши ва инфляция сабабли нархлар ўзгариши, турли етказиб берувчилар хизматидан фойдаланганлик учун).

Бухгалтер учун муҳим жиҳати: материалларни ҳисобга олишнинг турли услубиятини қўллашга тўғри келади:

● ҳар битта бирлик таннархи бўйича;

● ўртача тортилган қиймат бўйича (АVЕСО);

● вақт бўйича биринчи сотиб олинган материаллар таннархи бўйича (ФИФО).

Бунда ҳисобот даври мобайнида материалларнинг ҳар бир гуруҳи (тури) бўйича фақат битта қийматни белгилаш усули қўлланилади. Ушбу усулни корхонанинг ҳисоб сиёсатида қайд этиш зарур.

5. Қурилиш маҳсулотларининг ҳудудга бирикканлиги. Қурилиш маҳсулоти (объекти) ишлаб чиқарувчи (қурилиш ташкилоти) жойлашган жойда эмас, балки буюртмачи белгилаган участкада бунёд этилади. Яъни қурилиш ишлаб чиқариши объектдан объектга кўчиб юради. Йирик саноат объектлари қурилишида кўпинча қурилиш жойида муайян объектни қуриш учун махсус мўлжалланган автоном қурилиш базасини яратишга тўғри келади.

Бухгалтер учун муҳим жиҳати: қурилиш машиналари ва механизмларини кўчириб келтириш, қурилиш бўлинмаларини қайта жойлаштириш билан боғлиқ, қурилишни ташкил этиш ва ходимларга хизмат кўрсатиш учун зарур муваққат бино ва иншоотларни (вақтинчалик омборлар, прораблар конторалари ва ҳ.к.) барпо этиш харажатлари ҳисобини юритишга тўғри келади.

Бухгалтер корхона офисида ҳисоб юритади, ҳисобга олиш объектлари эса ундан узоқда (баъзан республиканинг бошқа шаҳарларида) жойлашган бўлади. Шу муносабат билан бухгалтер ҳар бир объектдаги ҳисоб учун масъул шахслардан ҳисоб маълумотларини тўплашига тўғри келади (масалан, участкалар бошлиқлари, прораблар, диспетчерлар иш вақти табелларини, объектлар бўйича моддий ҳисоботларни юритадилар ва ҳар ойда уларни бухгалтерияга топширадилар).

6. Табиий муҳитга тобелик. Ҳар бир барпо этилаётган объектнинг аниқ табиий хусусиятлари (рельеф, ҳарорат режими ва б.) эътиборга олинади. Бундан ташқари, ушбу шароит очиқ ҳавода ишларни бажарувчи қурувчиларнинг меҳнат унумдорлигига таъсир кўрсатади.

Бухгалтер учун муҳим жиҳати: очиқ ҳавода ишлаб чиқариш жараёнини амалга оширишда ишсиз туриб қолиш, материаллар бузилиши ва ўғирланиши мумкин. Буларнинг барини ҳисобга олишга тўғри келади.

7. Молиялаштириш манбаи. Объектлар марказлаштирилган манбалар (давлат бюджети ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларнинг маблағлари; Ҳукумат қарорлари билан махсус ташкил этилган айрим соҳалар ва корхоналар жамғармаларининг маблағлари; ЎзР кафолати остида ёки унинг номидан жалб этиладиган хорижий кредитлар) ҳисобига алоҳида тартибда маблағ билан таъминланади (Низом, ВМнинг 12.09.2003 йилдаги 395-сон қарорига 2-илова).

Бухгалтер учун муҳим жиҳати: бундай тартибда ҳисоб-китоб қилганда мутаносиб равишда аванс ушлаб қолинишини ҳисобга олган ҳолда бажарилган ишлар қийматининг 95%и тўланади. Қолган 5%и фақат шартномада белгиланган кафолат муддати ўтгандан кейин тўланади. Бу дебиторлик қарзи ҳисобда узоқ вақт қайд этилишига олиб келади, сабаби кафолат муддати ишлар турига қараб 1 йилдан 3 йилгача этиб белгиланиши мумкин.

 

II. Қурилиш фаолияти субъектлари

Қурилиш фаолияти субъектлари қуйидагилардир:

буюртмачилар – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар (ШКнинг 14-моддаси);

лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар – тегишли лицензияга эга юридик шахслар (Низомнинг 3-банди, ВМнинг 30.04.2009 йилдаги 126-сон қарорига 1-илова);

пудратчилар – ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари асосида олиб борувчи юридик ва жисмоний шахслар (ШКнинг 16-моддаси);

қурилиш объектларидан фойдаланувчилар.

Пудратчининг пудрат шартномасида назарда тутилган ишларнинг бутун ҳажмини мустақил бажаришга қурби етмаса, четдан қурилиш ташкилотлари – ёрдамчи пудратчиларни жалб этади. Бунда пудратчининг ўзи бош пудратчи мақомига эга бўлади. У ёрдамчи пудратчиларни иш билан таъминлайди, уларнинг хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиради ва назорат қилади. Айни пайтда у шартнома шартлари, лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ объект қурилиши учун буюртмачи олдида жавоб беради.

 

III. Лицензиялаш

Қурилиш фаолиятининг айрим турлари лицензияланиши лозим (Рўйхат, ОМнинг 12.05.2001 йилдаги 222-II-сон қарорига 1-илова):

1) ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақлаш сигнализацияларини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш;

2) магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш;

3) кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш;

4) мудофаа объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш;

5) хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш;

6) архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

7) қурилиш лойиҳаларининг экспертизасини ўтказиш;

8) баландликларда саноат альпинизми усуллари орқали таъмирлаш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш;

9) телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш.

 

IV. Лойиҳа-смета ҳужжатлари

Лойиҳа-смета ҳужжатлари (ЛСҲ) лойиҳа ташкилотлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ШНҚ, ҚМҚ, СНҚ, СН) мувофиқ ишлаб чиқилади.

ЛСҲни ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва тасдиқлаш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш буюртмачининг ташаббуси билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади (ШКнинг 39-моддаси).

Пудратчи белгиланган тартибда тасдиқланган ЛСҲсиз қурилишни бошлашга ҳақли бўлмайди.

ЛСҲни ишлаб чиқишда қурилиш объекти қиймати белгиланади. Унга қуйидаги харажатлар киритилади:

● транспорт-тайёрлов харажатларини ҳисобга олган ҳолда асбоб-ускуналар, мебель, инвентарь сотиб олиш;

● транспорт-тайёрлов харажатларини ҳисобга олган ҳолда материаллар, буюмлар ва конструкциялар сотиб олиш;

● машина ва механизмлардан фойдаланиш;

● ижтимоий суғуртага ажратмаларни ҳисобга олган ҳолда қурувчи ишчиларнинг меҳнати;

● ишлаб чиқариш хусусиятига эга харажатлар (масалан, бошқа муваққат бино ва иншоотлар, қишки қимматлашув, вахта усули ва ҳ.к.);

● пудратчи (бошқалари);

● объект қурилишини суғурталаш;

● буюртмачи харажатлари (бошқалари);

● кейинги йили қурилишда прогноз қилинаётган нархлар индексидан келиб чиқиб белгиланадиган таваккалчиликни қоплаш.

Қурилиш бўйича техник ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш туфайли бажарилиши керак бўладиган қўшимча ишлар:

● қиймати жиҳатидан сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг 10%идан ошиб кетмаса;

● пудрат шартномасида назарда тутилган ишларнинг хусусиятини ўзгартирмаса, буюртмачи уларни киритишга ҳақли.

Қўшимча ишлар қиймати сметадан 10% ошган бўлса, уларга қўшимча смета ишлаб чиқилиши лозим (ФКнинг 671-моддаси).

Бухгалтер учун сметанинг муҳим жиҳати:

1) у харажатларни моддалари бўйича расшифровкалаган ҳолда қурилишнинг шартномавий баҳосини акс эттиради. Бухгалтер смета доирасидаги ҳақиқий харажатларни уларга таяниб назорат қила олади;

2) смета қуйидагиларни ўз ичига олади:

● қурилишда фойдаланиладиган метериалларнинг (уларни ким – буюртмачи ёки пудратчи тақдим этишидан қатъи назар), шунингдек ушбу материалларни «қайта ишлаш» ишлари турларининг батафсил рўйхати. Бухгалтер шу рўйхатга қараб тегишли материаллар ҳисобда борлигини назорат қила олади;

● ишлар бирлигига материаллар нормативлари ва меҳнат сарфи, уларнинг режалаштирилаётган ишлар ҳажмига нисбатан миқдори ва қиймати. Ушбу нормативларга асосан материаллар ишлар таннархига ҳисобдан чиқарилади.

Амалиётда меҳнат ресурслари сарфининг киши-соатлардаги кўрсаткичи қурувчи ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тизими сифатида қўлланмайди. Бироқ у бўлажак меҳнат сарфини режалаштириш, сўнг уларни ҳақиқийси билан солиштириш имконини беради.

Пудрат шартномасини тузишда шартнома баҳосига ва унинг ЛСҲдаги маълумотларга мувофиқлигига эътибор қаратинг. Баъзан ЛСҲни умуман объектга мўлжаллаб, пудрат шартномасини эса муайян турдаги ишларга (масалан, пардозлаш, сантехника) тузадилар. Бундай ҳолларда смета суммаси шартнома баҳосидан ортиқ бўлади. Пудратчи ЛСҲда кўрсатилган барча ишларни бажариш мажбуриятини зиммасига олса, шартнома ва сметадаги суммалар бир хил бўлиши шарт.

 

V. Пудрат шартномаси

Одатда қурилиш пудрати шартномасини ишлаб чиқишда бухгалтерия қатнашмайди. Бу билан корхонанинг юридик хизмати шуғулланади. Бироқ айрим раҳбарлар корхона тузадиган барча шартномаларни бош бухгалтер имзолашини талаб қиладилар. Бундай ҳолларда пудрат шартномасининг қуйидаги шартларига ­эътибор қаратинг:

шартнома предмети – ишларнинг тури ва уларни бажариш жойи (объект) ЛСҲга мувофиқ келиши керак, сабаби шартномалар ва (ёки) объектлар бўйича ҳисоб юритилади;

қурилишнинг моддий таъминоти – қурилишни материаллар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш мажбурияти кимнинг (буюртмачи ёки пудратчи) зиммасида (ФКнинг 672-моддаси) ва қандай даражада. Ҳисоб-китоб тартиби ва солиқ солиш ушбу шартга боғлиқ бўлади;

ишнинг баҳоси. Қатъий смета баҳоси мавжуд бўлганда буюртмачи қурилишнинг жами қийматини тўлаши шарт, ишларни бажаришда (уларнинг сифатини пасайтирмай) пудратчи эришган тежам сабабли уни кам тўлашга ҳақли эмас (ФКнинг 637-моддаси). Ишлар қийматида ҚҚС ҳисобга олиниш-олинмаслигини ҳам кўрсатиш зарур. ҚҚС тўловчи пудратчи буюртмачидан солиқ суммасини ололмаса, уни ўз маблағлари ҳисобидан бюджетга тўлайди;

ишга ҳақ тўлаш тартиби. Шартномада бажарилган ишга ёки унинг айрим босқичларига олдиндан ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин. Олдиндан тўлов назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи пудратчига шартлашилган ҳақни иш тегишли тарзда ва келишилган муддатда бажарилиб, унинг натижалари узил-кесил топширилганидан кейин тўлаши шарт (ФКнинг ­638-моддаси);

ишларни бажариш ва шартноманинг амал қилиш муддатлари. Ушбу тушунчалар ҳуқуқий мазмунига кўра турлича:

шартноманинг амал қилиш муддати – шартномада назарда тутилган мажбуриятлар амал қиладиган давр;

ишларни бажариш муддати – пудратчи қурилиш ишларини бошлаши ва уларни тугаллаши мажбур бўлган давр.

Объектларни фойдаланишга тайёр ҳолда қуришга доир намунавий пудрат шартномаси ВМнинг 395-сон қарорига 3-иловада келтирилган.

 

VI. Бошланғич ҳужжатлар

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура

Пудратчи ва буюртмачи (ёки ёрдамчи пудратчи ва бош пудратчи) томонидан имзоланган бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактура қурилишда асосий бошланғич ҳужжат ҳисобланади. Унда жорий ойда, шунингдек йил бошидан ортиб борувчи якун билан ва қурилиш бошланганидан буён бажарилган ишлар бўйича маълумотлар акс эттирилади.

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура шакли ВМнинг 21.05.2004 йилдаги 02-5-56-сон баённома қарори билан тасдиқланган. Уни тўлдиришга доир кўрсатмалар Қурилиш соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши ва фаолиятни лицензиялаш мониторинги бўйича Республика комиссиясининг 2.02.2009 йилдаги 1-сон баённомасига ­2-иловада келтирилган.

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурада ҳисобварақ-фактура (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) учун мажбурий барча реквизитлар мавжуд бўлиб, унда ҚҚС ставкаси ва суммаси ажратиб кўрсатилган, ҚҚС тўламайдиганлар бўйича «ҚҚСсиз» белгиси бўлса, қўшимча ҳисобварақ-фактура ёзиш керак эмас.

Пудратчилар Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани ҳисобот ойининг 27-санасигача тўлдириб, уни имзолаш учун буюртмачига берадилар. Буюртмачи 3 кун ичида уни кўриб чиқади ва имзолайди, номувофиқликлар аниқланганда эса асосли далиллар билан қўшимча ишлов бериш учун қайтаради.

Одатда Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура 2 нусхада – томонларнинг ҳар бири учун биттадан тузилади. Объект марказлаштирилган манбалардан ёхуд банк кредити ҳисобига маблағ билан таъминланаётган бўлса, молиялаштирувчи банк учун 3-нусха талаб этилиши мумкин.

 

Бажарилган ишлар далолатномаси

Кўпинча амалиётда соддалаштирилган кўринишдаги (ишларнинг турлари бўйича расшифровкаланмаган) Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиб, унга қўшимча равишда бажарилган ишлар далолатномаси тузилади. Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурадан фарқли равишда унда фақат ҳисобот ойидаги маълумотлар акс эттирилади.

Бажарилган ишлар далолатномасига қўшимча равишда Объект қурилишида фойдаланилган қурилиш материаллари ҳажмлари, баҳолари ва қиймати тўғрисидаги ҳисоб-китоб жадвали ёки Ресурс қайдномаси расмийлаштирилиши мумкин.

Ҳисоб-китоб жадвали ҳисобот ойида, йил бошидан ортиб борувчи якун билан ҳисобот ойигача ва қурилиш бошланганидан буён қурилишга ҳақиқатда сарфланган материаллар тўғрисидаги маълумотларни (миқдор ва қиймат ифодасида) акс эттиради. Бунда ҳар бир турдаги материалнинг ҳақиқатдаги сарфи бўйича маълумотлар смета кўрсаткичлари, шу жумладан жорий йилга режалаштирилган кўрсаткичлар билан солиштирилади.

Ресурс қайдномаси сарфланган барча турдаги ресурслар: меҳнат; машина ва механизмлар; асбоб-ускуналар; материаллар, буюмлар ва деталлар бўйича йиғма маълумотларни акс эттиради.

 

Материаллар сарфи тўғрисидаги ҳисобот

Фақат қурилиш ташкилотлари қўллайдиган яна бир ҳужжат қурилишда материаллар сарфи тўғрисидаги ҳисобот (М-29 шакли) саналади. Унинг асосида материаллар бажарилган ишлар таннархига ҳисобдан чиқарилади, уларнинг ҳақиқий сарфи ишлаб чиқариш нормалари билан солиштирилади. М-29 шаклидаги ҳисоботни ҳар бир қурилиш объекти бўйича участка бошлиғи (прораб) йил давомида юритади. Текшириш учун ҳисобот ҳар ойда ИЧТБ ва бухгалтерияга ҳужжатлар айланиши жадвалида белгиланган муддатларда тақдим этилади. Текширувдан сўнг у қурилиш ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланади ва тўлдиришда давом этиш учун прорабга қайтарилади.

 

VII. Ҳисоб сиёсатининг ўзига хос хусусияти

Ҳисоб сиёсати корхона фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирмоғи лозим. Шу сабабли бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузишга доир умумий масалалардан ташқари қурилиш ташкилоти ҳисоб сиёсати бир қатор ўзига хос масалаларни акс эттириши керак.

 

Даромадлар ва харажатларни эътироф этиш

Юридик шахслар даромадлар ва харажатлар ҳисобини қуйидагиларга мувофиқ юритадилар:

● 2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар» (АВ томонидан 26.08.1998 йилда 483-сон билан рўйхатдан ўтказилган);

● «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун;

● Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асос (АВ томонидан 14.08.1998 йилда 475-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Қурилиш ташкилотлари – пудратчилар (ёрдамчи пудратчилар) ҳам худди шу ҳужжатларга асосланадилар. Бироқ қурилишнинг бошланиш ва тугалланиш муддатлари одатда турли ҳисобот йилларига тўғри келиши сабабли пудрат шартномаси бўйича даромадлар ва харажатларни аниқлашда 17-сон БҲМС «Капитал қурилишга оид пудрат шартномалари»га (АВ томонидан 23.12.1998 йилда ­579-сон билан рўйхатдан ўтказилган) амал қиладилар. У даромадлар ва харажатларнинг ҳисоби услубияти ва уларни ­эътироф этиш мезонларини белгилайди.

Қурилиш пудрат шартномаси бўйича бажарилган ишлар фоизи қуйидаги усулларда ўлчаниши мумкин:

● муайян санага бажарилган қурилиш ишлари бўйича харажатлар миқдорини шартнома бўйича умумий смета харажатларига киритиш;

● назорат ўлчовини ўтказиш;

● шартнома бўйича ишларнинг жисмоний (физик) қисмини якунлаш.

Шу сабабли ҳисоб сиёсатини шакллантиришда ташкилот шартнома бўйича ишлар тугалланганлиги даражасини белгилаш учун айнан қандай усулдан фойдаланишини албатта қайд этинг.

 

Билвосита харажатларни тақсимлаш

17-сон БҲМСда пудрат шартномаси бўйича харажатлар бевосита, билвосита (қўшимча сарф-харажатлар) ва бошқаларга бўлиниши назарда тутилган. Билвосита харажатлар умумий қурилиш фаолиятига тааллуқли бўлади ва пудрат шартномалари ўртасида тақсимланади. Ҳисоб сиёсатида билвосита харажатларни шартномалар ўртасида тақсимлаш усулини белгиланг. Тақсимлаш учун база билвосита харажатларнинг бутун суммаси учун ягона бўлиши ёки уларнинг ҳар бир турига алоҳида белгиланиши мумкин.

 

МИСОЛ. Ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида белгиланишича:

бошқарув ходимларини сақлаш харажатлари лойиҳалардаги ходимлар сонига мутаносиб равишда тақсимланади;

асбоб-ускуналар амортизацияси ва сақлаш харажатлари (бевосита харажатлардан ташқари) бевосита моддий харажатларга мутаносиб равишда тақсимланади.

 

«Алоҳида» бошланғич ҳужжатлар

Муайян операцияни акс эттириш учун бирхиллаштирилган ҳужжат шакли бўлмаса, уни мустақил равишда ишлаб чиқинг. Ишлаб чиқиш чоғида қуйидагиларнинг талабларини ҳисобга олиш лозим:

● «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун;

● Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низом (АВ томонидан 14.01.2004 йилда ­1297-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Мустақил равишда ишлаб чиқилган намунали бўлмаган ҳужжатлардан намуналарни ҳисоб сиёсатига илова қилинг.

 

МИСОЛ. Ташкилот объектларни қуриш даврида фойдаланиш учун муваққат (титулсиз) иншоотлар – прораб контораси, материалларни тўплаш учун бостирма, душхона қурмоқда. Уларнинг ҳисобини юритиш учун ташкилот бошланғич ҳужжатлар – муваққат (титулсиз) иншоотни фойдаланишга топшириш тўғрисидаги далолатнома ва муваққат (титулсиз) иншоотни бузиш тўғрисидаги далолатномани ишлаб чиқди.

 

Ирина АХМЕТОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 5272 раз(а)

Комментарии к статье (3)

2020-01-21 16:10:02, Гость_Ражабова Н.Ж.:
СПАСИБО
2020-08-26 15:53:51, Гость_:
Ирина Ахметова, СИздан оллох рози булсин!:gift:
2020-09-27 22:47:21, Гость_Нишонов:
Молодес зур макола

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика