Norma.uz

Меъёрий лойиҳалар

 

ЯИДХПда «2017 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилиняпти.

 

Ҳужжат билан Солиқ кодексига анчагина тузатишлар киритиляпти.

 

Дивидендларга нималар киритилади

2016 йил 26 апрелдан акцияларнинг номинал қийматини ошириш имконияти олиб ташланди. «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг ­18-моддасига ушбу ўзгартириш 25.04.2016 йилдаги ЎРҚ-405-сон Қонун билан киритилди.

Бироқ Солиқ кодексининг 22-моддасида акциядор акцияларнинг номинал қиймати кўпайишидан олган даромадлар аввалгидек дивидендлар жумласига киритилади.

Муҳокама этиш учун эълон қилинган қонун лойиҳасида ушбу меъёрларни мувофиқлаштириш назарда тутилади.

Шу тариқа, тузатишлар қабул қилинганидан кейин дивидендлар деганда қуйидагилар тушунилади:

акциялар бўйича тўланадиган даромад;

юридик шахс томонидан унинг муассислари (уларнинг улушлари, пайлари, ҳиссалари бўйича иштирокчилари, ­аъзолари) ўртасида тақсимланадиган, соф фойда ва (ёки) ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойда қисми;

юридик шахс тугатилганда мол-мулкни тақсимлашдан олинган, шунингдек муассис (иштирокчи, аъзо) томонидан юридик шахсда иштирок этиш улушини (пайини, ҳиссасини) олгандаги даромадлар, бундан муассис (иштирокчи, аъзо) устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида киритган мол-мулкнинг қиймати чегирилади;

акциядорнинг, юридик шахс муассиси (иштирокчиси, аъзоси)нинг қўшимча акциялар қиймати, тақсимланмаган фойда УФни кўпайтиришга йўналтирилган тақдирда улуш (пай, ҳисса)нинг қийматини ошириш тарзида олинган даромадлари.

 

Муддатида фойдаланилмаган имтиёзли маблағларни қайтаришга тўғри келади

Қонун лойиҳасида таклиф қилинаётган Солиқ кодексининг 30-моддасига қўшимчалар билан мақсадли фойдаланиш шарти билан берилган солиқ имтиёзларини қўллаш чоғида бўшайдиган маблағлардан имтиёзли давр тугаганидан кейин фойдаланиш тартиби ва муддатлари аниқлаштирилади. Ҳозирда ушбу маблағларни фақат қонун ҳужжатлари билан белгиланган мақсадларга сарфлаш мумкин. Мақсадга мувофиқ фойдаланмаганда улар пеня ҳисоблаган ҳолда бюджетга ундирилади (Солиқ кодексининг 30-моддаси 4-қисми).

Амалиётда имтиёзга эга солиқ тўловчиларда имтиёзли давр мобайнида белгиланган мақсадларда тўлиқ ҳажмда фойдаланилмаган маблағлар қолдиқларини нима қилиш керак деган саволлар туғилади.

Тузатишлар қабул қилинган тақдирда солиқ тўловчилар қолдиқларни яна бир йил мобайнида белгиланган мақсадларга йўналтиришлари мумкин бўлади. Агар ушбу давр тугаганидан кейин ҳам улар тўлиқ ишлатилмаган бўлса, уларнинг қолдиқлари бюджетга ундирилади.

 

Солиқларни тўламасангиз – мол-мулкдан ажраласиз

Бугунги кунда, агар сўндирилмаган солиқ қарзи белгиланган минимумлардан ошсагина, ундирув солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратилади. Минимумлар ҳар йили тасдиқланади ҳамда юридик шахслар учун ЭКИҲнинг 20 бараварини ва жисмоний шахслар учун ЭКИҲнинг 5 бараварини ташкил қилади (Солиқ кодексининг 59, 61-моддалари; 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорга 28-илова).

Қонун лойиҳасида, ҳатто солиқ қарзи тасдиқланган энг кам миқдордан кам бўлса ҳам (яъни ундан қатъи назар), бироқ солиқларни тўлаш муддати тугаганидан кейин бир йил мобайнида сўндирилмаган бўлса, уни мажбурий тарзда ундириш чораларини қўллашни белгилаш таклиф этилади.

 

Инкассо бўйича муддатлар бирхиллаштирилади

Ҳозирги вақтда солиқ органларининг инкассо топшириқномалари якка тартибдаги тадбиркорларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддати тугаганидан кейин 30 кундан кечиктирмай тақдим этилади (Солиқ кодексининг 63-моддаси 2-қисми).

Ушбу меъёрни олиб ташлаб, якка тартибдаги тадбиркорларни ушбу муддат 3 иш кунини ташкил қиладиган қолган солиқ тўловчиларга тенглаштириш таклиф қилинган.

 

ННТ солиқларни тўлай бошлаганда

Солиқ кодексига мувофиқ нотижорат ташкилотлари асосий фаолиятлари бўйича фойда солиғини тўламайдилар. Бироқ ушбу ташкилотлар тадбиркорликдан олган даромадларидан уни тўлайдилар (Солиқ кодексининг 126-моддаси). Уларнинг айрим бошқа даромадлари турларига ҳам солиқ солинади. Шу жумладан биргаликдаги фаолиятда иштирок этишдан олинган даромадлар, дивидендлар, фоизлар ва роялтига солиқ солинади (Солиқ кодексининг 132-моддаси).

Таклиф этилаётган қўшимчаларда мол-мулк ижарасидан ва молиявий ижарадан олинадиган даромадларга ҳам фойда солиғи солиниши назарда тутилади.

Бундан ташқари, тадбиркорликдан олинадиган даромадлар билан бир қаторда нотижорат ташкилотларининг юқорида саналган бошқа даромадларига ҳам ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи солинади (Солиқ кодексининг 295-моддаси).

Мол-мулкни оператив ижарага бериш ҳам ҚҚС бўйича солиқ солинадиган оборот деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 197-моддаси).

 

Фоизсиз қарзларга қонуний асосда солиқ солинади

Юридик шахслар кўпинча бир-бирларига бўш пул маблағларини қарз ёки молиявий ёрдам тарзида вақтинча ишлатишга (қайтариш шарти билан) берадилар. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида улардан фоизсиз асосда фойдаланишга солиқ органлари ҳақ тўланмайдиган мулкий ҳуқуқлар тарзида даромад олиш деб қараганлар. Бунда Солиқ кодексида ушбу даромадни белгилаш тартиби қайд этилмаган. Бу ҳол солиқ солинадиган базани аниқлаш чоғида кўп сонли низо ва ихтилофларга олиб келади.

Ушбу муаммони ҳал этиш учун Солиқ кодексига (135-модда) қўшимчалар киритиб, уларда қарз олувчининг текинга олинган пул маблағларидан фойдаланиш ҳуқуқидан даромадларини қарз суммасини қайтариш санасида МБ томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб белгилаш таклиф қилинади.

Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси фоиз билан берилган, ставкаси МБнинг қайта молиялаш ставкасидан паст қилиб белгиланган қарзлар бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаш чоғида ҳам қўлланади.

Ушбу тартибни кредит ташкилотлари берган кредитларга, шунингдек норезидентлар тақдим этадиган қарзларга татбиқ этмаслик таклиф этилади.

 

Норезидентларга солиқ солишда нималар ўзгаради

Солиқ имтиёзлари олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун солиқ органларига тақдим этилиши зарур бўлган ҳужжатлар сони йил сайин камаймоқда. Бу ҳол Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг даромадларига ҳам тегишли (Солиқ кодексининг 155-моддаси).

Ўзгартиришлар билан тўлов манбаида солиқ солинадиган норезидентларнинг барча турдаги даромадларига солиқ солиш борасида халқаро шартномаларнинг меъёрларини қўллаш тақозо этилади.

Бунда солиқ ставкасини пасайтириш ёки уни тўлашдан озод этиш учун солиқ органларига ариза бериш талаб қилинмайди. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартнома тузган хорижий давлатнинг ваколатли органи берган резидентлик сертификатининг бўлиши етарли.

 

Жисмоний шахс солиқларни тўламайдиган пайтда

Солиқ кодексининг 179-моддасида («Жисмоний шахсларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари») ушбу модданинг 11-бандида ноўрин ишлатилган «реализация қилишдан» атамасини «сотишдан» атамаси билан алмаштириш таклиф этилади. Бу ҳол шу билан боғлиқки, Солиқ кодексининг таърифига кўра реализация қилиш деганда товарлар (ишлар, хизматлар)ни айирбошлаш, беғараз бериш, шунингдек гаровга қўйилган товарларга бўлган мулк ҳуқуқининг гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига топширилиши тушунилади.

Шу билан бирга жисмоний шахсларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари жумласига Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра бериладиган қимматбаҳо совғаларни киритиш таклиф қилинади.

Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган аёлларнинг даромадларидан солиқ олиш даражасини чеклаш тарзидаги имтиёз – 20% долзарблигини йўқотганлиги туфайли уни Солиқ кодексидан олиб ташлаш таклиф қилинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси 2-қисми). Бу солиқнинг энг юқори ставкаси 23%ни ташкил этадиган ЖШДС бўйича тасдиқланган шкалани қўллаш чоғида олиш даражаси 20%дан ошмаслиги билан боғлиқ.

 

Агар солиқ декларацияси ишончли бўлмаса...

Қонунчиликда солиқ тўловчининг айрим даромадлар бўйича солиқ органига жами йиллик даромад тўғрисида декларация топшириш мажбурияти назарда тутилган. Бундай даромадлар рўйхати Солиқ кодексининг 189-моддасида келтирилган. Уларга, масалан, қуйидаги даромадлар киради: мулкий даромадлар, агар уларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса; фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлар; асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлар; 2 ёки ундан кўп манбадан олинган солиқ солинадиган даромадлар ва ҳ.к.

Агар солиқ тўловчи декларация тақдим этмаган бўлса, солиқ органи ўзида мавжуд маълумотлар асосида солиқни энг юқори ставка бўйича ҳисоблашга ва унга тўланиши лозим бўлган ҳисобланган солиқ суммаси тўғрисида билдиришнома топширишга ҳақлидир (Солиқ кодексининг 192-моддаси 9-қисми).

Қонун лойиҳасида худди шундай тартибни илгари тақдим этилган декларация бўйича нотўғри ахборот аниқланган ҳолларга татбиқ этиш таклиф қилинади.

Жами йиллик даромад тўғрисида тузатилган декларация тақдим этилганда солиқнинг якуний суммаси охирги декларацияни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

 

Қазилма бойликларнинг қиймати қандай аниқланади

Товар бозорларида устун мавқени эгаллаган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилмаган ер қаъридан фойдаланувчилар учун қазиб олинадиган фойдали қазилмалар захиралари ҳажмининг қиймати халқаро биржада белгиланган биржа нархи бўйича ҳисобланади. Жаҳон бозорида нарх бўлмаган тақдирда ушбу қийматни ваколатли давлат органи белгилайди (Солиқ кодексининг 254-моддаси).

Қонун лойиҳасига кўра ушбу қийматни тегишли конни саноат учун ўзлаштириш бўйича техник-иқтисодий асосланмада назарда тутилган, белгиланган тартибда келишилган, 20%га оширилган қазилманинг ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиқиб аниқлаш таклиф этилади.

Шунингдек лойиҳада аниқлаштирилишича, тижоратбоп топилма бонусининг ҳисоб-китобини тақдим этиш учун белгиланган 25 кунлик муддат ҳозир назарда тутилганидек ваколатли давлат органи томонидан фойдали қазилмалар захиралари тасдиқланган кундан бошлаб эмас, балки фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия олинган кундан бошлаб ҳисобланади.

Айни шу пайтдан бошлаб тижоратбоп топилма бонусини тўлаш учун 90 кунлик муддат ҳисобланади.

 

Соддалаштирилган тизимга ўтаётганда ҳисоб-китобларни топшириш лозим

Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхоналар Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобини солиқ органларига йиллик молиявий ҳисоботни топшириш муддатида йилига 1 марта тақдим этадилар (Солиқ кодексининг 263-моддаси). Бунда йил давомида солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимига ўтиш чоғида ушбу Ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатлари Солиқ кодексида белгиланмаган.

ЯИДХПда чоп этилган қонун лойиҳасида ушбу муддатларни белгилаш таклиф этилади. Йил давомида ЯСТни тўлашга ўтадиган умумбелгиланган солиқларни тўловчи микрофирма ва кичик корхоналар умумбелгиланган солиқларни тўлаш давридаги Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобини ЯСТ тўлашга ўтадиган ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тақдим этишлари шарт.

Йил давомида ЯСТ тўлашга ўтадиган микрофирма ва кичик корхоналар томонидан Ҳисоб-китобни тақдим этишнинг худди шундай тартиби мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳам назарда тутилмоқда (Солиқ кодексининг 271, 285-моддалари).

 

Янги мол-мулкка – янги хабарнома

Солиқ кодексига кўра жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси 1 январь ҳолати бўйича мол-мулкнинг инвентаризация қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади. Тўланадиган солиқ суммасини солиқ органлари ҳисоблаб чиқарадилар ва жисмоний шахсга ҳар йили 1 майдан кечиктирмай тилхат олиб топшириладиган тўлов хабарномасида акс эттирадилар (Солиқ кодексининг 277-моддаси).

Лойиҳада аниқлаштирилишича, йил давомида мол-мулкнинг инвентаризация қиймати ўзгарганда, мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганида ёки имтиёз ҳуқуқи юзага келганда (тугатилганда) солиқ органлари солиқ суммасини қайта ҳисоблашлари ҳамда солиқ тўловчига солиқнинг аниқлаштирилган суммаси ва тўлаш муддатини кўрсатган ҳолда янги ёки қўшимча тўлов хабарномасини тақдим этишлари керак.

Ўтган даврлар бўйича қарз аниқланган ҳолда ҳам қўшимча тўлов хабарномаси топширилади, унда солиқ суммаси пеняни ҳисобга олган ҳолда акс эттирилади.

 

Пенсия жамғармаларидан олинган фойда солиқдан озод қилинади

Қонун лойиҳаси Солиқ кодексининг 296, 313, 317 ва 325-1-моддаларига киритадиган тузатишларга кўра Халқ банки учун ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг солиқ солинадиган базасини у фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларида турган маблағлардан фойдаланишдан олган фойда суммасига камайтириш таклиф қилиняпти.

Шунингдек ушбу даромадни:

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига;

Республика йўл жамғармасига;

Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларнинг солиқ солиш объекти сифатида қарамаслик таклиф этилади.

Эслатиб ўтамиз, жамғариб бориладиган пенсия тизими 2005 йил 1 январдан жорий этилган ва ходимларнинг ҳисобланган иш ­ҳақидан (даромадларидан) Халқ банки филиалларида очилган ШЖБПҲларига мажбурий ойлик бадалларини (1%) назарда тутади. Банк ушбу маблағларни жойлаштиришга ва натижада олинган фоиз даромадларини ҳисоблаб ёзишга ҳақли («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун).

 

Йиғимни қайта ҳисоб-китоб қилмаслик таклиф этилади

Айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қиладиган ва айрим турдаги хизматларни кўрсатадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун Солиқ кодексида бюджетга махсус йиғим тўлаш назарда тутилади. Йиғим миқдори ЭКИҲдан келиб чиқиб белгиланади ва ҳар ойда тўланади. ЭКИҲ йил давомида ўзгарган тақдирда солиқ тўловчилар ушбу йиғим тури бўйича аниқлаштирилган ҳисоб-китобни тақдим этишлари, шунингдек бюджетга бўнак билан киритилган йиғимларга фарқ суммасини қўшимча тўлашлари шарт (Солиқ кодексининг 345–347-моддалари).

Қонун лойиҳасида чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим тўлаш йил бошидаги ЭКИҲдан келиб чиқиб йил давомида ўзгаришидан қатъи назар амалга ошириладиган тартибни белгилаш таклиф этилади. Шу муносабат билан Солиқ кодексининг 347-моддаси ­5-қисмини чиқариб ташлаш таклиф қилинади.

 

Тендер ғолиби ҚҚСни тўлайди

Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллайдиган юридик шахслар учун айрим умумбелгиланган солиқларни тўлаш мажбуриятлари сақланиб қолган. Улар жумласига тўлов манбаида ундириладиган фойда солиғи, Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бажарадиган ишлар (хизматлар) бўйича ҚҚС, акциз тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқаришда олинадиган акциз солиғи ва бошқалар киради (Солиқ кодексининг 349-моддаси).

Қўшимчаларда молиялаштириш марказлаштирилган манбаларни (давлат бюджети ва мақсадли жамғармаларнинг маблағлари, хорижий тижорат банкларининг кредитларини) жалб этган ҳолда амалга ошириладиган объектларнинг капитал қурилишига танлов савдолари ғолиби томонидан қўлланадиган солиқ солиш тизимидан қатъи назар ҚҚС мажбурий тарзда тўланиши назарда тутилади.

 

Кимларнинг соддалаштирилган тизимга аризасиз ўтишига рухсат берилади

Савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ЯСТни солиқ солиш тизимини танлаш ҳуқуқисиз тўлайдилар.

Агар корхоналар аввалги ҳисобот йили якунлари бўйича савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига кирмасалар, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш учун улар ҳисобот йилининг 1 февралидан кечиктирмай солиқ органига ёзма хабарнома беришлари керак. Уни кўрсатилган муддатгача тақдим этмаслик умумбелгиланган солиқларни тўлашга розилик деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 352-моддаси).

Қонун лойиҳасида мазкур меъёрни олиб ташлаш ҳамда илгари савдо ёки умумий овқатланишга ихтисослашган микрофирма ва кичик корхоналарга билдиришнома тақдим этмасдан ЯСТ тўлашни давом эттириш ҳуқуқини бериш таклиф этилади.

 

Қатъий белгиланган солиқни тўлаш тартиби аниқлаштирилади

Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун ўқишни тугатганидан кейин йил давомида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 6 ой уларни қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод қилиш кўринишида имтиёз назарда тутилган. Бироқ, давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 12 ой мобайнида ўз фаолиятини тугатиб, улар фаолиятни амалга оширишнинг бутун даври учун, шу жумладан имтиёзли 6 ой учун ҳам солиқни тўлашлари керак (Солиқ кодексининг 375-моддаси 6-қисми).

Энди эса ушбу қоидани якка тартибдаги тадбиркор-битирувчи ўз фаолиятини 3 ойдан кўпроқ вақтга тўхтатган ҳолда ҳам қўллаш таклиф қилинади.

 

Масалан, коллеж битирувчиси ЯТТ сифатида январда рўйхатдан ўтказилган. Умумий қоидага кўра у январдан июнгача (июнь ҳам киради) қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод қилинган. Бироқ у, айтайлик, фаолиятни сентябрда 4 ойга тўхтатган бўлса, солиқни январдан августгача (август ҳам киради), яъни фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўлаши керак бўлади.

 

Қонун лойиҳасида бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинади.

 

Шуъба корхоналарнинг ходимлари ҳисобланмайди

Бугунги кунда ходимларнинг ўртача йиллик сонини аниқлаш чоғида кичик тадбиркорлик субъектлари ўриндошлар, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишлайдиган шахслар, шунингдек унитар (шуъба) корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишловчиларнинг сонини ҳам ҳисобга оладилар («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси 2-қисми).

Мазкур меъёрда «унитар (шуъба) корхоналарда» формулировкасини қўллаш бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради.

Биринчидан, булар тенг маъноли тушунчалар эмас. Унитар корхона – унга мулкдор бириктириб қўйган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи берилмаган тижорат ташкилоти. Хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқига асосланган унитар корхоналар мавжуд. Бошқа (асосий) юридик шахс бундай жамият қабул қиладиган қарорларни белгилаш ҳуқуқига эга бўлган жамият эса шуъба жамиятдир.

Иккинчидан, шуъба ва асосий жамиятларнинг ўзаро муносабатлари белгиланадиган аниқ мезонлар ўрнатилмаган. Масалан, шуъба корхонанинг устав капиталидаги улушнинг қанча миқдори устувор улуш деб ҳисобланади?

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида ана шу ноаниқлик кўп сонли низоларга, шу жумладан суд низоларига олиб келган.

Шу муносабат билан кўрсатилган Қонун меъёрларидан, шунингдек Солиқ кодексининг 350-моддаси 3-қисмидан «шуъба» сўзини олиб ташлаш таклиф этилади, бу эса амалиётда уларни шарҳлашда ноаниқликларга йўл қўймаслик имконини беради.

 

Олег Заманов, Музаффар Мирзағаниев, «Norma Online» экспертлари.  

Прочитано: 1509 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика