Халқ истеъмоли товарлари ва қурилиш материалларини экспорт қилиш натижасида ҳосил бўлган ҚҚСни қайтариш учун ҳужжатларни қандай расмийлаштириш лозим?
Тимур Т.
– Ноль даражали ставкада солиқ солинадиган оборот ҳисобидан ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммаси қуйидаги навбатга амал қилган ҳолда қайтарилади:
● аввал Солиқ кодексининг 207-моддасига мувофиқ тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси қопланади;
● сўнгра солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича қарзи (мавжуд бўлса) ёпилади;
● кейин маблағлар солиқ тўловчининг банкдаги счётига ўтказилади (Солиқ кодексининг 227-моддаси).
Яъни барча солиқлар тўланмагунга қадар маблағлар қайтарилмайди. Бўлғуси тўловлар ҳисобига ҚҚС бўйича фарқ ҳам йўналтирилиши мумкин.
Қайтариш таомили Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 7.04.2016 йилда 2775-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.
ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтариш учун энди ҳудудий: Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ёки Тошкент шаҳар солиқ бошқармасига ёзма шаклда ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон ҳужжат тарзида ариза бериш лозим (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 17.03.2018 йилда 2775-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори). Унга қуйидагилар 3 нусхада илова қилинади:
● солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича юридик шахс қарзларининг солиштирув далолатномаси. Ҳужжат ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунига қадар тузилади ва бир календарь ой мобайнида амал қилади;
● қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби;
● юридик шахсга илгари ҚҚСнинг ортиқча суммаси қайтарилган бўлса, қайтарилган суммалар ва саналар тўғрисидаги маълумотлар.
Товарларни экспорт қилувчи солиқ тўловчи (юридик шахс) уларга қўшимча равишда:
● контрактнинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхалари;
● товарларни экспорт қилиш режимига чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг белгиси қўйилган БЮДнинг кўчирма нусхалари (Солиқ кодексининг 213-моддаси);
● чет эл валютасида реализация қилинган товарлар учун тушум солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварағига келиб тушганлигини тасдиқловчи банк ҳужжатидан кўчирмаларни тақдим этиши керак (Солиқ кодексининг 228-моддаси).
Солиқ тўловчи ёзма аризани ҚҚСнинг ортиқча суммаси ҳосил бўлган ҳисобот даври тугаганидан кейин 12 ойдан кечиктирилмаган муддатда тақдим этиши лозим. Экспортчи белгиланган муддатда ариза беришга улгурмаса, ҚҚСнинг ортиқча суммаси солиқ тўловчининг банкдаги счётига ўтказилмайди, балки бошқа солиқлар бўйича қарзни сўндириш йўли билан қопланади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.