Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 47 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Давлат дори-дармонлар нархини тартибга солади

 

Бир томондан, ҳар қандай бошқа товар сингари дори-дармонларнинг реализация қилиниши бозор қонунларига бўйсунади ҳамда талаб ва таклифга боғлиқ бўлади. Бошқа томондан, бу стратегик аҳамиятга эга товар – аҳоли саломатлиги унинг нархи ва ҳамёнбоплигига боғлиқ. Дори-дармонлар нархини ким қандай тартибга солади? Бу нима учун қилинади? Нимага олиб келади?

 

Кўпчилик бозор иқтисодиёти шароитида нархлар назорат қилинмайди ва тартибга солинмайди деб ўйлайди. Бу нотўғри фикр. Давлат нарх белгилаш тизими воситасида миллий хўжаликка бевосита ёки билвосита таъсир кўрсата олади, бу иқтисодий сиёсатнинг муҳим дастагидир. Хусусан, нархларни тартибга солиш ёрдамида айрим товар бозорларининг хўжалик конъюнктураси ҳолатига таъсир кўрсатишга қодир. Ўзини ўзи бошқаришга асосланган нархлар тизими улар ошганда ишлаб чиқарувчига фойда келтирмайди. Зеро у бозорда ўз маҳсулоти ҳозир ва истиқболда сотилиши кафолатини олиш мақсадида нархларни мақбуллаштиришга интилиши лозим. Ҳатто бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ҳам давлат бозорда нарх белгиланишига таъсир ўтказади.

Ўзбекистонда ҳам давлатнинг нархларни тартибга солиши амалиёти қўлланади. У Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 28.10.2010 йилдаги 239-сон қарорига 1-илова) мувофиқ амалга оширилади.

Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ваколатлари доирасида нархларни тартибга солувчи орган билан келишган ҳолда айрим турдаги товарларнинг қатъий белгиланган ёки чекланган нархларини (тарифларини) ва устамаларини белгилашлари мумкин.

Шу тариқа, ижтимоий аҳамиятга эга айрим озиқ-овқат товарлари (маҳаллий ун, шакар, қолипга солинган нон), ёқилғи-энергетика захиралари (табиий газ, электр энергияси, бензин, кўмир), коммунал хўжалик ва алоқа маҳсулотлари (совуқ ва иссиқ сув, иситиш, ахлат, стационар телефон)га ­нисбатан қатъий белгиланган нархлар қўлланилади. Бунда улар бутун республика бўйлаб ёки ҳар бир минтақада алоҳида белгиланган бўлиши мумкин. Масалан, Тошкентдаги барча деҳқон бозорларида 11 номланишдаги озиқ-овқат товарларининг нархлари қатъий белгиланган. Бундан ташқари, маҳаллий пахта ёғи, ем (шрот ва пўчоқ), дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нисбатан чекланган нархлар қўлланади.

Монополияга қарши орган нархлар тўғри шакллантирилиши ва тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини Низом талабларига риоя этилишини текшириш ва мониторинг қилиш йўли билан амалга оширади.

 

Тузатишлар киритилди

Давлат рақобат қўмитаси дори-дармон воситаларининг нархлари асоссиз ошишига имкон яратувчи шарт-шароитларни ўрганиши натижасида асосан уларнинг нархларини шакллантиришда қонун ҳужжатлари меъёрларини қўллашдаги зиддиятлар қонунбузарликка йўл қўйилишига олиб келаётганлиги маълум бўлди.

Чунончи, ВМнинг 14.01.1999 йилдаги 19-сон қарорига (бундан кейин – ВМнинг 19-сон қарори) мувофиқ, дори-дармон воситалари уларни етказиб беришда қатнашувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун 20%дан ортиқ бўлмаган, чакана савдо учун 25%дан ортиқ бўлмаган миқдорлардаги чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда улгуржи ва чакана савдо тармоғи орқали сотилади.

Бироқ ВМнинг 5.08.2000 йилдаги 307-сон қарорига (бундан кейин – ВМнинг 307-сон қарори) мувофиқ, импорт бўйича келтириладиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари (товар етказиб беришда қатнашувчи воситачиларнинг сонидан қатъи назар) 20%дан кўп бўлмаган миқдорда улгуржи-чакана савдо устамаси қўлланган ҳолда сотилади.

Шу тариқа, биринчи ҳолатда етказиб беришдан – импорт ёки маҳаллий маҳсулот бўлишидан қатъи назар, улгуржи ва чакана корхоналар учун алоҳида (жами 45%) устама белгиланган. Иккинчисида эса устамага 20% чеклов фақат маҳсулот импорти қисмида умуман улгуржи ва чакана корхоналар учун қўлланилиши шарт.

Импорт дори-дармонларнинг чакана сотувчилари учун алоҳида устама белгиланмаганлиги оқибатида айрим ноинсоф улгуржи импортчилар фойдаларини оширишни кўзлаб, чакана дорихона тармоқлари ва муассасалари манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда энг талабгир ва камёб препаратларга савдо устамасининг энг юқори чекланган миқдорларини (19%) белгиламоқдалар.

Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархини белгилаш бўйича ягона тартибни жорий этиш, уларнинг нархи асоссиз оширилиши ҳамда мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан, қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш амалиётини бартараф этиш мақсадида 2016 йил 31 октябрда Президентнинг «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2647-сон қарори (бундан кейин – ПҚ-2647-сон қарор) қабул қилинди.

Унда белгиланишича, 2017 йилнинг 1 январидан четдан олиб келинадиган, шунингдек мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар:

улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15%дан;

чакана савдо учун улгуржи нархидан 20%дан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Шу билан бирга белгиланган нархларда сотиладиган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхати тасдиқланди. У 189 номланишни (касалликларнинг 8 синфи учун) ўз ичига олган, шундан 53 таси – маҳаллий ва 114 таси – импорт дори-дармон воситалари, шунингдек тегишинча 13 таси ва 9 таси тиббиёт буюмларидир.

Тасдиқланган рўйхатга кўра четдан харид қилиш маҳаллий улгуржи ва улгуржи-чакана корхоналар ўртасида тендер ўтказиш асосида амалга оширилади. Бунда тендер савдоларини ўтказиш ЎзР Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига юклатилган. ТИАВ дори-дармонлар ва тиббиёт буюмларининг жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида Республика комиссиясига ҳар чоракда рўйхатга киритилмаган дори-дармонлар ва буюмларнинг йўл қўйилиши мумкин бўлган чекланган шартнома қийматини белгилашга доир таклифлар киритади. Агар хўжалик юритувчи субъектларнинг таклифлари чекланган миқдордан ошса, улар кўриб чиқилмайди.

Даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш учун республика комиссияси ташкил этилмоқда. У рўйхатга киритилган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун қайд этилган нархларни белгилайди ҳамда уларни хўжалик юритувчи субъектларга етказади. Комиссия ушбу рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколатига ҳам эга. Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатга киритилган барча дори-дармон воситалари бўйича белгиланган нархлар тўғрисидаги ахборотни ўз веб-сайтида жойлаштиради.

Давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги барча тиббиёт муассасалари рўйхатда назарда тутилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини республика комиссияси белгилаганидан ошмайдиган нархларда белгиланган тартибда сотиб оладилар.

 

Нарх қандай ҳисоблаб чиқилади?

Импорт дори-дармонлар ва тиббиёт буюмларининг харид қиймати келгусида импорт маҳсулотга қатъий белгиланадиган ёхуд тартибга солинадиган нарх белгилаш учун асос бўлади (Низом, ПҚ-2647-сон қарорга 4-илова).

 

Импорт дори-дармонларнинг харид қиймати аввалгидек чизма бўйича белгиланади:

Қ = Шқ + Б + Кф + Бх, бунда

Қ – харид қиймати;

Шқ – божхона юк декларацияси тўлдирилган санадаги ЎзР Марказий банки курсидан келиб чиқиб белгиланган шартнома қиймати;

Б – белгиланган тартибда МБ курси бўйича ҳисобланган божхона тўловлари;

Кф – шартнома тузилган санадаги ва божхона юк декларацияси тўлдирилган санадаги МБ курсидан келиб чиқиб белгиланган шартнома қиймати ўртасидаги курс фарқи;

Бх – товарни сотиб олиш билан боғлиқ бошқа харажатлар.

 

Маҳаллий дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг сотиш қиймати қатъий белгиланган ёхуд тартибга солинадиган нархни белгилаш учун база бўлади.

Импортчилар тендер савдолари бўйича олиб кирган барча дори-дармонлар ва тиббиёт буюмларини улгуржи сотувчилар қатъий белгиланган улгуржи нархда, дорихоналар эса – қатъий белгиланган чакана нархда сотадилар.

 

Импорт товарнинг улгуржи нархи қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

Ун = Қ (Шқ + Б + Кф + Бх) х 1,15, бунда

Ун – қатъий белгиланган улгуржи нарх;

Қ – харид қиймати;

1,15 – чекланган улгуржи савдо устамаси миқдорини (15%) ҳисобга олувчи коэффициент.

 

Импорт товарнинг чакана нархи қуйидагича белгиланади:

Ч = Ун х 1,2, бунда

Ч – қатъий белгиланган чакана нарх;

Ун – улгуржи нарх;

1,2 – чекланган чакана савдо устамаси миқдорини (20%) ҳисобга олувчи коэффициент.

 

Рўйхатга киритилган ва маҳаллий корхоналар ишлаб чиқарган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи сотувчилар қатъий белгиланган улгуржи нархда ва дорихоналар қатъий белгиланган чакана нархда сотадилар.

 

Маҳаллий товарнинг улгуржи нархини ҳисоблаш учун қуйидаги формуладан фойдаланамиз:

Ун = С х 1,15, бунда

Ун – улгуржи нарх;

С – тайёрловчи заводнинг сотиш нархи;

1,15 – чекланган улгуржи савдо устамаси миқдорини ҳисобга олувчи коэффициент.

 

Маҳаллий препаратларнинг чакана нархини қуйидагича ҳисоблаш мумкин:

Ч = Ун х 1,2, бунда

Ч – қатъий белгиланган чакана нарх;

Ун – улгуржи нарх;

1,2 – чекланган савдо устамаси миқдорини ҳисобга олувчи коэффициент.

 

Шуни қайд этиш лозимки, ҳар бир шартномавий (сотиладиган) туркумнинг нархлари қатъий белгиланади. Қатъий белгиланган нархларни дорихоналар дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг ҳар бир ўрамида кўрсатадилар. Уларни ўз дорихоналари орқали сотувчи улгуржи-чакана корхоналар харажатларнинг алоҳида ҳисобини юритиш шарти билан ҳар бир бўғиннинг мавжуд устамаси миқдорини қўллаган ҳолда дори-дармон сотадилар.

 

Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари ваколатига улгуржи сотувчилар ва дорихоналар сотадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархларини давлат томонидан тартибга солинишига риоя этишларини танлаб текшириш киради. Нархлар оширилганлиги далиллари аниқланган тақдирда лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш мақсадида материаллар лицензияловчи органга (Соғлиқни сақлаш вазирлиги) топширилади. Барча дорихоналарда бўлиши мажбурий энг зарур дори-дармонлар ва тиббиёт буюмларининг минимал рўйхатидаги медикаментларнинг йўқлиги ҳам бунга асос бўлиши мумкин.

ПҚ-2647-сон қарор кучга киргач, ВМнинг 19-сон ва 307-сон қарорлари 2017 йил 1 январидан ўз кучини йўқотади.

 

Дилшод Азимов,

Давлат рақобат қўмитасининг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи.

Прочитано: 2688 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика