Norma.uz

Ўз қарзимиз учунгина жавоб берамиз

 

Ишнинг моҳияти

1-МЧЖ (сотувчи) ва ХФ (харидор) 2015 йил январида 200 млн сўмга олди-сотди шартномасини тузишди. Унинг шартларига кўра харидор 5 банк куни ичида олдиндан шартнома умумий суммасининг 50%ини, қолган 50%ини эса товар етказиб берилган кундан бошлаб 30 кун ичида тўлаши керак эди. Шартномада назарда тутилган муддатларда харидор олдиндан тўловни амалга оширди, сотувчи ҳам ўз вақтида – февралда унга товарни етказиб берди.

Июнь ойида ХФ олдиндан 1-МЧЖнинг (бундан кейин – кредитор) ёзма розилигини олиб, ўз қарзини 2-МЧЖга ўтказиш тўғрисида битим тузди ва 1-МЧЖни 100 млн сўм қарзни тўлаш масаласи бўйича энди у янги қарздорга (2-МЧЖ) мурожаат қилиши кераклиги тўғрисида хабардор қилди. Кредитор янги қарздорга қарзни тўлаш талаби билан мурожаат қилди. Айни вақтда кредитор етказиб берилган товарга ўз вақтида ҳақ тўламаганлик учун пеня тарзида 20 млн сўм миқдорида неустойка тўлашни талаб қилди. Янги қарздор пеня тўлашдан бош тортди, чунки қарзни ўтказиш тўғрисидаги битимда янги қарздорнинг бундай мажбурияти назарда тутилмаган.

Янги қарздорнинг важларига кўнмаган кредитор 2015 йил июлида хўжалик судига 100 млн сўм асосий қарзни, 1 200 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини тўлаган ҳолда етказиб берилган товарга ўз вақтида ҳақ тўламаганлик учун 20 млн сўм пеняни ундириш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди.

Ишни кўриб чиқишга алоҳида талабларни қўймаган учинчи шахс сифатида ХФ жалб этилди.

 

Кредиторнинг позицияси

– 2015 йил январида биз 200 млн сўмга олди-сотди шартномасини туздик. ХФнинг биздан қарзи қарзни ўтказиш пайтида 100 млн сўмни ташкил этган. Бундан ташқари, олди-сотди шартномасида етказиб берилган товарга ўз вақтида ҳақ тўламаганлик учун пеня назарда тутилган. Чунончи, шартноманинг 8.7-бандига асосан харидор ўз вақтида тўламаганлик учун сотувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,5% миқдорида, бироқ даъво тақдим этилган кунда 20 млн сўмга тенг бўлган тўланмаган сумманинг 20%идан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлаши керак эди.

2015 йил июнида олдиндан ёзма розилигимиз билан ХФ ва 2-МЧЖ ўртасида қарз суммаси – 100 млн сўм миқдоридаги қарзни ХФдан янги қарздорга ўтказиш тўғрисида икки тарафлама битим тузилди. Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг ­315-моддасига асосан биз олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган неустойкани талаб қилишга ҳақлимиз. Низони судгача ҳал қилишга ҳаракат қилиб, биз янги қарздорга 120 млн сўмни ташкил қиладиган асосий қарз ва пеняни тўлашни талаб қилиб мурожаат этдик. Бироқ 2-МЧЖ кўрсатилган суммани тўлашдан бош тортди. Шу боис даъвони қондиришни сўраймиз.

 

Янги қарздорнинг позицияси

– 2015 йил июнида ХФ билан биз ўртамизда ­1-МЧЖнинг ёзма розилиги олингандан кейин фақат қарз суммасида (100 млн сўм) ХФдан қарзни ўтказиш тўғрисида икки тарафлама битим тузилди. Асосий қарз суммасини биз тан оламиз. Бироқ кредиторнинг 20 млн сўм пеняни ундириш талабини асоссиз деб ҳисоблаймиз. Зеро кредиторнинг бундай ҳуқуқи қарзни ўтказиш битимида назарда тутилмаган ва ўтказиладиган қарз суммаси бор-йўғи 100 млн сўмни ташкил қилади. Шу муносабат билан даъво талабларини асосий қарз суммасигача, яъни 100 млн сўмга қадар камайтирилишини сўраймиз.

 

ХФнинг позицияси

– Бизнинг хусусий фирмамиз ва МЧЖ 2015 йил январида 200 млн сўмга олди-сотди шартномасини тузди. Қарзни ўтказиш битимини имзолаш кунида 1-МЧЖ олдидаги қарзимиз 100 млн сўмни ташкил қилган. 2015 йил июнида олдиндан кредитор билан ёзма тарзда аҳдлашиб, янги қарздор (2-МЧЖ) билан бирга 100 млн сўм миқдоридаги қарзимизни янги қарздорга ўтказиш тўғрисида икки тарафлама битимни имзоладик. Биз кредиторга қарзимизни ўтказиш тўғрисида хабарнома ва битим нусхасини юбордик. Ҳақиқатан ҳам, олди-сотди шартномасида етказиб берувчининг етказиб берилган товарга ўз вақтида ҳақ тўламаганлик учун харидордан пеня талаб қилиш ҳуқуқи назарда тутилган.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини учинчи шахснинг фикрини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, кредиторнинг хўжалик судига 100 млн сўм (асосий қарз), 20 млн сўм (етказиб берилган товарга ўз вақтида ҳақ тўламаганлик учун пеня), 1 200 минг сўм (давлат божи), 7 200 сўм (почта харажатлари) миқдоридаги қарзни ундириш даъвоси билан мурожаат қилишига сабаб бўлган, юқорида баён этилган далиллар қисман тасдиқланади деб топди.

ФКнинг 14, 322, 324-моддаларига асосланиб, биринчи инстанция суди қарор қилди:

1) кредиторнинг янги қарздорга нисбатан қарз суммасини ундириш тўғрисидаги даъво талаблари қисман қондирилсин ва янги қарздордан кредитор фойдасига 100 млн сўм ундирилсин;

2) Хўжалик процессуал кодексининг 95-моддасидан келиб чиқиб, жавобгардан даъвогар фойдасига суд харажатлари: 1 млн сўм миқдорида давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатлари ундирилсин.

Биринчи инстанция судининг юқорида баён этилган далилларини ҳисобга олиб, апелляция ва кассация инстанциялари судлари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

Юрист шарҳи

ФК 322-моддасининг 1-қисмига кўра қарздорнинг ўз қарзини бошқа шахсга ўтказишига фақат кредиторнинг розилиги билан йўл қўйилади. 100 млн сўм қарзни ўтказишга розиликни кредитор берган. Қарз миқдори уни ўтказиш тўғрисида битим билан белгиланган ва 100 млн сўмни ташкил қилган. Шу боис суднинг ҳал қилув қарорига кўра асосий қарз ундирилган.

ФК 324-моддасининг 1-қисмига асосан қарздор мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредиторга етказилган зарарни тўлаши шарт. ФК 333-моддасининг 1-қисмига кўра қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.

Келтирилган вазиятда янги қарздорда етказиб берилган товар ҳақини тўлашни кечиктирганлик учун айб ва жавобгарлик мавжуд эмас, чунки шартнома бўйича ушбу шартномавий мажбуриятни бажармаганлик учун дастлабки қарздор жавоб берган.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд даъво талабларини қисман қондириш тўғрисида тўғри қарор қабул қилган.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, қарзни ўтказишга розилик беришдан олдин кредитор дастлабки қарздордан қарзни ундириш масаласини ҳал этиши лозим эди. Бунинг учун у билан қарзни судгача тартибда ундириш тўғрисида битимни имзолаш ёки пеняни суд орқали ундириш ёхуд дастлабки қарздордан қарзни ўтказиш тўғрисидаги битимга унинг суммасига пеня миқдорини ҳам киритишни талаб қилиш керак эди. Ушбу ҳолда кредиторнинг судга мурожаат қилиши ва суд харажатларини тўлашга ҳожат қолмас, тарафлар эса низони судгача тартибда ҳал қилишлари мумкин бўлар эди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1468 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика