Norma.uz

Инновациялар – иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг муҳим омили

 

Тошкентда IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси якунланди

 

Анъанавий инновацион ярмарка Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 4 мартдаги «2015–2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармонида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ҳамда технологик қайта жиҳозлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказилди.

 

Инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, миллий инновация тизимини ривожлантириш, юқори самарали технологияларни жорий этишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, илм-фан ҳамда техниканинг устувор йўналишларини жадал ривожлантириш мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидандир. Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига (15.07.2008 йилдаги ­ПҚ-916-сон) мувофиқ ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси давлат, илм-фан, ишлаб чиқариш ва бизнеснинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини самарали бирлаштириш, инновация жараёни иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг барча даражадаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Анжуманда вазирлик ва идоралар, иқтисодиётимизнинг барча тармоқларида фаолият кўрсатаётган давлат ҳамда хусусий корхоналар, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий муассасалари, олий ўқув юртлари, илмий ва инновация марказлари, шунингдек, олим ва ихтирочилар иштирок этди. Тадбирда ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, ресурсларни тежаш, маҳаллий хом ашёдан фойдаланиш, импорт ўрнини босиш ва экспорт кўламини кенгайтиришга қаратилган 650 дан зиёд янги технология, ишланма ҳамда ғоялар тақдим этилди. Ярмарканинг ўтказилиши самарасида бу янгиликларнинг аксарияти яқин вақт ичида саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот технологиялари, илм-фан ва таълим соҳаларида кенг қўлланилади.

Аввалги ярмаркалардан фарқли равишда, бу галги тадбирда ташкил этилган «Экотехнология» бўлимида мамлакатимиз олимлари томонидан яратилган ва жорий этишга тайёр 40 истиқболли ишланма намойиш этилди. Жумладан, ёш олим Илёс Худойназаровнинг «Биосалвент» ишланмаси шўрланган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сувни тежаш ва тупроқ унумдорлигини оширишга мўлжалланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси корхоналари илмий-тадқиқот институтлари, ташкилот ва компаниялар билан қиймати 300 млн сўмликдан ортиқ қатор шартномалар тузди. Масалан, «Ўзбекнефтгаз» МХК билан гидрогеологик қудуқларда ерости сув сатҳи ва ҳароратини автоматик ўлчаш қурилмасини ўрнатиш учун келишувга эришилди.

Ярмарка олий ўқув юртларининг илм-фан соҳасидаги инновацион салоҳияти ҳам йил сайин юксалиб бораётганини кўрсатди. Мамлакатимиз олий таълим муассасаларида ўтказилаётган тадқиқотлар тармоқ ва корхоналарнинг муайян эҳтиёжларига хизмат қиладиган ва аҳамиятга молик кўплаб вазифаларни ҳал этишга қаратилгани билан ғоят муҳимдир. Юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва уларни ишлаб чиқариш жараёнига жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бунга яққол мисол бўла олади. Хусусан, ярмаркада фаол иштирок этган Ўзбекистон Миллий университети бундай ҳамкорлик самарасида янгиликларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича қарийб 300 млн сўмлик шартнома тузди. Олий ўқув юртининг ўқитувчи-профессорлари ва талабалари биргаликда ишлаб чиққан электрон намликни ўлчаш асбоби ва переферик кўктомирларни кўриш учун мўлжалланган мослама катта таассурот қолдирди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермер хўжаликларини ривожлантиришга хизмат қиладиган технологиялар мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ярмаркага келган иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. Ярмаркада намойиш этилган истиқболли «Фаровон» сабзи нави фарғоналик фермер Муҳиддин Сайдалиевнинг эътиборини тортди. Бу нав гектаридан 50–60 тонна ҳосил олиш, сабзи уруғини четдан келтиришни камайтириш имконини беради.

Шунингдек, ярмарка давомида иштирокчилар мамлакатимизда инновацион иқтисодиётни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама этиш имкониятига эга бўлди. Шу муносабат билан ўтказилган иккинчи Тошкент халқаро инновация форумида инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, олий таълим соҳасида инновацияларнинг ўрни, инновацион иқтисодиёт учун ахборот оқимини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Ярмарка доирасида ёш дизайнерлар томонидан яратилган либослар намойиш қилинди, ёш олим ва талабалар «Робот-шоу» ташкил этди.

Якунланган IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш механизмини янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган илмий ҳамда инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ўз самарасини бераётганини яна бир бор тасдиқлади. Олимларимиз томонидан яратилган илғор технология ва ишланмаларнинг жорий этилиши натижасида импорт ўрнини босадиган ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгаймоқда, янги иш ўринлари ташкил этилмоқда. Буларнинг барчаси инновацион фаолият мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий тараққиётида муҳим омил бўлаётгани ифодасидир.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 2559 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика