Таътилимнинг учинчи куни менга қўнғироқ қилиб, иш берувчининг буйруғи билан мени таътилдан чақириб олаётганларини айтдилар. Оилавий шароитимга кўра ишга чиқа олмадим, бироқ бу ҳақда телефон орқали огоҳлантириб қўйдим. Иш берувчи рад жавобимни меҳнат интизомини бузиш деб баҳолади ва менга ҳайфсан эълон қилди.
Иш берувчининг хатти-ҳаракатлари тўғрими?
А.Ф.
– Сиз тўғри қилгансиз, иш берувчининг хатти-ҳаракатлари эса меҳнат қонунчилиги талабларига зиддир.
Одатда, таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади (МКнинг 147-моддаси). Ходимнинг таътил тугагунча иш берувчининг ишга чиқиш ҳақидаги фармойишини бажаришдан бош тортишига (сабабидан қатъи назар) меҳнат интизомини бузиш деб қараб бўлмайди. Иш берувчи фақат ходимнинг розилигини олиб, уни таътилдан чақириб олиш тўғрисида буйруқ чиқариши мумкин.
Иш берувчи интизомий жазони қўллаш тартибини ҳам бузган. Жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилинмаган. Бундан ташқари, ходим бу даврда таътилда бўлган (МКнинг 182-моддаси).
Шу тариқа, иш берувчининг хатти-ҳаракатлари амалдаги меҳнат қонунчилигига зиддир, шу муносабат билан унга нисбатан маъмурий жавобгарлик кўринишидаги таъсир чоралари қўлланиши мумкин (МЖТКнинг 49-моддаси).
Ўз меҳнат ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчи ҳақиқатда жойлашган жойдаги Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига ва прокуратура органларига ёхуд судга мурожаат этишга ҳақлисиз.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.