Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 20 / Жамоатчилик назорати

Чинор учун ким жавоб беради

 

Интернет нашрларида бугунги кунда дарахтларни кесиш ва уларга шикаст етказиш масалалари фаол муҳокама қилинмоқда. Бундай ҳолларда ваколатли давлат органига мурожаат этиш қанчалик муҳимлиги ҳақида ушбу мақоламизда сўз юритамиз.

 

Болалар боғчаси ҳудудидаги кўп йиллик чинорни кесиб ташлашди. Бу 70 яшар жуда соғлом дарахт эди. Ундан қолган тўнканинг биронта қурт еган жойи йўқ. У болалар майдончасига соя солиб турарди, энди эса офтоб тобида қолди. Мен туман фуқароси сифатида нима учун чинорни кесиб ташлаганликларини, бунга рухсатномалари бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида кирганимда боғча мудираси аввалига унга касал теккан эди дея изоҳ берди. Бироқ на маълумотномаларни, на рухсатномани кўрсатди. Кейин эса мен бегона киши эканлигимни, бу менинг ишим эмаслигини айтди. Аммо илгари мен, кейин фарзандларим шу боғчага қатнаганмиз. Умр бўйи қўшни уйда яшаб келмоқдамиз. Шу боис бу ҳолатга индамай қараб туролмайман. Бу ишга аралашиш ва мудирага нисбатан қандайдир таъсир ўтказишнинг қонуний усуллари борми?

Лиля.

 

Сўрашга ҳақлимиз

Ўзбекистон Конституциясининг ­55-моддасига мувофиқ, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Ушбу соҳадаги умуммиллий ҳуқуқларимизни муҳофаза этувчи жуда муҳим қонун ҳужжатларидан бири «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонун ҳисобланади. Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, экологик назорат соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атроф муҳитни яратиш, экологик назорат тизимини шакллантириш ва ривожлантиришдан иборат.

Унинг объектлари қуйидагилардан иборат: ер, ер ости бойликлари, сувлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси; атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи табиий ва техноген манбалар; атроф муҳит ифлосланишига ва табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолият, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик (Қонуннинг 7-моддаси).

Экологик назорат субъектлари, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлардан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ҳисобланади (Қонуннинг 8-моддаси). Ҳар бир фуқаро, хусусан, қуйидаги ҳуқуқларга эга: атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб боришни амалга ошириш; атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзи томонидан аниқланган факти тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиш; атроф муҳитнинг ҳолати, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган фактни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қилиш ва ахборот олиш (Қонуннинг 17-моддаси).

Шу сабабли боғча мудираси болалар боғчаси ҳудудидаги дарахтнинг кесилишига бегона кишининг алоқаси йўқ деб айтишга ҳақли эмас. Барчамиз ва алоҳида ҳолда ҳар биримиз экологик тоза шаҳарда яшашга, ўсимлик ­дунёси бизга туҳфа этадиган мусаффо атмосфера ҳавосидан нафас олишга ҳақлимиз.

«Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси 1-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг мутлақо мулкига ўсимлик дунёси киради. Бинобарин, давлатга қарашли (ва нафақат давлатга қарашли) болалар боғчаси ҳудудида ўсувчи барча дарахтлар давлат мулки ҳисобланади ва ҳар бир фуқаро қонун билан берилган ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда экологик назоратни амалга оширишга ҳақли.

Шу боис фуқаро масъул мансабдор шахсга (болалар боғчаси мудирасига) дарахтни кесиш сабаби ва бунга рухсатноманинг бор-йўқлиги ҳақида ахборот олиш учун мурожаат этиб жуда тўғри иш қилган.

Бунинг устига, БОЛАЛАР муассасасидаги соғлом экологик вазият ҳақида сўз боряпти. Зеро экологлар ифлосланган атмосфера ҳавоси 14 ёшгача бўлган болаларга кўпроқ салбий таъсир кўрсатишини қайд этадилар.

 

Қаерга мурожаат этиш зарур

Экология бузилиши масалалари юзасидан мурожаат этиш мумкин бўлган давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари кўп, булар: прокуратура, суд, ҳокимлик, маҳалла, «Экосан» халқаро жамғармаси, Ўзбекистон Экология ҳаракатидир. Бироқ экологик назоратни амалга ошириш ваколатига эга бўлган давлат органига мурожаат қилиш кўпроқ самара беради. Табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат назорати ҳамда тармоқлараро бошқарувни амалга оширувчи, идоралардан устун турувчи ва мувофиқлаштирувчи бундай махсус ваколатли орган деб Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (бундан кейин – Қўмита) белгиланган1.

Айнан у экология тизимлари, табиий генофонд, биологик мувозанатнинг, атмосфера ҳавосини, ер усти ва ер ости сувларини, тупроқни ифлослантирувчи манбаларнинг, ўсимлик дунёси (шу жумладан, ўрмонлар) ва биологик сув объектларининг, ёввойи ҳайвонлар яшаш муҳитининг ҳолати назоратини олиб боради (Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисида низомнинг 13-банди).

Қўмита ваколатларига, хусусан, қуйидагилар киради:

ўсимлик дунёсидан фойдаланиш, шу жумладан дарахтларни кесишга рухсатнома бериш2;

ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, қайта тиклаш ва ундан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви;

юридик ва жисмоний шахсларга табиатни ифлослантириш ва ундан оқилона фойдаланмаслик натижасида етказилган зиён учун зарарни қоплаш тўғрисида даъво билдириш;

ундирилган суммаларни табиатни муҳофаза қилиш жамғармалари ва бюджетдан ташқари махсус ҳисобрақамларга ўтказиш;

табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материалларни кўриб чиқиш ҳамда айбдор шахсларга жарима ва бошқа маъмурий жазо қўллаш, зарурий ҳолларда материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кўриб чиқиши учун тақдим этиш.

Ушбу давлат органининг ваколатларини ҳисобга олган ҳолда, шу каби барча ҳолларда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат этишни тавсия қилиш мумкин. Бунинг учун унинг uznature.uz расмий сайтига кириш ёки ишонч телефони орқали қўнғироқ қилиш мумкин.

 

Жавоб беришлари шарт

Экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Чунончи, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасига кўра, ердан, ер ости бойликларидан, сувдан, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ёхуд ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бевосита ёки яширин шаклда бузувчи битимлар тузиш ёки бошқа ҳаракатлар содир этиш, табиатдан махсус фойдаланиш ҳуқуқини бошқаларга бериш, худди шунингдек ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш фуқароларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

МЖТКнинг 162-моддасида назарда тутилишича, айрим жойларда иморат қураётганда шу ерда ўсиб турган дов-дарахтларга шикаст етказиш, уларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаш ёки бошқа жойга кўчириш, шунингдек фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ўз ихтиёрларидаги дов-дарахтларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаслиги фуқароларга ЭКИҲнинг 1/3 қисмидан 1 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жиноят кодексининг 202-моддасида эса янада жиддий жазо чоралари – озодликдан маҳрум этиш чорасигача назарда тутилган. Уларни қўллаш учун айбдорга нисбатан маъмурий жазо қўлланган бўлиши талаб этилмайди.

Бундан ташқари, Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 20.10.2014 йилдаги 290-сон Қарорига 1-илова) 14-иловада Ўзбекистон ҳудудида дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлаш билан ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ундириш миқдорини ҳисоблаш учун коэффициент белгиланган.

 

ҚЎМИТА ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ БЎЛИНМАЛАРИ
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ:

 

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

 

(371) 236-26-66

 

Тошкент ш.

 

(371) 277-75-43

 

Тошкент вилояти

 

(371) 268-33-29

 

Қорақалпоғистон Республикаси

 

(361) 224-21-86

 

Андижон вилояти

 

(374) 237-04-32

 

Бухоро вилояти

 

(365) 225-31-04

 

Жиззах вилояти

 

(372) 222-40-79

 

Қашқадарё вилояти

 

(375) 221-09-59

 

Наманган вилояти

 

(369) 227-93-38

 

Навоий вилояти

 

(436) 225-36-21

 

Самарқанд вилояти

 

(366) 229-37-77

 

Сурхондарё вилояти

 

(376) 221-42-07

 

Сирдарё вилояти

 

(367) 225-12-52

 

Фарғона вилояти

 

(373) 244-62-00

 

Хоразм вилояти

 

(362) 227-27-48

 

 

P.S.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар бўлинмасига мурожаат қилинганидан сўнг бироз вақт ўтгач, фуқаро болалар боғчаси мудирасига маъмурий тартибда жарима қўлланганлигини бизга маълум қилди. У кесилган дарахт қийматини ҳам қоплаган.

 

Зумрад Ниёзметова,

адвокат.

 

Манба: norma.uz.

 


1Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисида низомнинг (Олий Мажлиснинг 26.04.1996 йилдаги 232-I-сон Қарори билан тасдиқланган) 1-банди.

2Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш турларига дарахт ва буталарни кесиш ҳам киритилганЎсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси).

Прочитано: 1782 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика