Мен ва онам квартирага биргаликда эгалик қиламиз. Қонуний никоҳимдаги турмуш ўртоғим мени ташлаб, онасиникига кетишга қарор қилди. Ўзи пропискадан ўтмаган квартирамнинг калитига эга бўлган ҳолда йўқлигимиздан фойдаланиб, бизнинг хабаримизсиз ва рухсатимизсиз онаси (қайнонам) билан бирга квартирамизга кирган. Онам уйга қайтганида нарсаларни йиғиштираётганларининг устидан чиқиб қолган.
Қайнонам уятли сўзлар билан уни ҳақоратлай бошлаган. Ишдан қайтганимда мен ҳам «тегишимни олдим». Мен онам билан бу жанжални бошламадик, ўзимизни хотиржам тутдик. Юклар ортиладиган машина келганда қайнонам бир неча маротаба эшикни қаттиқ ёпди, шундан кейин уни таъмирлашимга тўғри келди.
Квартирага ноқонуний тарзда кирганлик, ҳақоратлаганлик ва эшикни синдирганлик ҳуқуқбузарликларнинг қайси тоифасига киради, қандай номланади ва бунинг учун жавобгарликка тортишга қанча муддатда даъво қилиш назарда тутилган?
С.Таранов.
– Қайнонангизнинг хатти-ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир нечта моддаси билан белгиланади.
Биринчидан, турар жойга унда истиқомат қилувчиларнинг хоҳиш-иродасига хилоф равишда ноқонуний тарзда кириш, мансабдор бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг 1/3 қисмидан 1 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 45-моддаси).
Иккинчидан, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш ЭКИҲнинг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 41-моддаси).
Маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб 1 йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин (МЖТКнинг 36-моддаси).
Эшик синдирилганлиги муносабати билан етказилган зарар учун, агар ғайриқонуний ҳаракат туфайли зарар етказилган бўлса, уни қоплаш ҳақида даъво қилиб, фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликка тортиш мумкин (ФКнинг 985-моддаси). Умумий даъво муддати, яъни зарарни қоплашни талаб қилишингиз мумкин бўлган муддат 3 йилни ташкил этади (ФКнинг 150-моддаси).
Улуғбек Аюбов,
эксперт-юристимиз.