Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 47 / Хўжалик юритиш қоидалари

Дивидендлар ўрнига қайта инвестициялаш

 

Корхонамизнинг муассисларидан бири – чет эллик юридик шахс. Сўнгги йиллар давомида у дивидендлар олмай, конвертациялашга йўналтирган, бироқ бу ҳозирча самара бермади. Юридик шахс – ЎзР резидентининг банкдаги ҳисобрақамида сўмдаги маблағлар кўринишида тўланмаган дивидендларга эга бўлган чет эллик юридик шахс уларни янгидан ташкил этилаётган МЧЖ устав фондига ҳисса сифатида валютада ҳисоблаб киритиш ва бундай жамиятнинг ҳаммуассиси бўлишга ҳақлими?

П.Қосимов.

 

– Ҳа, сўмдаги маблағларга эга бўлган чет эллик юридик шахс кўрсатилган маблағларни МЧЖ устав фондига валютада ҳисоблаб киритиш ва жамият ҳаммуассиси бўлиш ҳуқуқига эга.

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунда (бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) чет эллик юридик шахсларнинг ҳисса қўшишига оид чеклов ва тақиқлар назарда тутилмаган.

Қонун ҳужжатларида чет эллик юридик шахслар томонидан Ўзбекистонда олинган даромадларнинг тадбиркорлик фаолияти ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турдаги фаолият объектларига қўйилиши (реинвестиция) имконияти назарда тутилган. Бунинг устига, реинвестиция инвестицияга тенглаштирилган, бинобарин, инвестицияларнинг барча қоидалари унга татбиқ этилади («Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси, «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси).

Хусусан, юридик шахсларни ташкил этиш ёки уларнинг устав фондларида (устав капиталларида) улушли иштирок этиш, шу жумладан, мол-мулк ва акциялар олиш йўли билан инвестиция қилиш мумкин («Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси).

Амалиётда бу қуйидагича амалга оширилади. Иштирокчиларнинг умумий йиғилиши соф фойдани тақсимлаш ҳақида қарор қабул қилганидан сўнг (МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 30-моддаси) резидент юридик шахс чет эллик муассиснинг аризасига биноан янгидан ташкил этилаётган МЧЖ ҳисобрақамига керакли суммани ўтказиш ҳақида (мақсади, мансублиги ва бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда) ўз банкига топшириқ беради.

Тўлов топшириқномасининг «Тўлов тафсилотлари» сатрини тўлдиришга мисол:

«12.10.2016 йилдаги 3-сон баённомага мувофиқ «YYY» МЧЖ устав фондига ҳисса сифатида йўналтириладиган муассис «ХХХ»нинг  _____________ йиллар давридаги дивидендлари».

Бунда банк мижознинг пул маблағларидан қай тарзда фойдаланишни белгилашга ва назорат қилишга ҳамда унинг пул маблағларини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқларига қонунда ёки банк ҳисобварағи шартномасида назарда тутилмаган бошқа чеклашларни белгилашга ҳақли эмас (ФКнинг 773-моддаси 2-қисми).

Устав капиталининг миқдори чет эл валютасида белгиланган ва легитим сўм билан улуш киритилган тақдирда қайта ҳисоблашиш ҳам улуш киритилган кунда ЎзР Марказий банки курси бўйича амалга оширилади (АВ томонидан 21.05.2004 йилда 1364-сон билан рўйхатдан ўтказилган 22-сон БҲМСнинг 24-банди).

Қонун ҳужжатларида 22-сон БҲМСдаги «легитим сўм» тушунчасига тушунтириш берилмаган. Бу ҳолда уни қонуний асосларда олинган миллий валютадаги пул маблағлари (дивидендлар, чет эллик етказиб берувчининг импорт товарларни сотишдан олган тушуми, қарз ва ҳ.к.) деб тушуниш керак.

 

Эркин Ҳосилов,

«Norma Online» етакчи эксперти.

Прочитано: 1486 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика