Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 52 / Паспорт масалалари

Доимий рўйхатда турадиган жойида

Мен ҳарбий хизматчининг аёлиман, доимий рўйхатда турадиган жойим йўқ, қисмда вақтинча рўйхатда тураман. Паспортимнинг амал қилиш муддати тугай деб қолди. Доимий эмас, вақтинчалик рўйхатда турган ҳолда паспорт олишим мумкинми?

Л.Баҳромова.

 

– Йўқ, сабаби фуқаро паспорт олиши учун доимий рўйхатда турадиган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига (ИИБ бўлинмаси, консуллик) мурожаат қилиши зарур. Бунинг учун қуйидагиларни тақдим этиши керак (Низомнинг 18-банди, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова):

> белгиланган шаклдаги ариза;

> илгари берилган паспорт;

> туғилганлик ҳақида гувоҳнома (биринчи марта расмийлаштирилаётганда);

> 35 x 45 мм ўлчамдаги фотосурат;

> давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.

Ҳарбий хизматчилар оилалари аъзолари учун ҳарбий қисм жойлашган жойда вақтинча рўйхатда турган ҳолда биометрик паспорт олишда истиснолар назарда тутилмаган.

Шу тариқа, сиз доимий рўйхатда турадиган жойингиздаги паспорт столига мурожаат этишингиз лозим.

 

 

Ноқонуний маълумотномалар

 

РФда 8 йилдан буён яшаётган кекса қўшнисини ишончномага кўра рўйхатдан чиқариши керак бўлган танишимга паспорт столидагилар 2 марта сотилган квартиранинг қарзлари йўқлиги ҳақида барча маълумотномаларни олиб келишини сўраганлар. Паспорт столи ходимларининг бундай хатти-ҳаракатлари қанчалик қонуний?

В.Федотова.

 

– Бу ҳолда паспорт столи ходимларининг хатти-ҳаракатлари ҳуқуққа зид. Фуқаролар рўйхатдан чиқиш учун яшаш жойидаги ички ишлар органларига қуйидагиларни тақдим этадилар (АВ томонидан 9.04.1999 йилда 698-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома):

> ички ишлар органи раҳбари номига чиқиш сабаби ва жойини кўрсатган ҳолда эркин шаклда ёзилган ариза;

> паспорт ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома;

> мудофаа ишлари бўлими ҳисобидан чиқарилганлиги ҳақида белги қўйилган ҳарбий-ҳисоб ҳужжатлари;

> уй дафтари ёки рўйхатда туриш карточкаси, ­4-5-сон шаклдаги квартира бўйича карточка;

> давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.

Шу тариқа, квартиранинг қарзлари йўқлиги ҳақидаги маълумотномаларни тақдим этиш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Сиз ички ишлар органлари раҳбариятига мурожаат қилиб, паспорт столи ходимларининг ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилишингиз мумкин.

 

 

Ё у томон, ё бу томон

 

Мен туғилганимдан буён доимий рўйхатда туриб ва яшаш гувоҳномасига эга бўлиб, шу билан бирга хорижий паспортга кўра Россия фуқароси бўлган ҳолда Ўзбекистонда яшаганман. Айни пайтда РФдаман ва у ерда доимий равишда яшаб қолмоқчиман. Бунда Ўзбекистонда яшаш гувоҳномам ва рўйхатда туришим сақланиб қоладими?

Е.Клинова.

 

– Хорижий шахс ва фуқаролиги бўлмаган шахс учун яшаш гувоҳномалари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда ўз кучини йўқотади (Низомнинг 30-банди, 26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармонга 2-илова, бундан кейин – Низом):

хорижий фуқаро доимий яшаш учун чет элга жўнаб кетганида;

 фуқаролиги бўлмаган шахс чет элга жўнаб кетганида – фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узрли сабабларсиз узайтирмаган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтиришдан воз кечган ҳолларда;

 хорижий фуқаро Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилганида ёки ўз мамлакати фуқаролигидан чиққанида;

 фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси ёки хорижий давлат фуқаролигини қабул қилганида;

 яшаш гувоҳномасини ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини олиш учун мутлақо ёлғон маълумотлар ёхуд сохта ҳужжатлар тақдим қилинганда.

Шу тариқа, агар Россия Федерациясига ушбу мамлакат хорижий паспорти бўйича чиқиб кетган ва у ерда доимий яшаб қолишга қарор қилган бўлсангиз, хорижий фуқаро учун яшаш гувоҳномангиз ва Ўзбекистонда доимий рўйхатда туришингиз ўз кучини йўқотади. Сиз РФ фуқароси сифатида Ўзбекистонга келишингиз ва яшаш жойингизда вақтинча рўйхатда туришингиз мумкин.

 

 

Рўйхатдан чиққанингизни штамп билан тасдиқланг

 

Хорижда бўлганим ҳолда 2014 йилда консуллик орқали рўйхатдан чиқдим, доимий яшаш жойи стикерини олдим ва консуллик ҳисобига турдим. Бунда доимий яшаш жойи стикери ва консуллик ҳисобидалигим ҳақидаги штамп билан бирга паспортимда Тошкентда (собиқ) рўйхатда турганлигим штампи ҳали ҳам турибди. Тошкентга келганимда рўйхатдан чиқиш ҳақида штамп қўйишлари учун илгари рўйхатда турган жойимдаги паспорт столига мурожаат қилишим зарурми? Агар зарур бўлса, штампни қайси сана билан қўйдиришим керак: виза ва рухсатномалар бўлимига келган санадами ёки ҳақиқатда рўйхатдан чиққан ва консулликда ҳисобга қўйилган санадами? Қандай ҳужжатларни тақдим этишим керак?

Н.Каверов.

 

– Агар фуқаро ЎзР консуллик муассасаси орқали доимий яшаш жойидаги рўйхатдан чиққан бўлса, Ўзбекистонга келганида рўйхатдан чиқиш штампини расмийлаштириш учун паспорт столига мурожаат этиши мумкин. Бунинг учун Тошкент шаҳар ИИББ манзил-маълумотнома бюросидан рўйхатдан чиққанлик ҳақида манзилли маълумотномани олиш зарур. Манзили бўйича рўйхатдан чиққан аниқ сана кўрсатилган фуқаро ҳақидаги маълумотлар бюрода 6 йил сақланади.

Собиқ яшаш жойингиздаги паспорт столига маълумотномани тақдим этганингизда паспортингизга рўйхатдан чиқиш санасини кўрсатган ҳолда штамп қўйишлари керак, бунда уй дафтарини тақдим этиш керак эмас.

 

 

Қолиш керак бўлганда

 

Агар киши илгари фуқароликдан воз кечган бўлса, яшаш гувоҳномасини олиши мумкинми?

Л.Пак.

Тошкент ш.

 

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси республика ҳудудида доимий яшаш учун рухсатнома олган шахсларга, шу жумладан Ўзбекистонга қайтиб келган, конунга мувофиқ фуқаролиги тугатилган (яъни фуқароликдан чиқариш ҳақида Президент Фармони бўлган) шахсларга берилади (Низомнинг 3-банди).

Яшаш гувоҳномасини олиш учун доимий истиқомат жойидаги ички ишлар органларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:

> ЎзР ИИВ томонидан белгиланган шакл бўйича ариза;

> хорижий давлатнинг ҳақиқий паспорти;

> ваколатли органлар томонидан берилган ва аризачининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугаганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;

> катталиги 35 х 45 мм (қора-оқ ёки рангли) 5 та фотосурат;

> истиқомат жойидан маълумотнома;

> никоҳ тўғрисида гувоҳнома (Низомнинг 15-банди).

Хорижий шахслар учун яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга берилади, аммо хорижий давлат паспортининг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак, 60 ёшга тўлганда эса – хорижий давлат паспорти амал қиладиган бутун муддатга берилади.

Фуқаролиги бўлмаган шахсларга яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга, 60 ёшга тўлганда эса муддатсиз берилади (Низомнинг 17-банди).

 

 

Ҳисобда туриш муддатларига риоя этинг

 

Турмуш ўртоғимнинг Самарқандда доимий рўйхатда туриши расмийлаштирилган. У рўйхатдан чиқди ва 1,5 ойдан кейин Андижонга у ерда доимий рўйхатда туриш учун кетди. Паспорт столида унга 3 ЭКИҲ миқдорида жарима тўлашини тайинлашди. Шу тўғрими?

Э.Султонов.

 

– Фуқаролар янги яшаш жойига келгандан сўнг 3 иш куни мобайнида ҳужжатларини рўйхатдан ўтиш учун келган жойларидаги ички ишлар идораларининг бўлинмаларига топширишлари шарт (Низомнинг ­41-банди, ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова).

Паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши ЭКИҲнинг 3 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (25.04.2016 йилдаги ЎРҚ-405-сон Қонун таҳриридаги МЖТКнинг 223-моддаси). Илгари жарима ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорни ташкил этарди.

Шу тариқа, паспорт столи ходимлари доимий прописка йўқлиги учун 3 ЭКИҲ миқдорида маъмурий жарима солиш ҳақида тўғри талаб қўйганлар.

 

 

Болакай учун ҳужжатлар

 

Ёзда Москвага меҳмонга бормоқчимиз. Тўнғич фарзандимизга (11 яшар) биометрик паспорт қилиш керак. Кенжамиз эса ёзда бир ёшга тўлади. У билан қандай йўл тутишимиз керак?

Л.Рўзиева.

Тошкент ш.

 

– Бола учун паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжати туғилган пайтидан бошлаб 1 ёшга тўлгунигача 2 йил муддатга расмийлаштирилади (Низомнинг 7-банди, ВМнинг 7.07.2011 йилдаги 200-сон қарорига 1-илова).

Шундай экан, ҳатто бир ёшга тўлмаган болага ҳам паспорт керак бўлади.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma Online» эксперти.

 

Прочитано: 1856 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика