Асримизнинг энг катта жиноятларидан бири коррупциядир. У ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасида ДБҚ ҳамда «Тошкент-АЭРО» ИБК билан ҳамкорликда шахсий таркиб ва ТИФ қатнашчилари иштирокида шу мавзуда давра суҳбати ташкил қилинди. Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда уюштирилган ушбу тадбирда асосий эътибор Президентимизнинг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (2.02.2017 йилдаги ПҚ-2752-сон) ижросига қаратилди.
Тадбирда асосий эътибор божхона органларида коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишларга қаратилди. Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари (ВМнинг 2.03.2016 йилдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган) ижроси доирасида божхона органларида тарбиявий профилактик ишларни кучайтириш, шахсий таркибнинг муносиб хулқ-атворда бўлишини таъминлаш, бурчга садоқатини мустаҳкамлаш, тизимга доғ туширувчи турли салбий ҳолатларга йўл қўйилиши олдини олиш масалалари муҳокама этилди.
Айтиш керакки, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ва «Тошкент-Аэро» ИБК томонидан 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида 40 га яқин учрашувлар, якка тартибдаги профилактик тарбиявий ишлар ва суҳбатлар ўтказилган. Бу тадбирларга божхона ходимларининг ота-онаси ва оила аъзоларини ҳам жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ходимларнинг хизмат давомида зиммасига юкланган вазифаларни қай даражада адо этаётганлиги, ҳушёрлиги ва огоҳлигини синовдан ўтказиш мақсадида 16 маротаба хуфиёна текширувлар ўтказилган.
Бундан ташқари пойтахт шаҳар божхона бошқармаси ва «Тошкент-Аэро» ИБКнинг барча ТИФ ва чегара-божхона постларидаги мониторлар орқали йўловчилар ва ТИФ иштирокчилари учун доимий равишда коррупциянинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантирувчи ижтимоий видеороликлар намойиши йўлга қўйилган.
Коррупцияга қарши курашиш, ёш божхоначиларни ўз касбига садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан Божхона хизмати фахрийлари уюшмаси билан самарали ҳамкорлик амалга ошириб келинмоқда.
Давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Тошкент шаҳар
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.