Norma.uz

Шартномани бир томонлама бекор қилиш оқибатлари

 

Ишнинг моҳияти

2015 йил октябрида буюртмачи (АЖ) ва бош пудратчи (1-МЧЖ) нотурар жойнинг 850 млн сўмлик қурилиш пудрат шартномасини туздилар. Ишларни 2016 йил февралида якунлаш режалаштирилган эди.

Буюртмачи шартнома имзоланган кундан бошлаб 20 банк куни ичида 15 фоиз олдиндан тўловни тўлади, қолган суммани бажарилган ишлар далолатномаси ва ҳисобварақ-фактура имзоланганидан кейин 10 банк куни ичида тўлаши керак эди.

Бироқ 2015 йил декабрида буюртмачи молиявий қийинчиликларни рўкач қилиб, шартномани бекор қилиши ва нотурар жой қурилишини давом эттирадиган 2-МЧЖ билан оддий ширкат шартномасини тузгани ҳақида бош пудратчини хабардор қилди. Шу муносабат билан у шартномани бекор қилишни сўради.

Буюртмачининг важ-далилларига қўшилмаган ва шартномани бекор қилишни рад этган ҳолда бош пудратчи 2016 йил январида 100 млн сўм зарар, шунингдек давлат божи (1 млн сўм) ва почта харажатларини (7 200 сўм) ундириш даъвоси билан хўжалик судига мурожаат қилди.

Суд жараёни давомида буюртмачи шартномани бекор қилиш ҳамда бош пудратчидан давлат божи (1 302,4 минг сўм) ва почта харажатларини ундириш ҳақида қарши даъво билдирди.

 

Бош пудратчининг позицияси

– Биз шартнома бўйича мажбуриятларимизни ўз вақтида ва сифатли бажардик. Ёрдамчи пудратчилар билан шартномалар туздик, улар 100 млн сўмлик умумий қурилиш ишларининг бир қисмини бажардилар. Бундан ташқари, етказиб берувчилар билан 80 млн сўмлик шартномалар туздик ва қурилиш материаллари учун уларга ушбу суммани олдиндан тўладик. Буюртмачининг ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортиши – шартномани муддатидан олдин бекор қилиши бизга 100 млн сўм зарар келтирди, тўланган бўнакдан кўпроқ қўшимча харажат қилишимизга ва шартномадан кутилаётган даромадни олмаслигимизга сабабчи бўлди. Шу боис даъвомизни қондиришингизни сўраймиз. Агар буюртмачи зарарларни қопласа, шартнома бекор қилинишига қарши эътироз ҳам билдирмаймиз.

 

Буюртмачининг позицияси

– Юзага келган молиявий қийинчиликлар туфайли 2-МЧЖ билан оддий ширкат шартномасини туздик, у ўз кучи билан қурилишни якунига етказиш мажбуриятини олди. Шу сабабли бош пудратчини шартнома бекор қилиниши ҳақида хабардор қилиб, битимни имзолашни сўрадик. Даъвогарнинг талаблари асоссиз, чунки у буюртмачидан 127,5 млн сўм олдиндан тўлов олган ва фақат буюртмачининг маблағларидан фойдаланган. Биз бўнакдан ортиқча маблағ сарфлашни ва ўз маблағларини ишлатишни ундан талаб қилмаган эдик. Шу сабабли даъвони бекор қилишни, қарши даъвони эса қондиришни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, бош пудратчи 100 млн сўм, давлат божи ва почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилишига сабаб бўлган юқоридаги далиллар тасдиғини топди.

Фуқаролик кодексининг 14 ва 642-моддаларига асосланиб, суд даъво талабларини тўла ҳажмда қондирди. Суд қарши даъвони ҳам тўла ҳажмда қондирди.

Апелляция инстанцияси суди ушбу қарорни ўзгартиришсиз қолдирди, бу иш кассация инстанциясида кўриб чиқилмади.

 

Юрист шарҳи

ФКнинг 333-моддаси 1-қисмига мувофиқ, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. ФКнинг 642-моддаси 4-қисмига мувофиқ, агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи иш натижаси ўзига топширилгунга қадар истаган вақтда шартномадан воз кечиб, белгиланган баҳонинг буюртмачи шартномадан воз кечганлиги тўғрисидаги огоҳлантириш олингунга қадар бажарилган ишга мутаносиб қисмини тўлаши мумкин. Буюртмачи пудратчига шартноманинг бекор қилиниши туфайли етказилган зарарни ҳам бажарилган ишнинг баҳоси билан ҳамма иш учун белгиланган баҳо ўртасидаги фарқ доирасида тўлаши шарт.

Юқоридаги қоидалардан келиб чиққан ҳолда пудратчи буюртмачининг зарарларни тўлашини талаб қилишга ҳақли бўлган.

ФКнинг 14-моддаси 2-қисмига мувофиқ, зарар деганда ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади. Бу ишда бош пудратчи қурилиш материаллари етказиб бериш мақсадида тузилган шартномаларга кўра олдиндан тўлов сифатида тўланган маблағлардан фойдалангани боис зарар кўрган. Зарарларнинг ҳисоб-китоби ваколатли банк томонидан тасдиқланган тўлов ҳужжатлари ва ёзма далиллар (шартномалар, ёзишма ва б.) билан тасдиқланади. Шу сабабли бош пудратчи шартнома ва қонун ҳужжатларига асосланиб зарарларни тўлаш ҳақида талаб қўйган.

Ўз навбатида ФКнинг 642-моддаси билан буюртмачига шартномадан воз кечиш ва уни бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқи берилган. Объектив сабабларга (пул маблағлари йўқлигига) кўра шартномани келгусида ижро этиб бўлмаслигини ҳисобга олиб, суд уни бекор қилиш мақсадга мувофиқ деган хулосага келди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда суд даъво талабларини тўла ҳажмда қондириш ҳақида тўғри қарор қабул қилган.

Бу вазиятда шартнома тарафлари низони судгача тартибда бартараф этишлари ва зарар суммасини белгилашлари мумкин эди, ана шунда давлат божи ва почта харажатлари кўринишидаги қўшимча харажатларга йўл қўймаган бўлардилар.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 3454 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика