Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 15 / Иқтисодий таҳлил

«Истеъмол саватчаси»да нималар бўлиши керак?

 

«Биз илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича «истеъмол саватчаси» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратишимиз лозим».

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан.

 

«Истеъмол саватчаси»ни жорий қилиш бугунги кунда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишнинг, мамлакатимизда меҳнатга муносиб ҳақ тўлашнинг энг долзарб масаласи ҳисобланади. Шунинг учун бугунги кунда бу масалани ҳал қилишнинг халқаро ва умумий услубий масалаларни теран англаш муҳим аҳамиятга эга.

 

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши, мамлакатимиз иқтисодиётини тубдан ривожлантириш ва ижтимоий ҳаётни янгилашга тааллуқли кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатларининг ишлаб чиқилаётганлиги ва қабул қилинаётганлиги аҳолининг реал даромадлари ва турмуш фаровонлигини белгилашга мўлжалланган яшаш минимуми, истеъмол бюджети, истеъмол савати каби иқтисодий тушунчаларни амалиётга киритиш ва жамият ҳаётига татбиқ этиш заруратини қўймоқда.

Дунё мамлакатларининг бу борадаги тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, аксарият давлатлар ўз халқининг турмуш фаровонлиги чегараларини аниқлашни ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг марказий вазифаси сифатида расман белгилашган ва бу борада тегишли сайъ-ҳаракатлар олиб борилади.

Бу тажрибаларни ўрганиш, уларнинг фойдали ва самарали жиҳатларини Ўзбекистон хусусиятларини ва халқимиз манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда жорий қилиш юқорида тилга олинган стратегик талабларга мувофиқ келади.

 

1

Дунё мамлакатларида яшаш минимумини белгилаш тажрибаси. Дунёдаги кўпгина давлатларда аҳоли яшаш минимумини ҳисоблашнинг қуйидаги кўринишдаги усуллари мавжуд:

статистик усул. Аҳоли 10-20% кам таъминланган қатламнинг ўртача даромади даражасидаги яшаш минимуми. Юксак ривожланган давлатларда қўлланилади;

социологик усул. Зарур минимал даромадлар ҳақидаги аҳоли фикрига таяниб белгиланади. Одатда, давлатнинг яшаш минимумини ўрнатиш имкониятлари билан аҳоли фикри тўғри келмайди. Бироқ бу усул аҳолининг истеъмолини тўғри белгилайди;

ресурс усули. Яшаш минимумини иқтисодиётнинг имкониятларидан келиб чиқиб белгилаш. Бу усул ҳам юксак ривожланган давлатларда қўлланилади;

норматив усул. Давлат томонидан минимал истеъмол бюджети қонун ёки ижтимоий нормативлар билан белгиланади;

аралаш усул. Юқоридаги усуллар аралаш ҳолда ҳам қўлланилади;

нисбий усул. Нисбий усулда ривожланган давлатнинг аҳолиси сони даромад миқдорига кўра тенг иккига бўлинади (ярми – кам даромадли ва қолган ярми – кўп даромадли аҳоли). Аҳолини иккига ажратувчи бу даромад медиана даромади ҳам дейилади. АҚШ, Буюк Британия, Германияда – медианадан 40% миқдорида, Финляндия, Италия, Греция, Испанияда – 50%, Португалия ва Ирландияда – 60% миқдорида яшаш минимуми белгиланган.

 

2

Яшаш минимуми таркиби. Яшаш минимуми энг кичик миқдорининг таркиби турли давлатларда турлича қилиб белгиланган. Масалан, АҚШда «истеъмол саватчаси»га 300 номдаги, Германияда 475 номдаги, Англияда 350 номдаги, Россияда 156 номдаги товар ва хизматлар турлари киради.

АҚШда Қишлоқ хўжалик вазирлиги тузадиган «озиқ-овқат режаси» (Food Plan) тушунчаси мавжуд. У 4 вариантда тузилади: тежамли, паст, ўрта ва эркин режа. Шулар орасидан тежамли режа (Thrifty Food Plan) асосида аҳолининг кам таъминланган тоифасига озиқ-овқат талонлари тарқатилади.

«Истеъмол саватчаси»ни учта асосий таркибий қисмга: озиқ-овқат, ноозиқ-овқат ва хизматларга ажратиш мумкин.

Одатда, ривожланган давлатларда бу саватча улушининг 20%га яқини «озиқ-овқат саватчаси»га тўғри келади. Статистик маълумотлар Россияда бу кўрсаткич 50%дан иборат эканлигини кўрсатади. Тахминларга кўра, Ўзбекистонда ҳам аҳоли даромадларининг камида ярми озиқ-овқатга тўғри келади (яъни мамлакатда аҳолининг ўртача даромадлари ҳали жуда кам даражада).

Жаҳон тажрибасида қуйидаги қонуният аниқланган: аҳолининг даромадлари ортган сайин даромадлар таркибида озиқ-овқатга сарфлар салмоғи камайиб бориши керак. Хусусан, ҳаддан зиёд бойлар бойлигининг тахминан 1-5%ини, бойлар – ­5-10%ини, ўртача даражадаги аҳоли – 10-30%ини, камбағаллар – 30-60%ини, қашшоқлар – 60-80%ини озиқ-овқатга сарфлайди.

Яшаш минимуми физиологик (жисмоний) ва социал (ижтимоий) қисмлардан иборат. Физиологик минимум яшаш минимумининг тахминан 80-85%ини ташкил қилади. Аҳоли минимал даромадининг қолган қисми – 15-20% – маънавий бойликларга бўлган эҳтиёжларни қондиришга етиши керак.

 

3

«Истеъмол саватчаси» турлари. «Истеъмол саватчаси» деганда ўртача бир киши (ёки бир оила) бир ойда (бир йилда) истеъмол қиладиган товарларнинг ҳисоб-китоб учун олинган миқдори ва таркиби тушунилади. Дунё мамлакатлари тажрибаси асосида саватчани 3 гуруҳга ажратиш мумкин:

√ агар ҳисоб-китоб учун олинган товар ва хизматлар миқдори инсон истеъмолининг энг қуйи даражасида олинган бўлса, яъни ейиш, ичиш, кийиш ва бошқа истеъмол миқдорининг қуйи чегараси назарда тутилса – бундай «истеъмол саватчаси» энг кичик истеъмол савати (ёки яшаш минимуми) дейилади;

√ агар ҳисоб-китоб учун олинган товар ва хизматлар миқдори инсон истеъмолининг ўртача даражасида олинган бўлса, яъни ейиш, ичиш, кийиш ва бошқа истеъмол миқдорининг меъёрий ўртача даражаси назарда тутилса – бундай «саватча» ўртача (ёки «оқилона») «истеъмол саватчаси» (ёки «рационал саватча») дейилади;

√ агар ҳисоб-китоб учун олинган товар ва хизматлар миқдори инсон истеъмолининг ўртача чегарасидан юқори даражада олинган бўлса, яъни ейиш, ичиш, кийиш ва бошқа истеъмол миқдорининг меъёрий ўртача даражасидан юқори даражани назарда тутса – уни юқори даражадаги «истеъмол саватчаси» дейиш мумкин.

 

4

Истеъмол бюджети. «Истеъмол саватчаси»нинг шу даражаларига мос равишда аҳолининг истеъмол бюджетлари («саватча»нинг пулдаги миқдори) фарқланади. Шунга кўра, минимал истеъмол бюджети, оқилона истеъмол бюджети ва юқори даражадаги истеъмол бюджетини фарқлаш лозим бўлади.

Табиийки, минимал истеъмол бюджети ҳисоб-китоб учун олинган товар ва хизматлар миқдори инсон истеъмолининг энг қуйи даражасини таъминлашга етиши зарур. Агар аҳолининг муай­ян тоифалари даромадлари яшаш минимумини таъминлашга етмаса – у ҳолда аҳолининг бундай тоифалари ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли сифатида давлатнинг ижтимоий ёрдами билан муҳофазаланади.

Истеъмол бюджетини белгилашда қуйидаги мақсадлар кўзланади:

а) жамиятдаги ҳаёт қийматининг чегараларини, шу жумладан унинг қуйи даражасини аниқлаш (яъни яшаш минимуми ёки тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни расман белгилаш);

б) белгиланган чегарада, ундан кам ва кўп даражада яшаётган аҳоли миқдорини статистик ҳисоблаш;

в) мос иш ҳақини ҳисоблаш ва белгилаш;

г) давлатнинг ижтимоий сиёсати параметрларини аниқлаш ва бошқалар.

 

5

«Истеъмол саватчаси» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш тажрибаси (Россия). «Саватча» тушунчаси Россия Федерацияси қонунчилигида нисбатан чуқур ўрганилган. Бу тажрибанинг Ўзбекистон учун қуйидаги жиҳатлари муҳим (жадвалга қаранг):

√ Россия «истеъмол саватчаси», айниқса озиқ-овқат таркибининг Ўзбекистондаги истеъмол таркиби билан ўхшашлиги;

√ «истеъмол саватчаси»даги маҳсулотлар рационал миқдорининг Ўзбекистон шароитида ҳам қўллаш мумкинлиги;

√ «истеъмол саватчаси»ни ҳисоблаш учун белгиланган аҳоли тоифаланишининг универсаллиги ва ҳ.к.

Жадвал

«Истеъмол саватчаси»га кирувчи озиқ-овқат маҳсулотлари таркиби ва миқдори*

Номи

 

Ўлчов бирлиги

 

Ўртача бир йилда бир кишига тўғри келувчи истеъмол миқдори

 

Меҳнатга қобилиятли аҳоли

 

Пенсионерлар

 

Болалар

 

Нон ва нон маҳсулотлари

 

кг

 

126,5

 

98,2

 

77,6

 

Картошка

 

кг

 

100,4

 

80,0

 

88,1

 

Сабзавот-полиз экинлари

 

кг

 

114,6

 

98,0

 

112,5

 

Мевалар

 

кг

 

60,0

 

45,0

 

118,1

 

Шакар ва қандолат

 

кг

 

23,8

 

21,2

 

21,8

 

Гўшт ва гўшт маҳсулотлари

 

кг

 

58,6

 

54,0

 

44,0

 

Балиқ, балиқ маҳсулотлари

 

кг

 

18,5

 

16,0

 

18,6

 

Сут ва сут маҳсулотлари

 

кг

 

290,0

 

257,8

 

360,7

 

Тухум

 

дона

 

210

 

200

 

201

 

Ёғлар

 

кг

 

11,0

 

10,0

 

5,0

 

Бошқа

 

кг

 

4,9

 

4,2

 

3,5

 

 

*Россия Федерациясининг «Россия Федерациясида истеъмол минимуми тўғрисида»ги Федерал Қонуни билан 1997 йил тасдиқланган.

 

Ушбу Қонунга кўра «истеъмол саватчаси»нинг қолган элементлари озиқ-овқат саватининг ҳудудлар географик жойлашувига кўра 45-60% миқдорида белгиланган. Аҳолининг турли гуруҳлари бўйича мамлакат ва унинг ҳудудлари учун «истеъмол саватчаси»ни ҳисоблаш услубияти ҳукумат қарори билан кучга киритилган.

Шундай қилиб, «истеъмол саватчаси»га кирувчи маҳсулотларнинг пулдаги ифодаси мамлакат бўйича истеъмол бюджетининг умумий миқдорини белгилашга ва шу асосда ижтимоий сиёсатни амалга оширишга хизмат қилади.

 

Юқоридаги фикрларни умумлаштирадиган бўлсак, «истеъмол саватчаси» орқали аҳоли даромадларининг энг қуйи чегарасини белгилаш учун:

√ яшаш минимумини мамлакатимизда амалга жорий қилиш тегишли Қонун («Ўзбекистон Республикасида аҳолининг истеъмол бюджетининг энг қуйи даражаси («истеъмол саватчаси») тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни) ҳамда қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

√ «истеъмол саватчаси»ни тасдиқлаш ва истеъмол бюджети чегараларини белгилаш муносабати билан мамлакат иқтисодиёти, ҳудудлари ва тармоқларида иш ҳақининг минимал чегараларини қайта кўриб чиқиш; иш ҳақи ва истеъмол бюджетининг минимал миқдори нисбатларини аниқлаштириш ва уларни босқичма-босқич тенглаштириш амалиётини жорий қилиш зарур бўлади.

 

Фазлиддин МАМАРАСУЛОВ,

иқтисод фанлари номзоди.

Прочитано: 8175 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2020-04-17 13:03:29, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика