Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 20 / Сизнинг ҳуқуқингиз

Низом Қонунга зид келиб қолганда

 

Бизнинг МЧЖ Қаршида рўйхатдан ўтказилган. Асосий фаолияти юк ташиш ва логистика. Фирма ходимлари учун Ангренда хизмат квартираси харид қилинган, ундан хизмат сафарлари вақтида турар жой сифатида фойдаланилган.

2015 йилда МЧЖ ихтиёрий тугатишнинг барча таомилларидан ўтди. Барча асосий воситалар, шу жумладан хизмат квартираси ҳам, қолдиқ қиймати бўйича ягона муассис – жисмоний шахсга қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида берилди. Бироқ Ангрен шаҳар рўйхатдан ўтказиш органлари собиқ хизмат квартирасини МЧЖ балансидан олиб, ягона муассис номига қайта рўйхатдан ўтказишдан бош тортишяпти, рад жавобларини батафсил изоҳлашмаяпти.

Кадастр хизматининг тугатилган корхонага тегишли бўлган квартирани қайта рўйхатдан ўтказишдан бош тортиши қанчалик қонуний?

И.Узоқов.

 

– Тушунишимизча, муассисда Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий прописканинг йўқлиги квартирага мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишни рад этишнинг сабаби бўлган. Шу муносабат билан қонун ҳужжатларининг бир қатор нормаларини таҳлил қиламиз.

Фуқаролик кодексининг 55-моддаси 9-қисмида белгиланишича, юридик шахснинг кредиторлар талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулки унинг шу мол-мулкка ашёвий ҳуқуқларга ёки ушбу юридик шахсга нисбатан мажбурий ҳуқуқларга эга бўлган муассисларига (иштирокчиларига), агар қонун ҳужжатларида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, топширилади. Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 8-моддасида ҳам МЧЖ иштирокчиларининг жамият тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг бир қисмини ёки унинг қийматини олиш ҳуқуқи қайд этилган. Ушбу нормалар муассисда квартирага мулк ҳуқуқи вужудга келишининг қонунийлиги тўғрисида гувоҳлик беради.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – 41-сон Низом) 9-бандида белгиланишича, Тошкент вилоятида олди-сотди битимларини, алмаштириш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилишни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар сотиб олувчи томон:

Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахс ҳисобланса;

Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудида камида 3 йил доимий яшаб турган (лавозимда бўлган), Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинадиган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхатининг (14.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган) 2, 5, 9–11-бандларига мувофиқ, Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган жисмоний шахс ҳисобланса ва ички ишлар органининг доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этса.

Рўйхатнинг 8-бандига кирадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий пропискага эга бўлмаган ҳолда расмий алоқа йўллари орқали тегишли давлат нотариал идорасига юбориладиган доимий прописка қилиш ҳуқуқи тўғрисида ички ишлар органининг маълумотномаси асосида турар жой сотиб олиш ҳуқуқига эгадирлар. Улар илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқаролар – ўқишни, ишни, узоқ муддатли хизмат сафарини тугатганидан, шунингдек озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилганидан кейин доимий яшаш учун тегишинча Тошкент шаҳрига ва Тошкент вилоятига қайтиб келган фуқаролардир.

Бироқ сизнинг ҳолатда 41-сон Низомда кўрсатилган битимларнинг бирортаси амалга оширилмаган, балки муассисга кредиторларнинг талабларини қондиргандан кейин қолган жамият мол-мулки (квартира) қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича топширилган. Тегишинча, 41-сон Низом нормаларини мазкур битимга нисбатан қўллаб бўлмайди.

Муассисда квартирага доир мулк ҳуқуқи МЧЖ тўғрисидаги Қонун нормаларига мувофиқ вужудга келганлигини, қонуности ҳужжати – 41-сон Низомда эса юқорида кўрсатилган битим тури саналмаганлигини ҳисобга олиб, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри органининг муассисда Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида прописканинг йўқлиги туфайли мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишдан бош тортишини тўғри эмас деб ҳисоблайман. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 7.01.2014 йилдаги 1-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – ­1-сон Низом) 51-банди ҳам бундай рад этишнинг нотўғрилигини кўрсатади, унда бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асосларнинг қуйидаги батафсил рўйхати назарда тутилган:

давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу бино ёки иншоотнинг мансублиги масаласида низо борлиги ҳақида гувоҳлик берувчи ҳужжатларнинг мавжудлиги;

жойдаги текширишлар жараёнида ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда бино ва иншоотлар қуриш, шунингдек бино ва иншоотларни қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда реконструкция қилиш ҳолларининг аниқланиши;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузилган маълумотлар топилиши.

Ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни бошқа асослар бўйича, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмаслик баҳонаси бўйича рад этишга йўл қўйилмайди. Бу ҳам, тегишинча, нотўғри деб ҳисобланади.

1-сон Низомнинг 117-бандига кўра, юридик ва жисмоний шахслар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг қарори юзасидан суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

 

Эльмира Сиразиева,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1724 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика