МЧЖ – ЯСТ тўловчиси турли материаллардан сумкалар тайёрлаш билан шуғулланади.
Сумкалар тайёрлашда ЯСТ бўйича қандай имтиёзлар қўлланилади?
Л.Дотарова.
– Тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарлари, хусусан, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган микрофирмалар ва кичик корхоналар 2020 йилнинг 1 январига қадар ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилинган (21.12.2016 йилдаги ПҚ-2687-сон қарорга 7-илова).
«Тўқимачилик атторлик буюмлари» товар гуруҳи бўйича имтиёзлар татбиқ этиладиган товарлар рўйхатига сумкалар ҳам киради (АВ томонидан 16.05.2017 йилда 2885-сон билан рўйхатдан ўтгазилган Низомга 1-илова).
Ушбу имтиёздан фойдаланиш учун корхона:
● тўқимачилик маҳсулотлари – газлама ёки трикотаждан сумкалар ишлаб чиқариши;
● микрофирма ёки кичик корхона бўлиши;
● тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиши, яъни ҳисобот даври (чорак) якунлари бўйича умумий сотиш ҳажмида шундай товарларни ишлаб чиқаришдан тушган тушумлар улуши камида 60%ни ташкил этиши керак.
Имтиёзни қўллаш тартиби 2885-сон Низом билан белгиланган.
Сумкалар чарм ёки унинг ўрнини босувчи маҳсулотлардан тайёрланса, улар имтиёзлар назарда тутилмаган «Чарм маҳсулотлар» товар гуруҳига киради.
Ноила МУҚМИНОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.