Оилам барча турдаги коммунал хизматлар учун доим олдиндан ҳақ тўлайди. Йил бошидан ахлат учун тўрт кишига бир йиллик тўловни тўладик. Июлда бир киши рўйхатдан чиқди. Яъни энди биз уч кишимиз, бироқ тўрт киши учун олдиндан ҳақ тўланган. Ноябрда қайта ҳисоб-китоб қилишларини илтимос қилганимизда июлда эмас, ноябрда мурожаат этганимиз сабабли фақат ноябрь ва декабрь учун қайта ҳисоб-китоб қилишларини айтишди.
Қайта ҳисоб-китоб қайси санадан қилинади – рўйхатдан чиққан кунданми ёки қайта ҳисоб-китоб қилишни сўраб мурожаат этган пайтданми?
Н.Зупарова.
– Сиз қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқувчи ташкилотга мурожаат этган санадан эмас, кишининг ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳозир бўлмаган даври учун олдиндан тўлов суммасини қайта ҳисоб-китоб қилишларини талаб этишга ҳақлисиз.
Қонун ҳужжатларида 12 ойдан ортиқ бўлмаган давр учун олдиндан ҳақ тўлаш, кейинчалик тегишли тарифлар ошганда қайтадан ҳисоб-китоб қилмаслик ҳуқуқи назарда тутилган (Қоидаларнинг 48-банди 4-хатбошиси, ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 3-илова).
Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетувчи ташкилот хизматлар учун тўловларнинг қайта ҳисоб-китобини қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган ҳолларда амалга ошириши шарт:
а) ҳисоб-китоб қилиш вақтида арифметик хатога йўл қўйилганда;
б) истеъмолчига зарур даражадаги ёки тегишли сифатда бўлмаган хизматлар кўрсатилганда (Қоидаларнинг 44-банди).
Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетувчи ташкилот мурожаат этилган пайтдан эмас, балки хизматлар истеъмолчиси доимий яшаш жойида вақтинча бўлмагани ҳужжатлар билан тасдиқланган давр учун қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт (Қоидаларнинг 48-банди 8-хатбошиси).
Ташкилот қарорига қўшилмаган тақдирда сиз ҳокимлик, Давлат рақобат қўмитаси бошқармаси, суд, шунингдек прокуратура органларига мурожаат қилишга ҳақлисиз.
Жўрабек Муротов,
«Norma Online» эксперти.