Ишга талабгорни суҳбатга таклиф этдик. 1988 йилда туғилган йигит коллежни тугатмаган экан. Саноат альпинизми устаси гувоҳномасига эга.
Классификатор бўйича қайси лавозим ушбу ихтисосликка мувофиқ келади?
И.Иброҳимов.
– Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида саноат альпинисти касби назарда тутилган. Маълумотнинг энг паст даражаси ўрта махсус касб-ҳунар маълумотига мувофиқ келиши керак (Классификаторнинг 31-банди, ВМнинг 19.06.2015 йилдаги 164-сон қарори билан тасдиқланган Классификаторга 1-илова).
Бироқ Классификаторнинг қўлланиши ташкилотнинг мулкчилик шаклига боғлиқ, сабаби Классификатор:
хизматчилар лавозимлари ва ишчилар касблари номларидан фойдаланиш юзасидан – ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувларни қайд этишда, меҳнат шартномалари тузишда, буйруқларни расмийлаштиришда, хизматчиларнинг лавозимларини ходимлар тоифаларига киритишда мажбурий ҳисобланади;
ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича тариф разрядларини белгилаш юзасидан – Ўзбекистон Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида, хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек устав капиталида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган ташкилотларда қўлланилиши мажбурий ҳисобланади. Маълумот йўналишлари тавсия хусусиятига эга.
Абдусалом Рисқуллаев,
«Norma Online» эксперти.