Сурхондарёлик экспортчилар маҳсулотларни чиқаришда қулай шароитлардан фойдаланишмоқда
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари «инжиқ» бўлади: гўшт-тухум тез айнийди, мева-сабзавот вақт ўтган сари товар кўринишини йўқотади. Шунинг учун бу маҳсулотларни экспорт қилиш тезкорликни талаб қилади.
Президентимиз жорий йил 27 февралдаги видеоселектор йиғилишида экспорт режасини бажаришдаги камчиликларни чуқур таҳлил қилиб, асосий йўналиш ва вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, вилоят ҳудудида экспорт ҳажмини камида 30%га ошириш, импортни эса 30%га оптималлаштириш бўйича «Йўл хариталари» ишлаб чиқиш ва шу асосда ишларни ташкил этиш вазифаси қўйилди.
– Вилоятимизда етиштирилган маҳсулотларга чет давлатлар томонидан доимо қизиқиш билдириб келинган, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов. – Шунинг учун бизда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш имкониятлари кенг йўлга қўйилмоқда. Экспортчилар нафақат маҳсулотлар олди-сотдиси, балки ишларни кластер усулида ташкил этиш таклифлари билан чиқишмоқда. Яратилган қулай шарт-шароитлар туфайли вилоятимизда экспортчилар сони қисқа даврда 27 тадан 38 нафарга етди. Улар товар-маҳсулотларни асосан «Термиз», «Жарқўрғон», «Денов» ТИФ божхона постлари орқали олиб ўтишади. Масалан, замонавий рентген мажмуаси билан жиҳозланган биргина «Термиз» ТИФ божхона пости бир суткада ўртача 70 га яқин автотранспорт воситасини чуқур назоратдан ўтказяпти.
– Шу ишлар натижаси ўлароқ, 2018 йилнинг икки ойи давомида экспорт ҳажми 17,2 млн АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,5 млн АҚШ долларига, ёки 60,6 %га кўпайган – деди Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидов. – Экспорт ҳажмининг ошиши билан бир қаторда, яратилган енгилликлардан келиб чиқиб, экспорт географияси ҳам кенгаймоқда. Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 72%и Афғонистонга, 10%и Россияга, қолган 18%и Туркия, Хитой, Украина, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинган.
Аҳамиятлиси, экспорт билан боғлиқ операциялар «Бир дарча» тамойили асосида амалга ошириб келинмоқда. ТИФ қатнашчилари муайян сертификат ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар учун аризанинг ягона электрон шаклини расмийлаштириб, тегишли идораларга электрон тарзда юборади. Ўз навбатида идоралар ҳам керакли ҳужжатларни электрон тарзда расмийлаштириб беради.
Чет эллик тадбиркор ва маҳаллий ишбилармонлар ўз бизнесини самарали олиб бориб, вақтинча шу жойда қўним топишлари мумкин бўлиши учун «Termiz Kargo Centr» МЧЖ ҳудудида, масалан, замонавий меҳмонхона бунёд этилган. 15 йил давомида тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган афғонистонлик экспортчи Муҳаммаджавид Муҳаммадамин Сурхондарёдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилаётганини таъкидлаб, ҳозирда божхона ва банк хизматлари анча енгиллашганини эътироф этади.
– Илгари Ўзбекистондан маҳсулот экспорт қилиш жараёнлари биз учун оғир кечар эди, ҳозир 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспорт шартномаларини тузмасдан, инвойс асосида экспорт қилмоқдамиз, – дейди Муҳаммаджавид Муҳаммадамин.
Соҳа ривожи йўлида қўйилган яна бир истиқболли қадам бу – юртимиз тадбиркорларининг Афғонистонга тухум экспортини йўлга қўйгани бўлди. «Жарқўрғон парранда» МЧЖ ҳамда қўшни давлат тадбиркорлари ўртасида 3 млн АҚШ доллари қийматидаги шартнома имзоланган бўлиб, айни пайтда 569 минг долларлик тухум ушбу давлатга экспортга чиқарилди. Мазкур корхона раҳбари Абдуқаҳҳор Қулматовнинг сўзларига кўра, маҳсулотни экспорт қилишда божхона тартиб-таомиллари шу ернинг ўзида амалга оширилиб, юк ортилган автотранспорт «Жарқўрғон парранда» МЧЖ ҳудудидан тўғри Афғонистонга қараб йўл олмоқда. Бунинг натижасида тухумнинг сифати бузилмасдан, тез фурсатда манзилига етказилмоқда.
Маълумки, Давлат божхона қўмитаси ва Россия Федерал божхона хизмати ўртасида «Соддалаштирилган божхона йўлаги» тўғрисида битим имзоланган. Унга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинганда, қабул қилувчи мамлакатда товарлар божхона кўригидан озод қилиниши белгиланган. Бу эса юртимиздан келтирилган мева-сабзавотларнинг сифати ва таъмига таъсир кўрсатмасдан, тез фурсатда Россиянинг бозорларига чиқиш имконини беради. Бундан ташқари, фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тез ва сифатли экспортини таъминлаш мақсадида вилоят бўйлаб қатор марказлар ташкил этилган. Биргина Ангор туманида 4 та мана шундай шохобча фаолият юритмоқда. Эътиборлиси, божхона кўриги ва ҳужжатлар расмийлаштируви шу ернинг ўзида амалга оширилиб, маҳсулотлар тўғридан-тўғри хорижга жўнатилади. Масалан, 639 гектар ер майдонига эга «Gold dried fruits» агрофирмаси асосан мева-сабзавот етиштириш ҳамда уларни экспорт қилишга ихтисослашган. Бу ерда иссиқхона шароитида ноанъанавий сабзавот маҳсулотлари етиштирилади.
– Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида агрофирмамиз фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, ўзларининг қимматли таклиф ва тавсияларини бердилар. Жумладан, йилда икки маротаба ҳосил олишга мўлжалланган иссиқхонамиз имкониятини юқори баҳолаб, бундай илғор технологияни вилоятда кенг оммалаштириш лозимлигини таъкидладилар, – дейди агрофирма мутахассиси Алишер Нурматов.
Ҳозирда Сурхон воҳасининг экспорт салоҳияти нафақат географик жиҳатдан, балки маҳсулот турлари бўйича ҳам кенгаймоқда. Хусусан, қурилиш материаллари ҳисобига. Она замин неъматларидан бири – қамиш ўсимлиги Термиз шаҳридаги мебель корхонасининг асосий хом ашёси ҳисобланади. Мазкур қувватнинг ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмаган, аммо у аллақачон ўзининг хорижий харидорларини топиб улгурди ва маҳсулотининг 50%и экспортга йўналтирилмоқда. Ҳозиргача корхона Афғонистон ҳамда Тожикистон билан 2 млн АҚШ долларилик шартнома тузишга эришди.
Айтиш керакки, Сурхондарё вилоятининг бошқа минтақаларда учрамайдиган алоҳида экспорт имконияти бор. Бу – республикамизни қўшни Афғонистон билан боғлаб турган Амударё орқали алоқаларни амалга оширувчи «Термиз Дарё порти»нинг мавжудлигидир. Мазкур порт Амударёнинг қирғоғида, Ўзбекистон билан Афғонистон чегарасида жойлашган. Биргина Афғонистонга бу порт орқали ҳар ойда ўртача 25 минг тонна юк ташилади.
Термиз дарё порти божхона назорати зонаси бўлиб, ундаги 6 та ёпиқ турдаги омборхоналарда бир вақтнинг ўзида 30 минг тоннагача юкни сақлаш мумкин. Шу билан бирга портнинг очиқ майдонида бир вақтнинг ўзида 3 мингга яқин 20 ва 40 футли контейнерларни сақласа бўлади. Бугунги кунда буларнинг барчаси маҳсулотларнинг экспорт-импорти ҳамда транзит мақсадларига хизмат қилишга сафарбар этилган.
Мутахассисларнинг фикрича, Сурхондарё иқлими қулай, тупроғи унумдор бўлган минтақа бўлгани боис вилоятда бир йилда уч маротабагача ҳосил етиштириш мумкин. Бу воҳада аграр тармоқни жадал ривожлантириш учун улкан имконият борлигидан далолат беради. Шундан келиб чиқиб, ҳудудда етиштирилган маҳсулотларни хорижга экспорт қилишга қаратилган қатор истиқболли лойиҳалар ҳали ҳаётга кўп татбиқ этилажак.
Гавҳар МАҲМУДХОНОВА, Рустам НОРҚУЛОВ.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.