Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 30 / Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!

Ўзбекистон экспорт салоҳияти юксалмоқда

 

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий автомобиллар, телекоммуникация ускуналари, компьютер техникаси, кенг турдаги маиший электроника маҳсулотлари, жаҳонга машҳур матолару, улардан тайёрланаётган кийим-кечакларга дунё ҳавас қилмоқда.

 

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида саноат корхоналарини ташкил этиш, хусусий тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотларини экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш, маҳсулотларини экспортга йўналтириш, қўшимча иш ўринларини яратиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар иқтисодиётнинг барқарор суръатлар билан ўсишига, мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти изчил юксалишига хизмат қилаётир.

Дарҳақиқат, «Made in Uzbekistan» ёрлиғи туширилган маҳсулотларимиз дунё бозорларидан мустаҳкам жой олмоқда. Корхоналаримиз жаҳонга қарийб барча турдаги товарларни – озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, қурилиш материалларидан тортиб юқори технологияли замонавий техникаларгача таклиф этмоқда. Халқаро андозалар асосида ишлаб чиқарилаётган бу маҳсулотлар юксак сифати билан хорижлик истеъмолчиларга манзур бўлмоқда.

Ушбу соҳадаги ишларни янада ривожлантириш, мамлакатимиз корхоналарини экспорт фаолиятига жалб этиш, уларнинг маҳсулотларини ташқи бозорларга йўналтириш, миллий маҳсулотлар экспорти салоҳиятини юксалтиришда ­Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўз филиалларига эга бўлган мазкур жамғарма тадбиркорларнинг халқаро кўргазма ва ярмаркаларда, бизнес-форум ва кооперацион биржаларда иштирок этиши, чет эллик ҳамкорлар топиши ва шартномалар тузиши, хорижий давлатлар қонунчилигига мувофиқ лицензия ва сертификатлар, бошқа рухсатномалар олишида ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий кўмак кўрсатмоқда. Жамғарма томонидан юздан ортиқ хорижий ташкилот билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотларини экспорт қилишида муҳим аҳамият касб этаётир.

Жорий йилнинг биринчи ярмида жамғарма 1 646 тадбиркорлик субъектига маҳсулот ва хизматларни экспорт қилишда ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий ёрдам кўрсатди. Амалга оширилган ишлар натижасида умумий қиймати 1 млрд 320 млн долларга тенг экспорт шартномалари имзоланди.

Жамғарма билан ҳамкорлик қилаётган тадбиркорлар йил сайин кўпайиб бормоқда. Жорий йилда бундай тадбиркорлар сафи 164 тага кенгайди. Экспорт қилинган маҳсулотлар ҳажми 26 фоиз ўсди. 2016 йилнинг охирига бориб, 4 000 тадбиркорга кўмак кўрсатиш, экспорт ҳажмини ўтган йилга нисбатан 50 фоизга ошириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 16 мартдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликлари салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Унга мувофиқ, жамғарма устав капитали 5,3 млрд сўмдан 10 млрд сўм ва 2 млн долларга оширилди. Жамғармага хорижий давлатларда ўз ваколатхоналарини очиш ҳуқуқи берилди. Мазкур ташкилот хизматлари учун тўланадиган комиссия тўловлари 3 фоиздан 1 фоизга туширилди. Буларнинг барчаси тадбиркорларга янада кенгроқ молиявий кўмак кўрсатишга хизмат қилмоқда.

Жамғарма кўмагида мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари чет элларда ўтказилаётган йирик халқаро кўргазма ва ярмаркаларда фаол иштирок этиб, ўз маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш, экспорт географиясини кенгайтириш, харидорлар топиш ва шартномалар тузишга муваффақ бўлмоқда. Хусусан, жорий йилнинг январь–июнь ойларида 120 тадбиркор Германия, Франция, Туркия, Туркманистон, Қозоғистонда озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ўтказилган қатор халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этди. Тадбирлар доирасида 59,5 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди.

Айни пайтда «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда жорий йилнинг 20–23 сентябрь кунлари Москва шаҳрида ўтказиладиган «Текстильлегпром–2016» халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ярмаркасида тадбиркорларимизнинг иштирокини ташкиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида хорижий харидорлар, йирик халқаро савдо мажмуалари вакилларининг мамлакатимизнинг барча ҳудудларига ташрифи, тадбиркорларимиз билан учрашувлари ўтказилмоқда. Жорий йилнинг февраль ойида Фарғона вилоятида Латвия, Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатларнинг ташкилотлари, йирик савдо мажмуалари вакиллари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди. Тадбир доирасида тадбиркорларимиз томонидан қиймати 150 миллион доллардан ортиқ бўлган экспорт шартномалари имзоланди. Май ойида Корея Республикасининг йирик савдо тармоғи – «Lotte Mart» компанияси вакиллари Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатимизнинг озиқ-овқат, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарида музокаралар ўтказди. Жанубий Кореяга қовун, гилос, анор ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 12–16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида фаол иштирок этди. Мазкур ярмаркада ушбу ташкилот кўмагида мамлакатимиздаги олтмишдан зиёд корхона мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти бўйича қиймати қарийб 490 млн АҚШ доллари бўлган 65 шартнома имзолади.

Ҳозир жамғарма томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг турларини тизимли асосда таҳлил қилиш, уларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлик даражасини аниқлаш, экспортга ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон ва минтақавий бозорлардаги талаб ва эҳтиёжга мослигини таъминлашга қаратилган маркетинг изланишлари олиб борилмоқда. Экспортчи корхоналарнинг имкониятларини ўрганиш, муаммоларини бартараф этиш, ишлаб чиқарувчиларни экспорт фаолиятига кенг жалб қилишга бағишланган учрашувлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

 

Жамғарма томонидан амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилишни янада кенгайтиришга, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилаверади.

 

ЎзА материаллари асосида тайёрланди. 

Прочитано: 2419 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика