Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 15 / Ходимлар билан ҳисоблашиш

Меҳнатга ҳақ тўлаш: қайси тизимни танлаймиз

 

Бошланғич ҳужжатлар иш ҳақи ҳисоблаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Уларнинг таркиби корхонада белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимлари ва шаклларига боғлиқ бўлади.

Ходимлар штати катта бўлмаган корхоналарда иш ҳақи, одатда, ойнинг сўнгги кунида ҳисобланади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг бир нечта шакли ва тизими қўлланиладиган корхоналарда эса ҳисоб-китоб қилиш учун зарур барча бошланғич ҳужжатлар йиғилгандан сўнг иш ҳақи кейинги ойнинг биринчи кунларида ҳисобланади.

 

Ҳужжатлар айланиши жадвали

Иш ҳақи бўйича ҳисоб-китобларни ўз вақтида расмийлаштириш учун ҳужжатлар айланиши жадвали – ҳужжатларни тузиш, қабул қилиш, сақлаш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартибини ишлаб чиқинг. Намунавий жадвал Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 14.01.2004 йилда ­1297-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ­3-иловада ва «Бирламчи ҳужжатлар билан қандай ишланади» материалида («СБХ»нинг 23.05.2017 йилдаги 21-сони) келтирилган.

Ҳужжатлар айланиши жадвалига риоя этиш, шунингдек ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгарлик ушбу ҳужжатларни тузган ва имзолаган шахслар зиммасига юклатилади. Бунда бош бухгалтернинг хўжалик операцияларини ҳужжатлар асосида расмийлаштириш ва уларни бухгалтерияга тақдим этиш бўйича талаблари корхонанинг барча ходимлари учун мажбурийдир («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси).

Бошланғич ҳисоб ҳужжатларини қоғоз шаклида ёки электрон кўринишда тузиш мумкин. Тузиш усулидан қатъи назар, уларда мажбурий реквизитлар бўлиши шарт (Қонуннинг 14-моддаси; Низомнинг 6-банди).

 

Иш ҳақини ҳисоблаш учун асос

Қуйидагилар иш ҳақини ҳисоблаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин:

● жамоа ва меҳнат шартномаси;

● штат жадвали, иш ҳақи миқдори кўрсатилган ҳолда ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ;

● тасдиқланган тариф ставкалари, ишбай иш учун нарядлар, бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномалари, аккорд наряд;

● иш вақтини ҳисобга олиш табели;

● мукофотлаш тўғрисидаги низом, мукофотлаш, қўшимча ҳақ, устамалар тўлаш ҳақидаги буйруқлар (фармойишлар) ва б.

Иш вақтини ҳисобга олиш табелида иш куни (смета) давомида ҳақиқатда ишланган соатлар кўрсатилади. Иш вақтида дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслар киритилмайди. Амалиётда асосан Т-13 шаклидаги табель қўлланилади.

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш турлари

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг 2 та асосий – тарифли ва тарифсиз тури мавжуд. Қўллаш учун кўплаб вариантлар улар асосида ишлаб чиқилган.

Тариф тизими тасдиқланган тариф (кун, соат ёки иш бирлиги учун ҳақ тўлаш) ва ҳақиқатда бажарилган ишга (кун, соат ёки миқдор ўлчовида) боғлиқ.

Тарифсиз тизим ишнинг пировард натижасига (бажариш сифати ва муддатлари) мўлжалланган.

Корхона ҳар бир ходим учун алоҳида меҳнатга ҳақ тўлашнинг исталган тизимини танлаши мумкин. Танлов ходимнинг функционал мажбуриятлари ва меҳнат самарадорлиги рағбатлантирилишига боғлиқ.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ҳар хил турларидан фойдаланиш вариантларини кўриб чиқамиз.

 

Меҳнатга оддий вақтбай ҳақ тўлаш

1-МИСОЛ. Қоровулнинг меҳнатига вақтбай (иш куни учун) ҳақ тўланиши белгиланган. Ушбу тизимда иш ҳақи ҳақиқатда ишланган вақтдан келиб чиқиб ҳисобланади. Қоровулнинг маоши ойига 1 300 000 сўмни ташкил этади ва ойнинг барча иш кунларида ишлаб берганда тўлиқ тўланади. Иш вақтини ҳисобга олиш табелига кўра 2018 йил февралида қоровул 20 иш кунидан 18 иш кунида ишлаган.

Иш ҳақи ҳисоб-китоби:

1 300 000 сўм / 20 кун х 18 кун = 1 170 000 сўм.

 

2-МИСОЛ. Фаррошнинг меҳнатига вақтбай (иш соати учун) ҳақ тўланиши белгиланган. Унинг соатбай тариф ставкаси 5 500 сўмни ташкил этади. 2018 йил февралда иш вақтини ҳисобга олиш табелига кўра фаррош 140 соат ишлаган.

Иш ҳақи ҳисоб-китоби:

5 500 сўм х 140 соат = 770 000 сўм.

 

Оддий вақтбай ҳақ тўлашда ходимга иш жойида ҳақиқатда бўлгани учун иш ҳақи ҳисобланади. Бу тизимда меҳнат унумдорлиги рағбатлантирилмайди, бажарилган иш сифати ва сони ҳисобга олинмайди. Шу сабабли уни одатда маъмурий ходимлар учун қўллайдилар.

 

Меҳнатга вақтбай-мукофот шаклида ҳақ тўлаш

Ходимларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида вақтбай-мукофот шаклида ҳақ тўлашдан фойдаланилади. Ишланган вақт учун тўловга белгиланган кўрсаткичларни бажарганлик ёки ошириб бажарганлик учун қўшимча равишда мукофот белгиланади.

 

3-МИСОЛ. Савдо агентининг меҳнатига вақтбай-мукофот шаклида ҳақ тўлаш белгиланган. Унинг маоши 2 500 000 сўмни ташкил этади. 2018 йил февралида у 20 иш кунидан 19 кунда ишлаган. Сотув режаси бажарилганда мукофотлаш тўғрисидаги низомда иш ҳақининг 15%и миқдорида мукофот, режадан ортиқ бажарилган ҳар бир фоиз учун эса қўшимча равишда иш ҳақининг 1%и тўланиши назарда тутилган. Сотув режаси 110% этиб бажарилган.

Иш ҳақи ҳисоб-китоби:

вақтбай ҳақ тўлаш: 2 500 000 сўм / 20 кун х 19 кун = 2 375 000 сўм;

режани бажарганлик учун мукофот: 2 375 000 сўм х 15% = 356 250 сўм;

режани ортиғи билан бажарганлик учун мукофот: 2 375 000 сўм х 10% = 237 500 сўм; иш ҳақининг умумий суммаси: 2 375 000 + 356 250 + 237 500 = 2 968 750 сўм.

 

Меҳнатга тўғри ишбай ҳақ тўлаш

Ишлаб чиқариш жараёнида бевосита иштирок этадиган ходимлар учун меҳнатга ишбай ҳақ тўланишини белгилаш мақсадга мувофиқ. Бу тизимда бажарилган ишга қараб меҳнат ҳақи тўланади.

 

4-МИСОЛ. Ишчининг меҳнатига ишбай ҳақ тўланиши белгиланган, бунда ҳақиқатда бажарилган иш ёки тайёрланган маҳсулот учун бирлик нархига қараб иш ҳақи ҳисобланади. Бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномасига кўра у бир ойда 720 та деталга ишлов берди. 1 та деталь учун нарх – 1 800 сўм.

Иш ҳақи ҳисоб-китоби:

720 та деталь х 1 800 сўм = 1 296 000 сўм.

 

Меҳнатга ишбай-мукофот шаклида ҳақ тўлаш

Ходимларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида уларга ишбай-мукофот шаклида ҳақ тўлаш белгиланади. Бу тизимда иш ҳақига қўшимча равишда белгиланган кўрсаткичларни бажарганлик ёки ортиғи билан бажарганлик (иш сифати, тезлиги ва б.) учун тўғридан-тўғри ишбай нархлар бўйича мукофот ҳисобланади.

 

5-МИСОЛ. Ишчининг меҳнатига ишбай-мукофот шаклида ҳақ тўланиши белгиланган. Режали топшириқда 500 та деталь кўрсатилган пайтда у ишбай иш нарядига кўра бир ойда 540 та деталга ишлов берган. 1 та деталь учун нарх – 1 800 сўм. Режали топшириқдан ортиқ бажарилган ҳар бир фоиз учун мукофотлаш тўғрисидаги низомда мукофот – ишбай иш ҳақининг 1%и тўланиши назарда тутилган.   

Иш ҳақи ҳисоб-китоби:

ишбай тўлов – 540 та деталь х 1 800 сўм = 972 000 сўм;

режадан ортиқ бажариш фоизи – (540 – 500) / 500 = 8%;

режани ортиғи билан бажарганлик учун мукофот – 972 000 х 8% = 77 760 сўм;

иш ҳақининг умумий суммаси – 972 сўм + 77 760 сўм = 1 049 760 сўм.

 

Меҳнатга ишбай-прогрессив шаклда ҳақ тўлаш

Ходимни меҳнат ҳақи оширилишига қизиқтириб, ишларни бажариш муддатини тезлаштириш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлашнинг ушбу тизимини белгилайдилар.

Ишбай-прогрессив шаклда ҳақ тўлашда иш ҳақи турли нархларда тўланади: белгиланган норма доирасида – тўғридан-тўғри нархлар бўйича, ушбу нормадан ортиқ – оширилган нархлар бўйича.

 

6-МИСОЛ. Ишчининг меҳнатига ишбай-прогрессив шаклда ҳақ тўланиши белгиланган. Режали топшириқда 500 та деталь кўрсатилган пайтда у нарядга кўра 540 та деталга ишлов берган. Режали топшириқ доирасида 1 та деталь учун ишбай нарх – 1 800 сўм, режадан ортиқ деталлар учун – 2 200 сўм.

Иш ҳақи ҳисоб-китоби:

500 та деталь х 1 800 сўм + 40 та деталь х 2 200 сўм = 988 000 сўм.

 

Меҳнатга билвосита-ишбай ҳақ тўлаш

Ишлаб чиқаришда бевосита иштирок этмайдиган, бироқ ишлаб чиқариш жараёнига хизмат кўрсатган ҳолда унга билвосита таъсир кўрсатадиган ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг ушбу шакли қўлланилади.

 

7-МИСОЛ. Ишлаб чиқариш ускунасини созловчининг меҳнатига билвосита-ишбай ҳақ тўланиши белгиланган. Унга асосий ишлаб чиқариш ходимлари ўртача иш ҳақининг 55%и миқдорида иш ҳақи ҳисобланади. Бир ойда асосий ишлаб чиқаришдаги 8 нафар ишчининг иш ҳақи 14 880 000 сўмни ташкил этди.

Бир ойда асосий цех ишчиларининг ўртача иш ҳақи ҳисоб-китоби:

14 880 000 сўм / 8 киши = 1 860 000 сўм.

Созловчининг иш ҳақи ҳисоб-китоби:

1 860 000 сўм х 55% = 1 023 000 сўм.

 

Меҳнатга аккорд ҳақ тўлаш

Ушбу шакл жамоага хос саналади ва бутун бригада меҳнатига ҳақ тўлаш учун қўлланилади. Бригадага аккорд наряд берилганда ишларнинг бутун ҳажмига уларни бажариш муддатини кўрсатган ҳолда тўланадиган ҳақ белгиланади. Иш тезроқ, шу билан бирга сифатли бажарилса, мукофот назарда тутилиши мумкин.

 

8-МИСОЛ. 3 кишидан иборат аррачилар бригадасига 100 та ёғоч таянчларни арралашга аккорд наряд расмийлаштирилди. Ишни бажаришнинг норматив вақти – 75 соат (ҳар бир кишига 25 соатдан). Ишларнинг умумий қиймати – 5 580 000 сўм. Ишни муддатидан аввал бажарганлик учун бригадага 600 000 сўм мукофот назарда тутилган. Бригада аъзолари ишни бажаришга ҳақиқатда 70 соат (23, 25 ва 22 соат) сарфладилар.

Мукофотни тақсимлаш:

1-аррачига – 600 000 сўм / 5 соат х 2 соат = 240 000 сўм;

3-аррачига – 600 000 сўм / 5 соат х 3 соат = 360 000 сўм.

 

Бригада аъзолари

 

Вақт, соат

 

Иш ҳақи суммаси, сўм

 

Жами иш ҳақи, сўм

 

норма бўйича

 

ҳақиқатда

 

тежам

 

норма бўйича

 

мукофот

 

1-аррачи

 

25

 

23

 

2

 

1 860 000

 

240 000

 

2 100 000

 

2-аррачи

 

25

 

25

 

 

1 860 000

 

 

1 860 000

 

3-аррачи

 

25

 

22

 

3

 

1 860 000

 

360 000

 

2 220 000

 

Жами

 

75

 

70

 

5

 

5 580 000

 

600 000

 

6 180 000

 

 

 

Меҳнатга тарифсиз ҳақ тўлаш

Бундай тизимда (унинг бошқа номи – «сузувчи» маошлар тизими) ходимнинг иш ҳақи ўз меҳнати билан корхона фаолиятига қўшган ҳиссасидан келиб чиқиб белгиланади. Жамоа ишлаб топган маблағлар қабул қилинган коэффициентларга мувофиқ унинг ходимлари ўртасида тақсимланади. Коэффициентлар ходимларнинг малакаси, профессионал даражаси ва лавозимини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши мумкин.

 

9-МИСОЛ. 3 кишидан иборат ишчилар бригадасига бир ойга 9 600 000 сўм миқдоридаги иш ҳақи фонди ажратилган. Меҳнати билан иштирок этиш коэффициентлари (МИК) қуйидаги миқдорда тасдиқланган:

бригадир – 1,5;

2-разрядли ишчи – 1,3;

3-разрядли ишчи – 1,2.

МИКнинг жами суммаси:

1,5 + 1,3 + 1,2 = 4.

Иш ҳақи ҳисоб-китоби:

бригадир – 9 600 000 сўм / 4 х 1,5 = 3 600 000 сўм;

2-разрядли ишчи – 9 600 000 сўм / 4 х 1,3 = 3 120 000 сўм;

3-разрядли ишчи – 9 600 000 сўм / 4 х 1,2 = 2 880 000 сўм.

 

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ушбу тизимини нафақат ишлаб чиқариш ходимларига нисбатан, балки маъмурий ходимларга ҳам уларнинг сонини мақбуллаштириш мақсадида қўллаш мумкин.

 

10-МИСОЛ. Бир ойда бухгалтерия ходимларига қуйидагича маош ҳисобланган:

бош бухгалтерга – 1 700 000 сўм;

ходимлар билан ҳисоб-китоб қилувчи бухгалтерга – 1 400 000 сўм;

моддий бухгалтерга – 1 200 000 сўм;

кассирга – 800 000 сўм.

Февралда бухгалтерия меҳнатига ҳақ тўлаш учун 7 905 000 сўм ажратилган.

Ошган суммани тақсимлаш коэффициенти қуйидаги миқдорни ташкил этади:

7 905 000 / (1 700 000 + 1 400 000 + 1 200 000 + 800 000) – 1,55.

Коэффициентни инобатга олганда иш ҳақи ҳисоб-китоби:

бош бухгалтер: 1 700 000 сўм х 1,55 = 2 635 000 сўм;

ходимлар билан ҳисоб-китоб қилувчи бухгалтер: 1 400 000 сўм х 1,55 = 2 170 000 сўм;

моддий бухгалтер: 1 200 000 сўм х 1,55 = 1 860 000 сўм; 

кассир: 800 000 сўм х 1,55 = 1 240 000 сўм.

 

Меҳнатга комиссион-ишбай ҳақ тўлаш

Комиссион тизим, одатда, сотув соҳасида – сотиш бўлимлари, реклама агентликлари, маркетинг бўлимлари ва бошқаларда қўлланилади.

Комиссион-ишбай ҳақ тўлашда ходимнинг иш ҳақи у сотган маҳсулот қийматига белгиланган воситачилик ҳақи фоизи сифатида белгиланади.

Иш ҳақи ҳисоблашда сотилган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳажми ёки улардан тушум инобатга олинади.

 

11-МИСОЛ. Сотиш бўйича менежернинг иш ҳақи меҳнат шартномасига биноан у сотган маҳсулот қийматининг 15%ини ташкил этади. Февралда менежер 16 000 000 сўмлик суммага тенг маҳсулот сотди.

Иш ҳақи ҳисоб-китоби:

16 000 000 сўм х 15% = 2 400 000 сўм.

 

Меҳнатга комиссион-мукофот шаклида ҳақ тўлаш

Сотиш ҳажмини ошириш мақсадида ходимларни (менежерлар, сотувчилар, агентлар ва б.) рағбатлантириш учун меҳнатга комиссион-мукофот шаклида ҳақ тўлаш тизими қўлланилади. Ушбу тизимда ходимнинг иш ҳақи қатъий белгиланган маош ва сотишдан фоиз, яъни бажарилган иш учун ўзига хос мукофотлаш қисмидан иборат бўлади. Мукофот сотилган маҳсулотдан фоиз ёки ходим эришган муайян натижа учун сумма кўринишида белгиланиши мумкин.

 

12-МИСОЛ. Сотиш бўйича менежернинг иш ҳақи меҳнат шартномасига биноан 500 000 сўм миқдоридаги маош ва у сотган маҳсулот ҳажмига қараб табақалаштириладиган мукофотдан иборат.

Февралда менежер 16 000 000 сўмлик маҳсулот сотди. 10 млн сўмдан 20 млн сўмгача сотиш ҳажми учун мукофотлаш тўғрисидаги низом билан сотиш ҳажмидан 8% миқдорида мукофот назарда тутилган.

Иш ҳақи ҳисоб-китоби:

500 000 сўм + 16 000 000 сўм х 8% = 1 780 000 сўм.

 

Келтирилган мисоллардан кўринганидек, меҳнатга ҳақ тўлашнинг ҳар бир тизими ижобий ва салбий жиҳатларга эга. Раҳбар меҳнатга ҳақ тўлашнинг турли тизимларини белгилашга ҳақли, бироқ улар ходимларнинг меҳнат шартномаларида ва корхонанинг локал ҳужжатларида акс эттирилган бўлиши лозим.

 

Ирина АХМЕТОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 6559 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика